‭Чиқиш 16:1-5, 12-18‬

Халқнинг бутун жамоаси Илимдан чиқиб жўнади. Улар Мисрдан чиққанларидан кейин бир ой ўтгач, Илим билан Синай тоғи оралиғидаги Син саҳросига етиб келдилар. Улар саҳрода турар эканлар, ҳаммалари минғирлаб Мусо билан Ҳорундан нолишди: “Қанийди Эгамиз бизни Мисрда ўлдириб қўя қолганда эди! Биз Мисрда гўшт солинган қозон бошида ўтирардик, тўйгунимизча нон ердик. Сизлар эса, бутун жамоа очликдан ўлиб кетсин деб, бизни саҳрога олиб келдингиз.” Шунда Эгамиз Мусога: — Нонни сизларга осмондан ёғдираман! — деди. — Халқ ҳар куни чиқиб, кунда керак бўладиган нонини йиғиштириб олади. Шу йўл билан бу халқни синайман. Улар Менинг кўрсатмаларимга риоя қиладиларми, ёки йўқми, кўраман. Ҳар ҳафтанинг олтинчи куни эса кунда тўплаганларига қараганда икки ҳисса кўп нон йиғиштириб олиб, тайёрлаб қўядилар.
— Мен Исроил халқининг минғирлаб нолиганини эшитдим. Уларга шу гапларни етказ: “Оқшом гўшт ейсизлар, эрталаб эса тўйгунингизча нон ейсизлар. Ўшанда Эгангиз Худо Мен эканлигимни билиб оласизлар.” Шу куни оқшомда беданалар учиб келиб, қароргоҳни босиб кетди. Эртасига эрталаб қароргоҳ атрофига шудринг тушди. Шудринг кўтарилгач, ер юзи лайлак қор учқунига ўхшаш, қировсимон бир нарса билан қопланди. Исроил халқи бу нарсани кўрганда, нима эканини билолмасдан: “Бу нима?” деб бир–бирларидан сўрайвердилар. — Тановул қилишларингиз учун Эгамиз сизларга берган нон шудир, — деди Мусо Исроил халқига. — Эгамиз шундай амр берган: “Ҳар бир хонадон ўзи ейдиган нонни олсин. Хонадондаги ҳар бир жон учун бир омирдан йиғиб олсин.” Исроил халқи Эгамиз амр этгандай қилди. Биров кўпроқ, биров озроқ йиғиб олди. Ҳар бир одам учун омир билан ўлчаганларида, кўп йиғиб олганлардан ҳеч нарса ортиб қолмади, оз йиғиб олганлар учун эса етарли бўлди. Ҳар бир хонадон кераклисини олди.

Комментарии

Комментариев нет.