30 янв 2018

Ўзбекистон парламенти депутатлари "Аvtotest-Report" МЧЖ монополиясига қарши чиқиб, юридик шахслар автомобиллари учун айнан ушбу фирмадан мажбурий сертификат олиши борасидаги ҳукумат қарорига қарши чиқди.

Депутатлар ушбу қарорни қайта кўриб чиқиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига сўров жўнатишни режалаштирмоқда. Маълумотларга қараганда, "Аvtotest-Report" МЧЖга Президент Мирзиёевнинг матбуот котиби Комил Алламжонов асос солган.
Норози депутатлар
Олий мажлис депутатлари Расул Кушербаев ва Қодир Жўраев юридик шахсларга тегишли автомашиналар ҳайдовчилари учун мажбурий тест синовлари ўтказиш фақат битта ташкилот - "Аvtotest-Report" масъулияти чекланган жамияти (МЧЖ)га берилганидан норозилик билдирди.
Парламент депутатлари фикрини матбуотга олиб чиққан Dia.uz нашрига кўра, депутатлар бу борадаги ҳукумат қарорини қайта ўрганиб чиқиш лозимлигини таъкидлаган.
Депутат Расул Кушербаев ушбу нашрга берган интервьюсида мажбурий тест учун белгиланган муддатни ҳам савол остига қўяди:
“Нега айнан “Автотест”? Нима учун 5-6 йил эмас, 2 йил? Нима учун биргина МЧЖга бундай ваколат топширилмоқда?”, дейди депутат Кушербоев.
Озодлик 29 январь куни депутат Кушербоев билан боғланганида, у "Бу ҳақда фикримни билдирганман. Бу фикримдан қайтмайман", дея таъкидлади.
Депутат Қодир Жўраевнинг Dia.uzга билдиришича, мажбурий тест ўтказиш жараёнининг "Аvtotest-Report" МЧЖга берилиши билан боғлиқ ҳукумат қарори камчиликлардан ҳоли эмас:
“Менинг назаримда “Avtotest-Report” малака ошириш ўқув курслари тўғрисида ўтган йил 4 сентябрда қабул қилинган қарор ҳақиқатан айрим камчиликлардан ҳоли эмас. Энг асосий камчилиги - фақатгина битта МЧЖга бундай ҳуқуқнинг (яъни мулкчилик шаклидан қатъий назар юридик корхоналар хайдовчиларининг малакасини ошириш хизматлари кўрсатиш ҳуқуқи) берилишидир. Бу ерда монополияга қарши қонунчилик талаблари инобатга олинмаганлигини кўришимиз мумкин. Бу ҳолат эса, ўз навбатида бундай хизматларни кўрсатувчи субъектлар ўртасида рақобат мухитини шаклланиши ўрнига, аксинча, битта МЧЖнинг монополиясининг ўрнатилишига, рақобатчиларнинг бозордан сиқиб чиқарилишига йўл очиб берган. Ҳозирда ушбу ҳолатни бартараф этиш, 2017 йил 4 сентябрдаги қарорни антимонопол қонунчилик нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига депутатлик сўрови юборишга тайёргарлик кўрилаётганини маълум қилмоқчиман”, дейди депутат Жўраев.
Озодлик ушбу мавзу юзасидан бир неча нафар парламент депутатига боғланди. Уларнинг айримлари ушбу мавзудан мутлақо бехабарлигини айтди. Депутат Шуҳрат Тўхтабаев эса монополияга қарши, лекин у "Аvtotest-Report" фаолиятини яхши баҳолайди:
“Умуман олганда таълим олиш, ўқиш ҳеч кимга зарар келтирмаган, лекин айнан бир тадбиркорлик субъекти учун монополия яратиб бериш тўғри эмас, менимча. Яна бир жиҳатга эътибор қаратадиган бўлсак, Ўзбекистонда ҳайдовчиларни тайёрлаш бўйича "Автотест"га етадигани йўқ ҳозирча. Чунки, улар инновацион ўқитиш тизмини ярата олишган. Бундан ташқари, автомобиль йўлларида айрим шофёрларнинг ҳаракатига ҳайрон қоласан. Умуман ўқимасдан ҳайдовчилик гувоҳномасини олганмикан, деб қоласан”, дейди депутат Тўхтабаев.
