Иёс ибн Салама қиссаси

---
Табарий Иёс ибн Саламадану отасидан ривоят қилади:
“Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бозордан ўтди.
Унинг дарраси бор эди. У мени бир туртиб:
“Йўлдан четда тур”, деди. Кийимимнинг бир четига тегди. Келиси йили менга учраб:
“Эй Салама, ҳажга бормоқчимисан?” деди.
“Ҳа”, дедим.
У қўлимдан тутиб, мени уйига олиб борди. Олтин юз дирҳам берди ва:
“Ҳажинга ишлат. Билиб қўй, бу ўша туртганим учун”, деди.
“Эй мўминларнинг амири, менинг эсимдан чиқибди”, дедим.
“Менинг эсимдан чиқмаган”, деди у”.
Ўйлаб кўрайлик-а, бир одамни дарра билан ноўрин салгина туртиб қўйгани учун Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўша ишни бир йил давомида ўйлаб юрганлар. Қандай қилсам ўша ишни ўрнига келтираман, ҳаёл билан юрганлар. Ҳолбуки, ўша иш иштирокчиси Салама розияллоҳу анҳу бўлган ишни унутиб юборган. Эҳтимол, эътиборга сазовор иш деб ҳисобламаган бўлиши мумкин. Аммо Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўша иш кўнгилларида қолган нохушликни ювиб юбориш учун Салама розияллоҳу анҳунинг ҳаж сафари сарфиётини кўтаришга қарор қилган эдилар.
Бу қандай ҳам ажойиб адолат! Оддий фуқарога бўлган муомалада содир бўлган оддий бир иш учун узри айтиб қўйилса ҳам бўлар эди. Лекин ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ўша одамнинг ўзининг ёдидан ҳам чиқиб кетган ҳодисанинг узрини бошқача қилиб, олий мақомда қилиб айтдилар ва қалбларида бирор нуқтачалик ҳам афсус-надомат қолмайдиган қилиб ишни ҳал этдилар. Бундай ишни қилиш учун мустаҳкам иймонга соҳиб бўлган ҳоким бўлиши керак эди. Бундай адолатни ўрнатиш учун Аллоҳ таолодан қўрқадиган ҳоким керак эди. Бундай адолатни юзага чиқариш учун Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълимотларидан баҳраманд бўлган шахс лозим эди. Бу сингари ишни амалга ошириш учун Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудек адолатли зот керак эди.
"Руҳий тарбия" китобидан.

Комментарии

Комментариев нет.