5 окт 2016

Фарғона вилоятининг Учкўприк туманидаги 1- боғча мудираси Гулноза Холдорова 29 сентябр куни кечқурун туман ҳокимлигидаги пахта теримига бағишланган селектор мажлисига кетаётганида машина уриб ҳалок бўлди.

Воқеа гувоҳларининг Озодликка айтишича, фожеа Учкўприк тумани марказидаги Наврўз шоҳкўчасида 29 сентябр куни кечқурун соат 9 яримда рўй берган.
Аёл йўлни пиёдалар ўтиш жойи бўлмаган қисмидан кесиб ўтаётганида Nexia машинаси уриб юборган.
- Ҳокимиятнинг берироғида уриб юборди уни. У аёлнинг уйи катта йўлнинг бўйида. Селекторга шошиб кетаётган бўлган. Қоронғуда йўлни кесиб ўтаётганида Nexia машинаси уриб юборган. Аёл шу заҳоти ўлди. Ҳайдовчини милиция бўлимига олиб кетишди, - деди исми сир қолишини истаган учкўприклардан бири.
Озодликнинг Тошкент шаҳар ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаси 37 ёшли Гулноза Холдорованинг ўлими юзасидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилиб, “бахтсиз ҳодиса” сифатида расмийлаштирилганини айтди.
Лекин, Ўзбекистондаги пахта мавсумини мунтазам кузатиб келаётган Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари альянси раҳбари Елена Урлаева учкўприклик боғча мудираси “мажбурий пахта терими қурбони” бўлган, деб ҳисоблайди.
- Бизнингча бу аёл Ўзбекистондаги мажбурий меҳнатга асосланган пахта кампаниясининг қурбонидир. Унинг ўлими пахта билан боғлиқ, деб ҳисоблаймиз. Чунки ҳозир бюджет ташкилотлари раҳбарлари уйидан ишга, ишдан пахта теримига, пахта теримидан тунги 2 гача давом этадиган селектор йиғинларига шошади. Ҳар бир ташкилот раҳбари ўз ходимларини пахта тергани ҳақида ҳокимга ҳисобот беради. Боғча мудираларидан ҳам пахта нормаси талаб этилади. Селектор мажлисига кечикиш мумкин эмас, - дейди Елена Урлаева.
Ўзбекистонннинг бошқа вилоят ва туманлари қатори Учкўприк ҳокимлигида ҳам ҳар куни кечки соат 9.30 дан тумандаги барча бюджет идоралари, коллеж, мактаб, боғча директорлари селектор мажлисига йиғилади.
Ярим тунгача давом этадиган бундай селектор йиғинларида пахта теримининг бориши, унда бюджет идораларининг иштироки муҳокама этилади.
Учкўприк тумани Халқ таълими бўлимининг исми сир қолишини истаган ходимларидан бири Озодлик билан суҳбатда: “селектор йиғинларида ҳоким қишлоқ хўжалигига мутлақо алоқаси бўлмаган бюджет ташкилотлари раҳбарларидан пахта нормаси талаб этлади”, - деб айтди.
Селектор мажлиси Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев бош вазирликка тайинлаган дастлабки йилларда "ихтиро" қилган ўрта ва қуйи поғона раҳбарлар билан мулоқот қилиш усулидир.
Ўзбекистонда ҳар йили пахта мавсуми пайти пахтага мажбуран жалб қилинган ишчилар билан турли бахтсиз ҳодисалар рўй бергани кузатилади.
Бу йилги мавсум ҳам бундай ҳолатлардан мустасно бўлаётгани йўқ.
Бу йил, Озодлик радиоси хабарига кўра, мажбурий пахта терими сиёсати билан боғлиқ камида иккита одам ўлимига олиб келган воқеа юз берган.
Хусусан, 28 сентябр куни тиббиёт ходимлари далада пахта тераётгани сабабли, тўлғоқ билан "Тез ëрдам"да Ғузор туғруқхонасига олиб келинган 21 яшар аëлга қарийб бир сутка ҳеч қандай тиббий ëрдам кўрсатилмагани боис унинг чақалоғи оламдан ўтди.
11 сентябр куни эса Андижон вилоятида мажбурий пахта теримига жалб этилган Университет талабаси Комилжон Азимов ҳалок бўлди.
Инсон ҳақлари ташкилотларининг ўқувчи ва талабаларни мажбурий меҳнатга жалб қилмаслик ҳақидаги чақириқларига қарамасдан Ўзбекистон ҳукумати бу талабларни жавосиз қолдириб келади.
"Cotton Campaign" ташкилоти ўтган йил пахта терими мавсумида Ўзбекистонда жами 1 миллион одам мажбурий меҳнатга мажбурланганини билдирган. Пахта далаларида эса камида 11 одам ўлгани билдирилганди. http://www.ozodlik.mobi/a/ozbekiston-pahta-qurbon/28033561.html

Комментарии