Суфён ибн Уяйна раҳимаҳуллоҳ: “Азон айтгандагина намозга ҳаракат қиладиган ёмон банда каби бўлмагин.

Мен намозга азон айтилмасдан олдин тайёрланиб, муштоқлик билан намозни кутиб тураман”, деган эди. Яъни азондан олдин масжидга келиб тур, демоқчи.
Абдуллоҳ ибн Зубайр разияллоҳу анҳумо сажда қилиб турганида, жонсиз предмет деб ўйлаб устларига қушлар қўниб оларган.
Мансур ибн Мўътамир раҳимаҳуллоҳ таҳажжуд намозини ҳовлисидаги пешайвонда ўқир эди. Вафот этганидан кейин қўшни қиз отасига: “Отажон, Мансур амакининг пешайвонидаги устун йўқ бўлиб қолибди, олиб ташлашдими?” деб сўраганида, отаси: “Йўқ, қизалоғим, у устун эмас Мансур амакинг эди”, деб жавоб берган. Яъни Мансур ибн Мўътамир тик туриб узоқ намоз ўқиганидан, ёш қизалоқ уни устун деб ўйлаган.
Салафлар ана шундай ибодат қилганлар ва ибодатда бардавом бўлганлар. Биз вақтимизни телефон билан ўтказганимиздек, улар вақтларини ибодат билан ўтказишган.
Ҳаммод ибн Салама ҳақида айтишар эди, агар Ҳаммодга эртага ўласан, деб айтилса ҳам, амалига бирон зиёда амал қўша олмаган бўларди.
Суфён ибн Уяйна раҳимаҳуллоҳ ҳам ибодатга полвонлардан бўлган. У киши Аллоҳдан ҳар йили ҳаж қилишни сўрар экан. Аллоҳ дуосини ижобат қилиб ҳар йили ҳаж қилган экан. Ëши тўқсон бирга чиққанда: "Энди ҳам сўрашга Аллоҳдан ҳаё қиламан", деган ва ўша йили вафот этган.
Салафлардан бири ўлим тўшагида ётганида синглиси йиғлаганида: “Менга ачиниб йиғлаётган бўлсанг, йиғлама синглим. Мен мана шу хонамда Қуръонни тўрт минг бор хатм қилганман”, деган экан. Ана ҳиммат, ана амалда бардавомлик. Ибодат уларнинг кўзининг нури, қалбининг ҳузур-ҳаловати бўлган. Одам яхши кўрган нарсасидан ажралгиси келмайди.
Салафлардан бири намоз ўқиётиб, саждага кетганида масжидга ўт кетибди, одамлар: “Ëнябди, олов, олов”, деб бақириб қолишибди. Лекин у киши саждадан бошини кўтармабди. Намозни ўқиб бўлгач, одамлар уни ҳам масжиддан олиб чиқишибди ва танбеҳли оҳангда: “Олов, олов, дейилганини эшитмадингизми?” дейишса: “Дўзах олови мени бу оловдан чалғитиб қўйибди, рози бўласизлар”, деб айтган эди.
Бундай даражадаги ибодатда устоз бўлган саҳобалар ҳаётидаги воқеалардан мисол келтирадиган бўлсак. Икки саҳоба бири ансорий ва бири муҳожир мусулмонларни қўриқлаб риботда туришган эди. Муҳожир саҳобий бир оз дам олиш учун ёнбошлайди, ансорий туриб намоз ўқий бошлайди. Шунда тўсатдан душманлардан бир киши келиб, намоз ўқиётган ансорийга камондан ўқ отади. Ансорий баданига санчилган ўқни суғуриб ташлаб, намоз ўқишда давом этади. Душман иккинчи ўқни отади. Ансорий уни ҳам суғуриб ташлаб, намозда давом этаверади. Қон эса шириллаб оқиб турарди. Душман учинчи ўқни отганида муҳожир саҳобий пайқаб қолади ва ансорий биродарига: “Мени уйғотмабсиз-да”, деганида, ансорий саҳоба: “Бир сурани ўқиётган эдим, шуни бўлишни ёқтирмадим”, деб жавоб берган эди, Аллоҳ рози бўлсин. Камон ўқи баданга санчилиши енгил иш эмас, жароҳат, оғриқ булар осонмас, лекин намоздаги лаззат жароҳат ва оғриқ аламларини ёпиб юборган эди.
Салафлар нечоғлик ибодатда бардавом бўлганлари ҳақидаги ривоятлар айтилса, ҳозирги авлод, йигирма биринчи аср мусулмонлари учун хаёлий воқеаларга ўхшаб туюлса керак. Ваҳоланки, бу хаёл ё эртак эмас, балки тарих саҳифалари мухрлаб қўйган айни ҳақиқатлардир.
Йигирма йил такбири таҳримани ўтказиб юбормаган, йигирма йил кўзи намозда бировнинг бўйнига тушмаган яъни доим биринчи сафда намоз ўқиган…
Ҳа, салафлар ана шундай ибодатда бардавом бўлганлар.
Ибодатда бардавом бўлишнинг фойдаларидан, агар бир ибодатни доим бажариб юрган киши касал бўлиб қолса ёки сафарга чиқиб, мусофирчилик сабаб шу ибодатни бажара олмай қолса ҳам Аллоҳ таоло фазли-карами билан соғлом ва муқим ҳолида бажаргандек ажр бераверади. Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Бундан ташқари ким қандай ҳаёт кечирса, нимада яшаса, шунда ўлади ва қандай ўлган бўлса, қиёматда шу ҳолида қайта тирилади.

Комментарии

Комментариев нет.