30 мая 2018

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаевнинг энг ишончли одами ва шогирди экани айтиб келинган собиқ бош вазир Сапар Исақовга нисбатан 29 май куни Миллий хавфсизлик қўмитаси жиноят иши очди.

Исақов Бишкек ИЭСига боғлиқ жиноят иши доирасида айбланмоқда
Исақовга коррупция айблови 6 соат давом этган сўроқдан сўнг билдирилган.
- Бишкек шаҳар Иссиқлик электр станциясини модернизациялаш пайтидаги коррупция юзасидан очилган жиноят иши доирасида собиқ бош вазир Сапар Исақовга “Коррупция” моддаси бўйича айблов билдирилди. Унга нисбатан шаҳарни тарк этмаслик ҳақида тилхат олиб, озодликда қолдириш эҳтиёт чораси қўлланилди,- деб билдирди Миллий хавфсизлик қўмитаси расмий вакили Рахат Сулайманов.
Модернизацияга ажратилган 385 миллион доллар ғалваси
Бишкек Иссиқлик электр станцияси Сапар Исақов бош вазир бўлиб турган 2017 йилда 385 миллион долларга модернизация қилинган эди. Бироқ қиш мавсумининг энг аёзли кунларида янги таъмирдан чиқарилган иссиқлик электр станциясида фавқулодда ҳолатда авария юз бериб, Қирғизистон пойтахти аҳолиси ўн кундан кўпроқ совуқда қолган.
Шундан сўнг парламент ва ҳуқуқ-тартибот тузилмалари текширув ўтказиб, станция таъмирига ажратилган 385 миллион доллар маблағ нималарга сарфланганини аниқлай олмагани ортидан жиноят иши очилган эди.
Исақов :"Ғазабимнинг чек-чегараси йўқ"
Сапар Исақов ўзига нисбатан жиноят иши очилишини “мутлақо ҳаддан ошиш” сифатида баҳолади.
-Менга айблов билдириш тўғрисидаги қарорни охиригача ўқимадим. Ҳозир ғазабимнинг чек-чегараси йўқ. Аввал ижтимоий тармоқларда Сапар Исақовни роса обрўсизлантиришди, энди эса жиноятчи сифатида тақдим қилишмоқчи. Биз энди адвокатлар кўмагида айбсиз эканимизни исботлаймиз,- деди Сапар Исақов.
Одамлар нима демоқда?
Озодлик мухбири радионинг қирғиз хизматида Сапар Исақовга жиноят иши очилгани тўғрисидаги бир хабар ва бир мақола остига қолдирилган 125 шарҳни ўрганиб чиқди.
125 шарҳдан 71тасида муштарийлар Исақовга нисбатан жиноят иши очилгани тўғри бўлган, деган фикрни билдирганлар.
49та шарҳда эса Сапар Исақовнинг “ҳалол одам” экани, у амалдаги президент Жээнбеков билан собиқ президент Атамбаев ўртасида сўнгги ойларда юзага келган зиддият қурбони бўлаётгани таҳмин қилинган фикрлар қолдирилган.
Сапар Исақов ишончсизлик билдирилган бош вазир
41 ёшдаги Сапрар Исақов қирғиз жамиятида собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг энг яқин одамларидан бири сифатида кўрилади. 2017 йилда бош вазир лавозимига сайланган Сапар Исақов жорий йилнинг 19 апрель куни Қирғизистон парламенти Ҳукуматга ишончсизлик билдириш тўғрисида қарор қабул қилгани ортидан истеъфо беришга мажбур бўлган эди.
Сапар Исақов раҳбарлигидаги Ҳукумат Қирғизистон тарихида ишончсизлик билдирилгани ортидан истеъфога чиқариладиган иккинчи Ҳукумат бўлди.
Бундан олдин 1993 йилда Турсунбек Чингишев раҳбарлигидаги Ҳукуматга ишончсизлик билдирилган эди. https://www.instagram.com/ozodlikradiosi/

Комментарии