10 авг 2023

Уруш бошидан бери Украинани 9 млн чоғли киши тарк этди

Россия қўшинлари Украинага бостириб кирган 2022 йил февралидан буён мамлакатни 9 миллионга яқин фуқаро тарк этган. Уларнинг олти миллиондан кўпроғи ҳали ҳам хорижда қолмоқда. Чет элда бўлган украиналикларнинг икки миллиони ватанига қайтишни истайди. Бу ҳақда АҚШнинг Wall Street Journal нашри БМТ ҳисоботига таянган ҳолда хабар қилди.

БМТ қайдича, 350 мингга яқин украиналик ўз мамлакати ҳудудига қайтган, бироқ ўз уйларига қайтолмай, кўчирилган шахс мақомида қолган

Украина Иқтисодиёт вазирлиги ҳисоб-китобига кўра, хорижга кетган ҳар 100 минг украиналик мамлакат ЯИМни 0,5 фоизга камайтирмоқда, деб ёзган WSJ. Ҳозирда ватанига қайтаётганлар тўлқини асосан хорижда барқарор иш ва тураржой топа олмаганлардан ёки мамлакатда яқин қариндошларини ташлаб кетганлардан иборат. Иқтисодиёт вазирлиги иқтисодиётни рағбатлантириш учун яқин 10 йил ичида 4,5 миллион иш ўрни яратиш ниятида.

Ғарб мамлакатлари Украина иқтисодиётини тиклашга Россиянинг хориждаги музлатилган активларини йўналтириш имкони туғилишига умид қилишмоқда. Хусусан, Европа Иттифоқи Киевга 300 миллиард доллар миқдорида маблағ ўтказиб бериш схемасини ишлаб чиқишни режалаяпти. Бироқ маблағларни мусодара қилиш учун қонуний механизм ҳали топилгани йўқ.

Кремль, агар хорижий мамлакатлар Россиянинг музлатилган активларидан Украинани дастаклаш учун фойдаланишга қарор қилишса, бу каби қадам Москва томонидан том маънодаги ўғирлик ўлароқ баҳоланишини билдирган. Россия президенти ЕИ таклифини халқаро савдо-сотиқ тартиб-қоидалари ва меъёрларининг бузилиши, деб атаган.

Комментарии