Тоҳир Малик
23-кисм (охири) — Хонада шунча бўш жой туриб, жавон ҳеч замонда деразага тақаб қўйиладими? — Бобомурод шундай деб «жавон аввал қаерда турган бўлиши мумкин?» деб чамалади, сўнг деворга яқинлашиб жимир-жимир гулли қоғозларга битилган ҳарфларни ўқимоқчи бўлаётгандай тикилди: — Жавон узоқ вақт мана бу ерда турган. Яхшироқ қарагин, чанг изларини кўрасан. Энди пастга қара: гиламнинг четларини жавон босиб турган. Уни ким, қачон сурган? Бобомурод саволига жавоб кутмай гиламнинг бир учини эҳтиётлик билан тутди-да, Омонуллога «бу учини ушла», деб буюрди. Икковлашиб гиламни ўраб, четга сурдилар. Уй ўртасидаги тўртта пол тахтанинг кўчирилганини аниқлаш учун криминалист бўлиш шарт эмасди. Бобомурод «Қалайсан энди?» дегандек Омонуллога қараб қўйди-да: — Ҳеч маҳал пол тахтанинг бурагич михлар билан қоқилганини кўрганмисан? — деб сўради. Омонулло ундан кўзларини олиб қочди. Худди шу ерда ўша куни Тошболтанинг жомадонлари турган, шунинг учунми, гиламни кўтариб қараш ҳеч кимнинг хаёлига келмаган эди. — Одамларингни чақир, текширишсин. Бу ерда нимадир бўлган, — деди Бобомурод. Омонулло навбатчига қўнғироқ қилгач, «Анави вундеркинд болангни бир кўрмаймизми?» — деб таклиф қилди. Омонуллога бу таклиф маъқул келди. Аслида Самандар билан бўлган учрашувдан сўнг юқори қаватга кўтарилмоқчи эди. Вақт зиқлиги учун «бола яна эзмаланиб, ақл ўргатишни бошласа ишларим қолиб кетади», деб учрашувни кейинроққа сурган эди. «Ҳозир айни пайти» деган фикрда юқорига йўл бошлади. Қўнғироқ тугмасига қўл юборганида ичкаридан «кираверинг, эшик очиқ» деган овоз кутди. Кутган таклиф эшитилмагач, ажабланган тарзда қўнғироқ тугмасини босди. Иккинчи марта босишга улгурмай эшик очилиб, паст бўйли, озғин, рангпар аёл кўринди-да, «келинглар», деб уларга хавотир билан қаради. Омонулло ўзини таништиргач, «Абдуқаюм билан гаплашмоқчи эдим», деб мақсадини айтди. Аёл Бобомуродга бир оз тикилиб қаради-да, «киринглар», деб ичкарига чекинди. Омонулло ичкари кириб Абдуқаюмнинг бўш каравотига кўзи тушди-ю, кўнглига нохушлик оралади. Бўш каравот, аёлнинг ҳорғин кўринишидан хаёлига турли фикрлар ёғила бошлади. Аёл кўрсатган жойга ўтиргач: — Абдуқаюм қаердалар? — деб сўради. — Сурат ишлаяпти, ҳозир чиқади. Унинг овунчоғи шу... — Сиз оналари бўлсангиз керак? — Ҳа. — Аввал келганимда ёлғиз экан. — Айтди. Мен ишда эдим. Адамиз сафардалар... — Аёл ногирон боласини ёлғиз ташлаб кетганидан ўнғайсизланиб изоҳ берди: — Яқинда ишга кирдим. Аввал уйда эдим. Абдуқаюм «катта бўлиб қолдим, ўзимни ўзим эплайман», деб зўрлади. Ҳадеб атрофида парвона бўлишим ҳам ёқмай қолди шекилли. Шу боламнинг кўнглига қарайманда. Номигагина ишлайман. Уч-тўрт соатга бориб келаман. Аёл гапларини тугатмай, ичкаридан Абдуқаюмнинг «Ойижон, мен ҳозир тугатаман, меҳмонларга чой бердингизми?» деган овози келди. Аёл «хўп, жоним», деб қўйиб жавон тортмасидан оқ дастурхон олиб стол устига ёйди. У ошхонага чиққач, Бобомурод