10 авг 2023

Мирзиёев ва Путин бир нечта қўшма форум ўтказиш масласини муҳокама қилди

Президент Шавкат Мирзиёев 9 август куни ҳамкасби Владимир Путин билан телефон орқали мулоқотида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик ҳамда иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, мулоқот чоғида савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва фаол гуманитар алмашинувни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.

“Икки мамлакат етакчилари бўлажак тадбирлар режасини ҳам кўриб чиқиб, яқин муддатларда қўшма Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини, Ўзбекистон-Россия ҳудудлар, таълим ва медиа форумларини ўтказиш муҳимлигини таъкидладилар”,- дейилади хабарда.

Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг ғарб санкцияларига учрагани фонида Москва ва Тошкент алоқалари мустаҳкамланиб бораётганини кузатиш мумкин.

Ўзбекистон Статистика агентлиги ҳисоботида қайд этилишича, 2023 йил 1 июнь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижий капитал иштирокидаги корхона ва ташкилотлар сони 12 807 тани ташкил этган. Улардан 2 884 таси Россия, 1 823 таси Хитой, 1 771 таси Туркия ва 957 таси Қозоғистон капитали ҳисобига очилган.

Айни пайтда январь-май ойларида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 25,8 миллиард доллар бўлди. Унинг 4,5 миллиарди Хитой ва 3,8 миллиарди Россия ҳиссасига тўғри келади. Россия январь-май ойларида Ўзбекистон импортида Хитойдан (3,7 млрд доллар) кейинги иккинчи ўринда (2,8 млрд доллар) бормоқда. Ўзбекистон экспортида эса Россия 986,3 млн долларлик улуш билан биринчи, Хитой 823 млн доллар билан иккинчи ва Қозоғистон 576,7 млн доллар билан учинчи поғонада бормоқда.

Жорий йилнинг 25 апрель куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентга “Иннопром. Марказий Осиё” халқаро саноат кўргазмасида иштирок этиш учун келган Россия бош вазири ўринбосари, саноат ва савдо вазири Денис Мантуров билан учрашган эди. Учрашув чоғида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Россиянинг етакчи ишлаб чиқарувчилари билан саноат кооперациясини янада чуқурлаштириш муҳимлигини таъкидлаганди.

Шу билан бир қаторда Европа Иттифоқи сўнгги бир йилда Марказий Осиё давлатларидан Россияга экспортнинг 300 фоизга кўпайганидан ташвиш билдирган. Европа Иттифоқи фикрича, Россияга экспортнинг кескин кўпайиши Марказий Осиё давлатларининг Москвага санкцияларни четлаб ўтишга кўмаклашаётгани билан боғлиқ бўлиши эҳтимол.

Комментарии