РОЗИ ЭДИМ

Товонингиз ўпиб олган-
Гул бўлсам ҳам рози эдим
Йўлингизда ёниб, майли,
Кул бўлсам ҳам рози эдим.
Менга насиб этмади-я,
Сафдошингиз Али бўлмоқ,
Хизматингиз қилиб бутун-
Умрим ўтса рози эдим.
Гарчи Зам зам суви янглиғ
Босолмасдим чанқоғингиз,
Гарчи нубувват уйидек
Ололмасдим чарчоғингиз,
Минг-минг шукр, севолдим мен
Ислом – азиз байроғингиз
, Хизматингиз қилиб бутун-
Умрим ўтса рози эдим.
Сизни қўмсаб йиғлар
бутун Арабистон саҳролари,
Сиздек ҳеч ким кийган эмас-
Энг кўп савоб сарполарин.
Сиз кўрган дард, ранж олдида
Бир пул бошим савдолари,
Хизматингиз қилиб бутун-
Умрим ўтса рози эдим.
Тилнинг нима фойдаси бор-
Гар айтмасам мен салавот,
Қуръон тиловат қилмасам,
Умрим ўтар беҳаловат.
Сизга уммат бўлмоқ ўзи-
Бир бахт эрур, бир саодат,
Хизматингиз қилиб бутун-
Умрим ўтса рози эдим.
На султону на саҳоба,
На амалдор, на ансорман,
Лекин мен ҳам эл қатори-
Аллоҳ ризосига зорман.
Бу дунёда тўғри йўлдан-
Кетмас бўлсам аниқ хорман,
Хизматингиз қилиб бутун-
Умрим ўтса рози эдим.
Гоҳ-гоҳида малҳам излаб
Тополмасдан кўнгил яра,
Аслида-ку, ибодатлар-
Энг хайрли малҳам – сара.
Бўлсайдим мен ўн биринчи
Ашараи мубашшара,
Хизматингиз қилиб бутун
Умрим ўтса рози эдим.
Абдураҳмон Мешаян

Комментарии