24 мар 2017

22 март куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга ташрифи бошланди.

Таҳлилчиларнинг айтишича, бу учрашув Ислом Каримов иштирок этган учрашувлардан фарқли равbшда рақобат эмас, ҳамкорлик руҳида бўлиб ўтмоқда.
Ислом Каримов ва Нурсултон Назарбоев деярли тенгдош, Сталиндан тортиб, Горбачёв йилларигача - Совет ҳукумати даврида дунёқараши шаклланган, бир давр ва бир авлоднинг вакиллари бўлган. Улардан бири минтақада сиёсий ва иқтисодий мутлақ лидерликка даъвогар бўлган.
Шавкат Мирзиёев эса ўзининг қозоқ ҳамкасбидан 17 ёш кичик. Унинг ҳаётининг асосий қисми мустақилликни тиклаш ва режалик иқтисодиётдан бозор муносабатларига ўтиш даврига тўғри келган.
Мирзиёев учун Назарбоев - тажрибаси ўрганишга арзигулик оқсоқол. Лекин, кўр-кўрона кўчириш учун "андоза" эмас. Унинг учун энг муҳими иккитомонлама манфаатларга асосланган максимал яқинлик ва бу яқинлик натижасида иқтисодий ривожланишни таъминлаш, мамлакат аҳолисининг турмуш даражасини оширишдир.
Остона сафаридан аввал президент топшириғи билан бир қанча вилоятлар ҳокимлари Россиянинг турли ҳудудларида бўлиб, савдо-иқтисодий муносабатларни кенгайтириш, жумладан Россия Федерациясини қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминлаш ҳақида музокаралар олиб борганига таҳлилчилар эътибор қаратмоқда. Бу эса Россияга маҳсулот етказиб беришнинг бир неча баробарга ошишини англатади. Айни пайтда Қозоғистон орқали бу юкларни транзит қилишда йўл тарифларини белгилаш муҳим ўрин тутади.
Фарғона нефт заводи катта миқдордаги Қозоғистон нефтини қайта ишлаш имкониятига эга. Қозоғистон инвестициялари Ўзбекистон учун айни муддао бўлади, чунки бу бир қанча иқтисодий масалаларини интеграция қилишда ва қўшимча иш ўринларини яратишга имкон беради.
Санаб ўтилган бу тадбирлар бундан аввал ўз ечимини топиши мумкин бўлган масалалардан саналади. Лекин, бу тадбирлар шу пайтгача ҳал қилинмади ёки чекланган даражада ҳал қилинди. Энди бу сафардан сўнг сиёсий ва иқтисодий муносабатлар яхшиланиши кутилмоқда. Бу эса икки давлатни Марказий Осиёнинг сиёсий ва иқтисодий локомотивига айлантиради.
Сергей Ежков, UzMetronom.com интернет нашри. http://www.ozodlik.org/a/28386763.html

Комментарии