8 июл 2019

Сурхондарё вилоят, Денов туман прокуратураси томонидан фуқаро Ф.

Т.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 25, 99-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилди.
Айтилишича, жиноят иши Денов туман марказидаги “Лолазор” бозори ҳожатхонасидан янги туғилган чақалоқ топилиши муносабати билан қўзғатилган.
Ижтимоий тармоқларда 7 июль куни тарқалган видеода шифокорлар ва ИИБ ходимлари чақалоқни жонлантиришга уринаётганини кўриш мумкин.
Олдинроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги чақалоқ ҳаёти сақлаб қолингани, ҳозирда у Сурхондарёдаги 2-сонли вилоят перинатал марказида сақланаётганини маълум қилган эди.
“Чақалоқ жинси - қиз бола, оғирлиги - 3500 грамм, бўйи - 50 сантиметр. Ҳозирда чақалоқ аҳволи Соғлиқни сақлаш вазирлиги назоратига олинган. Шифокорлар чақалоқ ҳаёти учун курашмоқда”, деган Соғлиқни сақлаш вазирлиги мулозими Фурқат Санаев маҳаллий нашрларга.
Чақалоқнинг онаси “Лолазор” бозорининг кузатув камераларига тушиб қолгани ва унга нисбатан қидирув эълон қилингани хабар қилинган эди.

Комментарии