18 ноя 2023

Ҳазрати Умар ўпган бош

Абу Рофеъдан, розияллоҳу анҳу ривоят қилинади:
Ҳазрати Умар, розияллоҳу анҳу, римликлар устига бир қўшин юборди. Қўшинда ашоблардан Абдуллоҳ ибн Ҳузофа исмли бир зот ҳам бор эди. Римликлар уни асир олиб, қироллари ёнига олиб бордилар ва:
— Бу одам Муҳаммаднинг, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, саҳобаларидан экан, — дедилар. Қирол Абдуллоҳга:
— Ҳозир сени ўзимга шерик қилиб олсам, насроний бўласанми? — деди.
— Мени ўзингга шерик қилишгина эмас, бутун ҳукмдорлик ва салтанатингни менга ўтказсанг ва бунга қўшимча тарзда арабларга қарашли барча ерларни менга берсанг ҳам, Муҳаммаднинг, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, динидан асло воз кечмайман, — деди Абдуллоҳ.
— Ундай бўлса, сени ўлдираман.
— Ўзинг биласан.
Бу савол-жавобдан сўнг қирол уни чор михга осиб, отишни буюрди. Бироқ отувчиларга:
— Ўқ отаётиб, теккизманг ва ҳар сафар отишдан олдин унга насронийликни таклиф қилинг, — дея тайинлади.
Камончилар шундай қилишди. Аммо Абдуллоҳ насронийликни қабул қилмади. Ниҳоят қиролнинг амри билан уни туширдилар. Сўнг бир улкан қозонга ёғ қуйиб, қайнатдилар.
Бошқа бир мусулмон асирни келтиришиб:
— Христиан бўлмасанг, сени шу қайноқ ёғга отамиз, — дейишда ва қабул қилмагач, қайноқ қозонга ташлаб юборишди.
Қирол энди қайноқ ёғга Абдуллоҳни ташлашни буюрди. Буйруқни бажаришга киришар экан, Абдуллоҳ йиғлади. Шунда аҳволни қиролга маълум қилдилар. Қирол умидланиб:
— Уни ҳузуримга келтиринг, — деди.
Олиб келишди. Қирол яна насронийликни таклиф қилди. Абдуллоҳ яна рози бўлмади.
— Унда нега йиғладинг? — сўради қирол.
— Мен ўз-ўзимга дедимки, ҳозир сени қайноқ ёғга ташлайдилар ва беш дақиқа ичида ўлиб кетасан... Ҳолбуки, мен вужудимдаги туклар қадар кўп жоним бўлса, ҳар куни улардан биттасини Аллоҳ йўлида фидо этишни орзу қиламан.
Шунда қирол:
— Ҳозир сени қўйиб юборсам, менинг бошимни ўпасанми? — деб сўради.
— Бир ўзимни эмас, шерикларимни ҳам қўйиб юборсанг, бошингни ўпаман, — деди Абдуллоҳ.
Абдуллоҳ ибн Ҳузофа, розияллоҳу анҳу, дейдилар: «Ичимда бу одам Аллоҳга қанчалар душман бўлсада, ўзимни ва ўртоқларимни қутқариш учун бошини ўпишимнинг нима зарари бор?» дедим ва бориб бошини ўпдим. У ҳам асирларни қўйиб юборди”.
Абдуллоҳ асирлар билан Мадинага келганида Ҳазрати Умар, розияллоҳу анҳу: «Абдуллоҳ ибн Ҳузофанинг бошини ўпиш ҳар бир мусулмонга фазилатдир. Бу вазифани энг аввало мен адо этмоғим керак», дедилар ва туриб Абдуллоҳнинг бошини ўпдилар».

Ҳазрати Умар ўпган бош - 957223522363

Комментарии

  • 18 дек 2023 06:56
    Ҳазрат Умар розияаллоҳу анҳу исломга кирганликларидан кейин ҳамма вақт адолат пешвоси, бошқаларга ўрнак бўлиб келганлар ва атрофдагилардан ҳам шуни талаб қилганлар, Оллоҳ ул зоти бобарокотни ва Абдуллоҳ ибн Ҳузофани раҳмат қилган бўлсин, иншаоллоҳ!
  • 18 дек 2023 06:56
    de84cd91b2