29 апр 2024

Тушларинга кираман ҳали,

Қутилдим деб қувонма эрта.
Соғинч деган қотил туфайли,
Жондан кечиб ҳали кўп марта!
Шамол бўлиб қоронғу тунлар,
Деразангни чертиб қочаман.
Тонгда келиб эшикларингни,
Қулфин бузиб, шартта очаман!
Баҳор бўлиб чўққиларингда,
Қор тагидан чиққум мўралаб.
Аламим бор, қасдим бор билсанг,
Қўйгансанку қалбим яралаб.
Меҳрим қўмсаб бўласан адо,
Менсизликни ҳавас ҳам қилма,
Тўр ташласам илинганингни,
Ҳатто ўзинг қоласан билмай!
Қараб тургин, бир оз берсанг вақт,
Томошани кўрамиз бирга.
Қайтгин дея ёлворишинг наҳд.
Қолгин дея бутун умрга!
Кетдику деб бўлма хотиржам,
Юрак жахл отига минди!
Яраларим озроқ тузалсин,
Қуролланиб қайтаман энди!
Бу жанг ишқнинг ҳаёт- мамоти,
Қасднинг кўзи қонига тўлди,
Фақат сени кўрган заҳотим,
Қайта севиб қолмасам бўлди!

Комментарии