Шеърият мулкининг султони, ҳазрат Алишер Навоий туғилган кунга 572 йил бўлди.
“Беш асрдан буён назмий саройни титратаётган” Алишер Навоий ижодига бағишлаб 9 феврал куни Ўзбекистонда бир қанча тадбирлар бўлиб ўтди.9 феврал куни Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги боғда навоийшунос олимлар, шоиру ёзувчилар шоир ҳайкали пойига гуллар қўйди, шоир ғазалларидан намуналар ўқилди.
Филология фанлари доктори, навоийшунос олима Суйима Ғаниеванинг айтишича, 8 феврал куни Тошкентда Навоий ижодини ўрганишга бағишланган 57-халқаро илмий конференция ўтказилди:
- Бу конференция 1957 йилдан буён ўтказиб келинади. Шу йиллар давомида бу конференцияларда хорижий давлатлардан ва яқин қўшниларимиздан келган юзлаб олимлар иштирок этган. Бу конференцияларда Навоий ижоди талқин қилинган 660 та доклад йиғилди. Ҳозир ана шу илмий изланишларни китоб қилиб чиқариш ниятидамиз, - дейди профессор Суйима Ғаниева.
Навоийшунос олиманинг айтишича, ХV асрда яшаган Навоий албатта, тасаввуфдан четда бўлиши мутлақо мумкин эмас эди, лекин Навоийда ўз фикрлари ва ақидаларини айтиш йўли сал бошқача бўлган:
- У муҳаббат ҳақида гапирса, инсон ҳақида гапирса, мажозий ҳақиқат йўлида гапирарди. Навоий айтардики:
“Бўлмаса ишқ, икки жаҳон бўлмасин,
Икки жаҳон демаки, жон бўлмасин”
Яъни, Навоий айтмоқчики, мажозий ишқ босқичини ўтмаган, инсонга муҳаббати бўлмаган одам ҳеч қачон Аллоҳга муҳаббат сари кўтарила олмайди,- дейди олима.
Суйима Ғаниеванинг айтишича, бизнинг асримиз учун долзарб бўлган масалаларни Навоий ўз асарларида башорат қилган ва авлодни огоҳлантирган эди:
- Масалан, “Садди Искандарий” асаридаги Искандарнинг Ҳиндистонга борганда, уни ҳинд подшоси қабул қилиб, “лашкар ҳам кирсин, сиз ҳам киринг, пойтахт сизники” деганда Навоийнинг Искандари, “раъият устига, яъни аҳоли устига лашкар киритиб бўлмайди”, дейди. Мана шу масала бугун ойдин бўлиб қолди. Биз Афғонистонга киритилган лашкарнинг фожиали оқибатларини 35 йилдан буён кўриб келмоқдамиз, - дейди навоийшунос олима.
Профессор Суйима Ғаниеванинг айтишича, Ўзбекистонда Навоий ижодини ўрганиш ва унинг асарларини чоп қилиш учун ҳаракатлар давом этмоқда.
Ўтган йили Алишер Навоийнинг 10 томлик асарлари нашр қилинди. Бироқ, адабиётшунос олимларнинг айтишларича, ўттиз миллион ўзбекистонлик учун Навоий асарларининг бор-йўғи 3 минг нусхада нашр этилиши жуда ачинарли ҳолдир.
Исми сир қолишини сўраган ва Озодликка микрофонсиз гапирган ўзбекистонлик адабиётшунослардан бирига кўра, навоийшунос олимларга эътибор деярли йўқ:
- Илгари биз илмий асарларимизни китоб қилиб чиқарсак, жуда чиройли қалам ҳақи олардик. Ҳозир энди китобнинг муқоваси учун ҳам, қоғози учун ҳам, компютердаги хизмати учун ҳам ёнимиздан ҳақ тўлаймиз. Мана, Навоийнинг 10 томлиги нашр қилинди. Ўша китобга ишлаган навоийшунос олимларимиз гўёки масжидга ишлади. Бир тийин беришмади. Нусхаси ҳам атиги уч мингта. Бу кутубхоналарнинг ярмига ҳам етмайди. “Навоийни қадрлаймиз, у буюк шоир, бизнинг фахримиз”, деб жар соламизу, лекин бунинг ҳаммаси оғизда ва ҳайбаркаллачилик. Коммунистлар даврида Навоий ижоди мустақиллик йилларига нисбатан анча яхши ўрганиларди ва олимларнинг ҳам қадри бор эди, - дейди навоийшунос олимлардан бири.
Ўзбекистонда Навоий туғилган кун байрам қилинаётган бир пайтда, унинг Ҳиротдаги қабри қаровсиз ҳолда ётибди.
Шоир қабрида мақбара бунёд этиш ҳақида Ўзбекистон ҳукумати қарор қабул қилгандан сўнг, бу ишга масъул қилинган Бобур номидаги экспедиция ишни бошлаб юборган эди. Бироқ Афғонистондаги нотинчликлар сабаб, мақбара қуриш ишлари тўхтатилди ва ўзбекистонлик меъмору-қурувчилар чиқиб кетди.
Андижондаги Бобур жамғармаси эски обида ўрнида муҳташам мақбара барпо этишни мўлжаллаган эди.
Афғонистон ҳукумати Алишер Навоий мақбарасини янгилаш бўйича Ўзбекистон таклифини рад қилиб, 2012 йилнинг 26 август куни Ҳирот шаҳрининг Гавҳаршодбегим боғида шоирнинг эски мақбарасини қайта қуриш ишлари бошланди.
Афғонистон расмийларига кўра, аввалги мақбаранинг видеода сақланган кўринишига қараб, янги мақбара айнан эски шаклида қурилаяпти.
Қарийб ўн йил давомида очиқ қабр кўринишида қолган Алишер Навоий қабри устига қурилаётган мақбарага 60 минг АҚШ доллари миқдорида пул сарфланиши режалаштирилган.
Бу маблағнинг барчаси Афғонистон ҳукумати томонидан ажратилгани айтилади.
14 феврал куни яна бир классик ўзбек шоири ва шоҳи Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 530 йиллиги бўлади. Бироқ ҳозирча бу юбилейни нишонлаш ҳақида Ўзбекистон ҳукумати ҳеч қандай қарор қабул қилгани йўқ.
#новости
Ачинарли холат...Лекин FOND-FORUM янгиликлари тинимсиз намоийш килинвотти ...Уларни олдида Шеьрият Султони ким бупти