14 мая 2021

Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзода бошчилигидаги делегация 14 май куни Ўзбекистонга ташриф буюради.

Бу ҳақда маълумот тарқатган Ўзбекистон бош вазири матбуот хизматига кўра, қўшни давлат расмийлари Тошкентга Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ўртасида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 14-15 май кунлари бўлиб ўтадиган 8-йиғилишида иштирок этиш учун келмоқда.
Тожикистон ҳукумат делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи дастуридан Тошкент шаҳридаги бир қатор саноат объектлари фаолияти билан яқиндан танишиш ўрин олган.
Айни пайтда жума ва шанба кунлари бўлиб ўтажак Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши якунлари бўйича қатор ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.
Қўшни давлат расмийларининг Тошкентга сафари масаласи Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ўртасида 13 май куни бўлиб ўтган телефон мулоқоти чоғида ҳам муҳокама қилинган.
Мулоқот чоғида Ш. Мирзиёев ва Э. Раҳмон Марказий Осиёда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашнинг муҳим омили сифатида Тожикистон-Қирғизистон чегарасидаги вазият барқарорлашганини мамнуният билан қайд этганлар.
Рамазон ҳайити куни Ўзбекистон президенти Қирғизистон президенти билан ҳам телефон орқали мулоқот қилгани хусусида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.

Комментарии