7 авг 2023

Тожикистонда рўй берган автоҳалокат натижасида 10 киши ҳаётдан кўз юмди

Тожикистоннинг Хатлон вилояти Кўлоб шаҳрига киришда 6 август оқшомида рўй берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 10 киши ҳалок бўлган, 11 киши жароҳатланган.

Озодликнинг тожик хизмати хабарига кўра, юк машинаси ҳайдовчиси айби билан (автомобиль тормози ишламай қолган) содир бўлган аварияда ёшлари 49 дан 59 гача бўлган уч аёл, 14 яшар ўсмир ва ёши 26 гача бўлган олти киши нобуд бўлган.

“Автоҳалокат натижасида 8 киши воқеа жойининг ўзида, икки нафари эса касалхонада вафот этган. 11 нафар жабрланувчи врачлар назорати остида бўлиб, улардан икки нафарининг аҳволи оғир”, дея билдирган Кўлоб ҳудуди соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбари Шарофиддин Рустамов 7 август куни Озодлик радиосига.

Маълумотларга кўра, қурбонларнинг уч нафари авария бўлган жойга яқин уй деворини юк машинаси бузиб кириши натижасида ўлган. Бу уйда авариядан бир кун аввал тўй бўлгани айтилмоқда. Қолган қурбонлар автоҳалокатга йўлиққан машиналар ичида бўлган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги қайдича, аварияга сабаб бўлган “Дулан” русумли юк машинаси “Кафолат Воридоту Содирот” ширкатига тегишли бўлган. Ҳодиса тергови билан мамлакат Бош прокуратураси шуғулланмоқда.

Комментарии