25 мар 2023

...

Йиғлатар...!
~ Ҳаётимда кўп синадим, одамни,
Меҳр муҳаббату, эҳсон йиғлатар...
Аслида йиғламоқ, осон эмасдир,
Инсонни, доимо, инсон йиғлатар..!
... Тарихдан ҳам ибрат олмоқлик керак,
Қуръон берар, Фиръавн, Намруддан дарак,
Салтанат соҳиби бўлса, тош юрак,
Зулм қилиб халқни, султон йиғлатар..!
... Юртда фитналар кўп бўлди, огоҳсиз,
Тутиб қамайдилар, исбот гувоҳсиз,
Бадном бўлса одам, ҳеч бир гуноҳсиз,
Ноҳақ бўлса, туҳмат бўҳтон йиғлатар...!
... Бу замонда, қадрин йўқотди имон,
Хор бўлди мўминлар, хор бўлди қуръон,
Жабру-зулм кўрар, қанча мусулмон?,
Золимга йўл бериб, замон йиғлатар..!
... Турмаларда ётсанг, хор маҳкум бўлиб,
Эрку ихтиёрдан ҳам, маҳрум бўлиб,
Дину имон учун, бир, мазлум бўлиб,
Калтакларнинг зарби, зиндон йиғлатар..!
... Қочиб қайга борай, золим зулмидан?,
Офиятли макон йўқдир, журмидан,
Билганим шу бўлди, қуръон илмидан,
Адолат топмассан, сарсон йиғлатар..!
... Имон йиғлатаркан дилни, куфрмас,
Аламлар йиғлатар, жоду, сеҳрмас,
Ҳалимлик йиғлатар, кибру жаҳлмас,
Хор бўлганинг англаш, ёмон йиғлатар..!
... Ҳар кимни бошида, ҳар хил савдолар,
Бу жонимизга кўп чекдик, жафолар,
Биздан ўтди, кўп беҳисоб хатолар,
Баъзида эслатиб, виждон йиғлатар..!
... Синовлар келганда, қиламиз фарёд,
Истаймиз ғамдан тез бўлишни озод,
Агар яхшиликга, етса одамзод,
Кўрдимки қувонч ҳам, чунон йиғлатар..!
... Тинчу оромин йўқотган дилларни,
Балолар қаърига ботган, дилларни,
Кўрдимки тош каби, қотган дилларни,
Гоҳида, ўқилган, қуръон йиғлатар..!
... Шундай одамлар бор, асли нокасда,
Қафасда қуш қўйиб, сақлаш, ҳавасда,
Тутқун бўлса булбул, олтин қафасда,
Уни олтин қафас, ошён йиғлатар..!
... Ҳали қийналаман, эслаб бу ғамдан,
Юрагим тўлгандир, дарди аламдан,
Ҳар ким ўзи учун, азиз одамдан,
Айрилса, соғинчи, чандон йиғлатар..!
... Тушундим, шундайин яралган олам,
Ҳаёт бошдан оёқ, машаққату- ғам,
Баъзида калтак еб, йиғламас одам,
Баъзан бир оғиз сўз, гирён йиғлатар..!
... Югуриб, еламиз, мол-дунё учун,
Бевафо эканин, англамай, нечун?!
Эътимод қилсанг бу дунёга, бир кун..,
Бор йўғингни қилиб вайрон, йиғлатар..!
... Ўғилми-қиз, бўлса агар дилбандинг,
Яхши бўлгай хулқи, шу жигарбандинг,
Меҳр билан боққан, азиз фарзандинг,
Баъзан, ота-онасин, қон йиғлатар..!
... Қизик экан, бу дунёнинг ишлари,
Тугамайди, муаммо ташвишлари,
Юракларни ўртар, соғинч ҳислари,
Айрилиқ ҳасрати, ҳижрон йиғлатар..!
... Адаштирди Иблис, бизни кўп ёмон,
Кошки тузоғидан, чиқолсак омон?,
Қарангки, одамзод туғилган замон,
Келиб озор бериб, Шайтон йиғлатар..!
... Фарқи нима, гадомисан, шоҳмисан?,
Нодонмисан, доною, огоҳмисан?,
Ё тақволи банда, ё гумроҳмисан?,
Ажал етиб, тўлса паймон, йиғлатар..!
... Оғирдир, бир давоси йўқ, дард берса,
Яхшидир, бир ёнинга ҳамдард берса,
Мурувватни рад айлама, мард берса,
Муҳтож бўлиб келсанг, нодон йиғлатар..!
... Етар бас, Сахвиё, дилни тиғлаш ҳам,
Ҳар нарсани сабабига, боғлаш ҳам,
Кулиш ҳам Аллоҳдан бўлар, йиғлаш ҳам,
Аслида, Қудратли, Раҳмон йиғлатар...!

gif

Комментарии