5 июн 2018

Тожикистон ва Қирғизистон чегараси яқинидаги Боткен вилояти Лайлак туманидаги Максат қишлоғида икки давлат чегарачилари ўртасида зиддиятда осмонга ўқ отган тожик чегарачиларини қирғизистонлик чегарачилар ҳибсга олди.

Тожик ва қирғиз расмийлари ушбу ҳодисани турли хил шарҳлаб, бир-бирларини чегарани бузиб ӯтишда айбламоқда.
Қирғизистон Чегара хизмати 5 июнь куни тарқатган расмий маълумотда айтилишича, уч нафар қуролланган тожик чегарачиси баҳсли ҳисобланган “Футбол майдони” минтақасидаги стихиявий бозордан қирғиз фуқароларини зӯравонлик билан чиқариб ташлашга ҳаракат қилган.
Ушбу манбага кӯра, ҳодиса жойига етиб келган қирғиз чегарачилари тожик ҳамкасбларидан баҳсли минтақани тарк этишни талаб қилган.
Тожик ҳарбийлари мазкур талабни бажармай, осмонга қарата ӯқ отишган. Натижада, уч нафар қуролланган тожик чегарачиси қирғиз чегарачилари томонидан қўлга олинган.
Ӯз навбатида, Тожикистон миллий хавфсизлик қӯмитаси қошидаги Чегара бошқармаси Лайлак туманида юз берган ҳодисани “олдиндан режалаштирилган иғво” дея баҳолади.
Мазкур манбанинг таъкидлашича, 4 июнь куни тушдан кейин икки қирғиз фуқароси тижорат учун Тожикистон ҳудудига кесиб ӯтишга уринган, аммо тожик чегарачилари ижозат бермаган. Бунинг ортидан 20га яқин қирғиз ватандошлари ҳодисага аралашган.
Тожикистон Сўғд вилояти раисининг биринчи муовини ва чегара масалалари бӯйича Тожикистон-Қирғизистон қӯшма комиссия аъзоси Рустам Раҳматзода 5 июнь куни Озодлик билан суҳбатда мазкур ҳодисани қуйидагича шарҳлади.
“Тожик чегарачилари ва қирғиз фуқаролари орасидаги жанжалга қирғиз чегарачилар гуруҳи етиб келиб, 3 тожик чегарачисини Калашников автоматлари билан қӯлга олган. Кеча кечқурун Қирғизистон томони билан музокаралардан сӯнг тожик чегарачилари озод этилди. Ҳозир икки давлат чегарасидаги туманлар прокуратураси ушбу ҳодиса юзасидан текширув олиб бормоқда¸”-деди Рустам Раҳматзода.
Бу воқеа юзасидан ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеоларда қирғиз чегарачилари қуролланган тожик чегарачилари билан жанжаллашаётгани акс этган. Озодлик радиоси қирғиз хизматига гувоҳлар томонидан жўнатилган суратда эса қўлга олинган тожик чегарачисига тиббий ёрдам кўрсатилаётгани акс этган.
Тожикистон ва Қирғизистон чегарасида икки давлат фуқаролари ӯртасида низоли вазиятлар тез-тез содир бўлиб туради.
Жорий йил апрель ойида Қирғизистонинг Боткен тумани Уч-Бобо ва Тожикистоннинг Исфара тумани Хўжа Аъло қишлоқлари аҳолиси низоли вазият юзага келганди.
Оғзаки жанжал ҳар икки томондан 50га яқин киши иштирок этган можарога айланиб кетиб, икки мамлакат фуқаролари бир бирларига қарата тошлар улоқтиришган эди.
Ўшанда Қирғизистон ва Тожикистон чегара хизмати вакиллари иштирокида зудлик билан учрашув ўтказилди, улар давлат чегарасининг мазкур участкасини қўриқлаш тартиби юзасидан келишиб олишди.
Тожикистон ва Қирғизистон чегарасининг узунлиги 976 километрни ташкил этиб, ҳозирга қадар 504 километр делимитизация ва демаркация қилинган.
Аммо чегарадаги баҳсли минтақаларда сув ва яйловларни тақсимлаш, ҳамда йӯл қуриш масаласида тожик ва қирғиз ватандошлари орасида тез-тез низолар юз бериб туради.
2014 йили Тожикистонинг Исфара ва Қирғизистонинг Боткент вилоятлари аҳолиси орасида 30 марта жанжал юз бериб, натижада бир неча киши ҳалок бӯлган эди. https://www.instagram.com/ozodlikradiosi/

Комментарии