29 мая 2017

Бишкек суди ҳижобли аёлнинг ишдан бўшатилиши ноқонуний деган қарор чиқарди

Қирғизистонда биринчи марта суд ҳижоб кийгани учун ишдан олинганини иддао қилиб мурожаат қилган аёлнинг фойдасига ҳукм чиқарди.

Бишкек мэриясининг халқаро алоқалар бўлимининг собиқ ходими Сейил Маданбекова 2016 йил ноябрь ойида лавозимидан бўшатилган эди. Шундан сўнг у ҳижоб кийгани учун ишдан олинганини иддао қилиб Бишкек шаҳар судига мурожаат қилган.

-Ишга кирганимга бир йил бўлганидан кейин мэрия аппаратига янги раҳбар тайинланди. У ҳижобимни ечишимни талаб қилди. Мен бунга кўнмадим. Шундан кўп ўтмай мени ишдан бўшатилганим ҳақида қарор чиқди, - деди Маданбекова.

Бир неча кун олдин пойтахт суди Маданбекова ишдан ноқонуний бўшатилгани тўғрисида қарор чиқарди. Суд ҳукмига кўра, Бишкек мэрияси Сейил Маданбековага 50 минг 400 қирғиз сўми миқдорида товон пули тўлаб бериши зарур. Бироқ Бишкек суди биринчи инстанция бўлган Ленин туман судининг Маданбековани ишга қайта тиклаш тўғрисидаги қарорини бекор қилган. Шунинг учун ҳам Маданбекова ўз ҳуқуқлари тўла тикланмаганини билдириб, Олий судга мурожаат қилишини айтди.

Бироқ Бишкек мэрияси аппарат раҳбари Мелис Жунушалиев Сейил Маданбекова ҳижоб кийгани учун ишдан олинганини инкор қилди.

-Уни ҳижоб кийгани учун ишдан бўшатмадик. У ўз ҳимояси учун бу гапни айтаётган бўлиши мумкин. У ишда йўл қўйган камчиликлари учун лавозимидан бўшатилган, - деди Жунушалиев.

Қирғизистон Конституциясида ҳар бир одам исталган динга эътиқод қила олиши ва ўзи истаган кийимни кийишга ҳуқуқли экани қайд этилган. Шунга қарамапй, бир неча йилдан бери ҳижобли қизлар ва аёлларнинг иш жойлари ва ўқув юртларидаги ҳуқуқларига оид баҳслар тўхтамай келмоқда.

Ҳижобли аёллар ўз муаммоларига жамият эътиборини қаратиш мақсадида Бишкек марказида намойиш ҳам ўтказган эдилар.

-Бизнинг ташкилот 15 йилдан бери мана шу муаммо устида ишлаб келади. Ҳар йили сентябрь ва май ойларида Маориф вазирлиги билан анъанага айланиб қолган баҳслар бошланиб кетади. Кўплаб ҳижобли қизлар ва аёллар таълим даргоҳларига киритилмай, ҳуқуқлари бузилаётганини аниқлаганмиз, -дейди мусулмон аёлларнинг “Мутакаллим” нодавлат ташкилоти раиси Жамол Фронтбек қизи.

Сейил Маданбекова Қирғизистонда диний либос кийгани учун ишдан бўшатилганини иддао қилиб судга мурожаат қилган энг биринчи ҳижобли аёл бўлди.

Жамол Фронтбек қизининг айтишича, бунга қадар бундай муаммоларга йўлиққан ҳижобли аёллар ўз ҳуқуқи учун курашмай, раҳбарлар талаби билан ариза ёзиб, ишдан бўшаб кетаверган.

https://www.ozodlik.org/a/28515918.html

Комментарии