8 мар 2018

1 апрелдан меҳнат муҳожиратига кетаëтган ҳар бир фуқарога темир йўл ва авиачипта харид қилиш харажатларини қисман қоплаш учун бир йилда бир марта 300 минг сўм миқдорда беғараз тўлов ажратилади.

Бундай тўловни беришга ваколатлантирилган “Алоқабанк”ка давлат бюджетидан 100 миллиард сўм бериладиган бўлди.​
Ўзбекистон президенти “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ташқарисига транспортда чиқиш вақтида хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Ушбу қарорга шарҳ берган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига кўра, президент қарори меҳнат муҳожирларининг манзилига етиб боришда хавфсизликни таъминлаш учун қулай шароитлар яратиш ва йўл-транспорт халокатларининг олдини олишга қаратилган.
Шу мақсадда¸ хориж¸ асосан¸ Россияга темир йўл ва самолëт билетларининг қимматлигидан келиб чиқиб 1 апрелдан бошлаб “Ўзбекистон темир йўллари” ва Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкатлари “вақтинчалик ишлашга кетаётган ватандошларга плацкарт ва умумий вагонларга темир йўл чипталари ҳамда иқтисодий (эконом) класс авиачипталар нархларига 20 фоизгача чегирма тақдим этади.
Айни пайтда¸ меҳнат муҳожиратига кетаëтган ҳар бир фуқарога темир йўл ва авиачипта харид қилиш харажатларини қисман қоплаш учун бир йилда бир марта 300 минг сўм миқдорда беғараз тўлов ажратилади.
Бундай тўловни беришга ваколатлантирилган “Алоқабанк”ка давлат бюджети ва Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасидан 100 миллиард сўм берилади¸ дейилади президент қарорига берилган расмий шарҳда.
"Алоқабанк" бош идорасининг ўзини таништирмаган ходими Озодлик билан 7 март кунги суҳбатда қарордан хабари борлиги, ҳозирда унинг ижроси бўйича Марказий Банкдан йўриқнома кутилаётганини айтди.
Банк вакилига кўра¸ беғараз тўлов дейилганда фоизсиз кредит назарда тутилмоқда. Бошқа тафсилотлар эса, банк ходимига кўра, йўриқномалар келиб тушгач маълум бўлади.
Айни пайтда, Адлия вазирлиги ушбу қарорга берилган видеошарҳни эълон қилди.
Шу йилнинг 25 февраль куни маҳаллий матбуот Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Зокир Умаровга таяниб тез орада меҳнат муҳожирларини Ўзбекистондан Россияга ташувчи автобус қатнови йўлга қўйилишини хабар қилган эди.
Sputnik нашрига гапирган Меҳнат вазирлиги расмийсига кўра, ҳозирча Бухоро вилоятидан Россияга мунтазам автобус қатнови, шунингдек, Қозоғистон орқали Россияга қатновчи янги поезд рейсларини очиш ва поездларга қўшимча вагонлар улаш масаласи кўрилмоқда.
Шу йилнинг 18 январида Қозоғистоннинг Ақтўбе вилояти Иргиз туманидан ўтувчи "Самара-Чимкент" автомобиль йўлида автобус ёниб кетиши оқибатида 52 ўзбекистонлик нобуд бўлгач, Ўзбекистон ҳукумати муҳожирлар қатнови билан боғлиқ қатор чора-тадбирларни белгилаган.
Россия ИВВ берган маълумотга кўра, ҳозирда бу давлатдаги жами мигрантларнинг 10 фоизи ёки 1 миллионга яқинини ўзбекистонликлар ташкил қилади. Ўзбекистонликларга Россияда ишлаш учун берилган жами рухсатнома - патентнинг ярми (765 мингтаси) расмийлаштирилган. https://www.ozodlik.org/a/rossiya-bilet-kredit-temir-yol-samolyot/29084796.html

Комментарии