31 мая 2018

Москвада ўтказилган ифторликда илк бор Ўзбекистон элчихонаси вакиллари иштирок этди (ВИДЕО)

Москвада ўтказилган ифторликда илк бор Ўзбекистон элчихонаси вакиллари иштирок этди
Москвада ўз ишини давом эттираётган “Рамазон чодири”да 28 май куни Ўзбекистон кечаси уюштирилди. 13- марта ўтказилаётган бу йилги ифторлик Москвада истиқомат қилаётган ўзбекистонлик мусулмонлар томонидан берилди.

Унда марҳум президент Ислом Каримов давридагидан фарқли ўлароқ илк маротаба Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси вакиллари иштирок этди. Кечанинг маданий қисми очилишида Ўзбекистон ваколатхонасининг Петербургдаги Бош консули Меҳриддин Хайриддинов сўзга чиқди:

- Ассалому алайкум, ҳурматли юртдошлар! Ҳаммаларингизни Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонаси номидан қутлуғ кун билан табриклаймиз. Хонадонларингизга бахт, тўкинчилик ва сокинлик тилаймиз,- деди Ўзбекистон консули.

Шу куни ёзилган дастурхонга 500 дан ортиқ меҳмон йиғилди. Ифторлик Россия диний бошқармаси, Москва мэрияси, кўнгиллилар ва ҳомийлар кўмагида уюштирилди.


Уни ташкиллаштиришда Москва шаҳар Ўзбек Миллий-маданий автономияси ҳам бевосита иштирок этди.

- Ифторлик ҳақида шуни айтишим мумкинки, бу ўз маданиятимиз, миллий қадриятларимиз билан ўртоқлашиш имкониятидир. Чунки Ўзбекистон Ислом хазинасига жуда улкан ҳисса қўшган ва бу ҳолдан биз фахр туйиб турибмиз. Биз шу ифтихоримиз билан бўлишиш истагидамиз! - деди Москва шаҳар Ўзбек Миллий-маданий автономияси раҳбари Ҳабиб Абдуллаев.​

Ўзбекистон кечаси ташкилотчилари расмий Тошкентнинг исломий анъаналарга нисбатан ўзгараётган сиёсати туфайли аввалги йиллардагига нисбатан бу йил ҳайрия маблағини йиғиш бироз осонроқ кечганини билдирди.

- Бу йил элчихона ҳам ёрдам берди, диаспоралар ёрдами тегяпти. Ёрдам берувчилар жуда кўп! Бошида бир-икки кун қийналдик, ҳақиқатан, тайёргарлик кўришда. “Мўл-Булоқ” компанияси раҳбари буни эшитиб, “Қанча етмаяпти?”, деди ва бир-икки кунда бажаришди, дейди кеча ташкилотчиларидан бири Жамшид Саккизов.

Рамазон ойи бошланганидан буён Москванинг Поклонная майдонида шаҳар ҳукумати, Россия мусулмонлар диний бошқармаси ва мусулмон жамиятлари ташаббуси билан “Рамазон чодири” ишламоқда. Бундан икки йил олдин Рамазон чодирида Москвада яшаб, меҳнат қилаётган ўзбек ёшлари томонидан ифторлик уюштирилган эди.

Россияда охирги маротаба ўтказилган аҳолини рўйхатга олишда 10 фоиз россиялик, ёки 14,5 миллион киши, ўзини мусулмон билишини эътироф этган. Бугунда Россияда мусулмон давлатларидан, жумладан Ўзбекистондан, келган яна 10 миллиондан ортиқ муҳожир яшаб меҳнат қилади.

Комментарии