21 фев 2018

"Аҳмадбой" устидан суд ҳукми чиқди

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида чинозлик “Аҳмадбой” номи билан танилган Аҳмаджон Турсунбоев устидан ҳукми ўқилди.

Бу ҳақда воқеа жойидан хабар қилган
kun.uz сайтига кўра, Аҳмаджон Турсунбоев 13 йилга озодликдан маҳрум этилди. Айни пайтда унга нисбатан амнистия қўлланиб, жазо муддатининг тўртдан бир қисми қисқартирилди.

Аҳмаджон Турсунбоев, шунингдек, бир йил муддатга тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этилди, 52 млн 96 минг сўм миқдорида жарима жазоси ҳам тайинланди. У жазони умумий тартибдаги колонияда ўтайдиган бўлди. Жазони ўташ муддати 2016 йил 16 июндан бошлаб ҳисобланади.

Халқ орасида Аҳмадбой номи билан танилган “Чиноз ҳалол чорва” ва “Чиноз авто ҳамкор” МЧЖ муассиси бўлган судланувчи бир йилда икки баробар қилиб қайтариш шарти билан одамларнинг катта маблағини ноқонуний равишда олганликда айбланиб, 2016 йилда МХХ томонидан ҳибсга олинган эди.

Турсунбоев устидан маҳкама 2017 йил ëзида бошланган бўлса-да¸ ҳозирга қадар бу жараëн ҳақида расмий маълумот берилмади.

Жорий йил 30 январь куни “Ўзбекистон24” телеканали тарқатган хабарга кўра, шу кунгача Аҳмадбойга гаровга берилган 105 та автомобиль эгаларига топширилган.

38 яшар Турсунбоевга пул ва бошқа қимматбаҳо буюмларини берган ўзбекистонликлар сонининг бир неча ўн мингдан кўп экани айтилади.

https://www.ozodlik.org/a/29053510.html

Комментарии