Норозиликка учраган ҳукумат қарори
Вазирлар Маҳкамасининг ўтган йилнинг 4 сентябрдаги 693-сонли қарорига кўра, жорий йил 1 январдан бошлаб юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган шахслар “Avtotest-Report” ўқув марказлари орқали мажбурий равишда малака ошириб, махсус сертификатга эга бўлишлари шарт.
Қарорга кўра, 1 июлдан бошлаб ушбу сертификатга эга бўлмаган юридик фирмаларнинг ҳайдовчилари маъмурий жавобгарликка тортилиши ёки лицензияси бекор қилиниши белгиланган.
Ҳайдовчилар учун мажбурий тест ҳар 2 йилда 1 марта ўтказилиши лозимлиги қайд қилинган ҳужжатда.
“Инновацион ўқитиш услубларини жорий этиш йўли билан ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек, уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида” дея номланган ушбу қарор Бош вазир Абдулла Арипов томонидан имзоланиб, қарор бажарилишини назорат қилиш Бош вазирнинг биринчи ўринбосари — "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматов, Ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов зиммасига юклатилган.
Озодлик 29 январь куни қарор назоратчиси бўлган ушбу икки шахс – Раматов ва Бобожонов ишлаётган идоралар билан боғланди, бироқ улардан қарор ижроси борасида бирор изоҳ ололмади.
Мазкур қарор мамлакатда “ҳайдовчилик маданиятини ва автотранспорт воситалари ҳайдовчиларининг билим даражасини ошириш”ни кўзлаган.
“Кетмони учаётган "Автотест”
Ҳукумат қарорида нима учун юридик фирмалар ҳайдовчиларидан мажбурий тест олиш айнан "Аvtotest-Report" МЧЖга топширилгани сабаби очиқланмаган.
"Аvtotest-Report" фирмаси асосчиси Ўзбекистон президентининг айни пайтдаги матбуот котиби Комил Алламжонов экани айтилади.
Кейинги бир йил мобайнида "Аvtotest-Report" бир неча марта танқидлар нишонига айлангани кузатилди.
Жумладан, Anhor.uz нашри “Avtotest: Шахсият йўқ, фақат бизнес?” (“Avtotest. Только бизнес, ничего личного?”) мақоласи орқали “Ўзбекистонда бозор муносабатлари иштирокчилари учун тенгсиз шароит яратилгани, “Avtotest Report” мавжуд тартибларни айланиб ўтиш йўли билан рақобатда устунликка эришгани” танқид қилинган.
“Avtotest Report” ушбу мақола учун Anhor.uz сайти устидан Бош прокуратурага шикоят аризаси киритиб, кейинчалик ўз аризасини қайтиб олгани хабар қилинди. Dia.uz эса “Абдуллажон” фильмидаги машҳур иборани “Аvtotest-Report"га нисбатан қўллаб, ҳозирда ушбу фирмага кенг имконият берилганинига шаъма қилиб, “Аvtotest-Reportнинг кетмони учган”ни ҳақида ёзди.
"Аvtotest тести боис банкротга учрашим мумкин”
Айни пайтда юридик фирмаларнинг ҳайдовчилари “Avtotest Report” ўқув курсларида малака оширишни бошлаган.
Тошкентдаги такси хизмати кўрсатиш фирмаларидан бирининг раҳбари Озодлик билан суҳбатда ушбу тест боис фирмаси банкротликка учраши мумкинлигидан хавотир билдирди.
“Менда такси корхонаси бор. Кредитга 20 машина олганман. Лекин ҳайдовчиларимиз тез-тез ўзгариб туради. Мен ҳаммасини қандай ўқитаман уларни? Avtotestга борсам, пулини олдиндан ўтказиб берасиз деди. Битта ҳайдовчига 345 минг сўм. 20та ҳайдовчим ва ўзим ҳам сертификат оладиган бўлсам, 7 миллион сўмдан зиёд пул кетаяпти. 1 ҳафта ўқиш бўлиб, кейин тест топширилар экан. Кейин имтиҳондан ўта олмасангиз, тўланган пул қайтариб берилмас экан. Нима учун битта Avtotest монополистлик қилаяпти. Шунча ўқув фирмалари борку? Битта фирмага қараб ўтириришимиз шартми? Уларда эса очеред олиш керак экан. 3-4 ой кутиш керак экан ўқиш учун. Кейини мтиҳондан ўта олмай, йиқилаётганлар анча экан.1 июнгача 20та ҳайдовчимнинг ўқишига пул тўлаганим етмагандай, улардан 10таси йиқилиб, фақат 10таси сертификат олса, фирмам 50 фоиз ишчи кучини йўқотадику! Бунақада олган кредитимни қандай ёпаман. Банкрот бўлишим аниқ бунақада. Битта мен эмас, Тошкентдаги бошқа таксопарклар ҳам шу аҳволда”, дейди исмини очиқламасликни сўраган суҳбатдош.
Озодлик мавзу юзасидан 29 апрель куни кун давомида “Avtotest Report” МЧЖга бир неча марта боғланди. Дастлаб раҳбарияти билан суҳбатни ваъда қилган фирма ходимаси, кейин суҳбат вақтини ўзгартирди. Кейин эса, умуман телефон қўнғироқларимизга жавоб бермади. https://www.ozodlik.org/a/avtotest-uzbek-uzbekistan-tashkent-test/29005155.html

Комментарии

  • 31 янв 2018 06:29
    депутатларимиза илохим ютиб чиксин хакикат ютиб чиксин!
    юкорида утирган халки хаки билан корин туйгазадиган харом томоклага урин йук юртимизада!!!
  • 31 янв 2018 06:34
    енги права нимаси яна хар икки йилда пул тулаш бу нима дигани ахир? автомобил дунёда яралибдики юртимизада ота боболаримизаям бир марта укиб права олишган ва шу хужжат бир умрга етган, умуман оганда хеч качон оёк остидан чиккан фалокат икки марта укиган билан камайиб комийди уни устига имтихондан утмаса тулаган пуллари кайтарилмаса товба бу ахир халк хакини безларча ейишмасми? ундан кура алкоголли ичимликла маст килувчи чекимликлани нархини тиллога тенглаб куйишсин авария холатлари камайирди шунда
  • 31 янв 2018 07:04
    taxi gazel avtobus haydovchilari nima qiladi endi   oilasini qanaqqilib boqadi  hayronman
  • 31 янв 2018 09:03
    Wu pullarni yeganlar tiqilib ölsin xalqni pulini yeb qatgayam boradi wunaqa tewib chiqadikiy onasidan tug'ilganiga puwaymon böladi wu testni Davlat uzi qiganidayam maylinidi xar xolda Budjedga pul tuwardi
  • 31 янв 2018 10:11
    афто тест бир тийинга киммат ташкилотку талим тизими нол ман дарс жарайонида катнашганман у ердаги укитувчиларни укитиш керак
  • 31 янв 2018 14:35
    Бугун бизга таништирилди. Авто тестда укимаган ташкилотларга 1 июлдан бошлаб лицензия хам берилмас экан.
  • 31 янв 2018 14:35
    Янги укиш
  • 31 янв 2018 14:36
    Янги солик
  • 31 янв 2018 14:36
    Янги зулим
  • 31 янв 2018 14:36
    Шоферлар учун
  • 31 янв 2018 14:38
    Yana pul qilishda xalqdan shunday qilib pulni yig‘ib olebdi tepadagilar xammasi reja asosida biz xalqni til uchida maqatydi
  • 31 янв 2018 14:38
    Tilda boshqa dilida boshqa tepadagilarni kottasidan kichigigacha shu axvol
  • 31 янв 2018 14:56
    Pul iwlawni oson yuliku bu avto test kamiga yanigi haydovcilik guvohnomsice nima qiliw kerak hayronsan kiwi.
  • 31 янв 2018 19:27
    Bizda transport sohasini Dunyo Darajasiga chiqarishmoqchi lekin  Yo'llarimiz, AvtoMAKTABlar, Qonun-qoidalar DUNYO darajasidamikan ??.......
  • 1 фев 2018 14:21
    бир хафталик укиш учун бунча пул (H):-O