ўрнидан туриб даразага яқинлашди-да, кўчага қараб олди. Бир пиёладан чой ичишга улгуришмай ичкари хонадан Абдуқаюмнинг «Ойижон, мен бўлдим», деган овози эшитилди. Аёл ошхонадан қарийб югуриб чиқиб эшикни очди-да, чироқни ёқди. Кейин ичкари кириб аравачада ўтирган ўғлини олиб чиқди. Абдуқаюм очиқ чеҳра билан салом бериб, худди ёш боладек қувнаб кетди. — Эрталаб келганингизда учрашармикинсиз, девдим. Чиқмаганингиз яхши бўлди, ҳозир сизга «сюр-приз» тайёрлаб қўйдим.Мурдалар гапирмайдилар (қисса). Тоҳир Малик Абдуқаюм шундай деб «бу киши ким?» деган маънода Бобомуродга қараб олди. — Устозим... — деди Омонулло ўгай отасини таништириб. — Сиз Самандар акамни қамаб қўймадингизми ишқилиб? — деди Абдуқаюм муғомбирлик билан жилмайиб. — Йўқ. Қамашим керакмиди? — Шунақа хаёлингиз бўлган-ку, тўғрими? — Тўғри. Лекин менда хаёл эмас, гумон бўлган. — Ҳаммасидан ҳам ана шу гумон ёмонда. Гумон — бир томондан ҳақиқатга қўшни, иккинчи томондан зулмга. Ҳақиқатнинг девори баландроқ, дарвозалари мустаҳкамроқ бўларкан. Дарвозани очишга қийналсангиз, баланд девордан ошиб тушишга эринсангиз деворининг тайини йўқ бу қўшниникига кира қоласиз, тўғрими? — Унчалик тўғри эмас, гумон кўчасидан ўтмай, ҳақиқат саройига кирилмайди. — Лекин сиз гумонга асосланиб ҳам қамайсиз-ку, тўғрими? Яна «қамоқ» демайсиз, «еҳтиёт чораси», дейсиз, а? Омонулло «кўрдингизми бу болани, «вундеркинд» деб тўғри айтдингиз», деган маънода Бобомурод билан кўз уриштириб олди-да, ўсмирнинг донолиги эриш туюлса ҳам фикрларини давом эттираверсин-чи, деб арқонни узун ташлаб, саволларига шошилмай жавоб бераверди: — Эҳтиёт чораси баъзан зарур бўлади. — Қочиб кетмаслиги учунми? — Баъзан ундай, баъзан эса бир одамни шерикларининг ҳамласидан асраш учун ҳам шундай чора кўрилади. — Самандар ака қайси бирига кирадилар? — Самандар акангиз айни пайтда озодликдалар, тилхат олиб, қўйиб юборганмиз. — Ие, бўлар экан-ку? Опоқим «қўлларини кишанлаб олиб кетишди», деганларига сиқилиб ўтирувдим. Сизларга барибир-да, олим одамни ҳам каллакесарнинг ёнига қўйиб қамайверасизлар. — Қамоқда олим одам учун алоҳида имтиёзли хона бўлмайди. Бунақа имтиёзлар, унвонлар, мартабалар озодликда бўлади. У ерда ҳамма тенг. Мартабалари ҳам, имтиёзлари ҳам баб- баравар. — Китобдаги гапларни айтяпсиз менга. Биринчи марта ўтирган одам билан учинчи ё тўртинчи марта қамалган одамнинг шароити бир хил бўлмайди-ку? Бизнинг бир қариндошимиз борлар. Уч-тўрт йил қамоқда ўтирсалар, озодликда бир-икки ойгина юрадилар. Яна бир бало қилиб қамаладилар. Ўша одам Самандар ака билан ўтирса тенглик бўлармиди? Чойи бўлса чойини ичиб қўяр, сигарети бўлса чекиб қўяр... Менга ўзлари айтиб бердилар: одамларни лақиллатиб қарта ўйнарканлар. «Просто так, «дурак» ўйнаймиз» дерканлар. Кейин «про СТО деганман», деб юз сўмни бўйнига қўярканлар. Сиз айтган тенглик шуми? Нега куляпсиз? Бобомурод мийиғида кулган эди, йигитчанинг зийрак нигоҳи шуни ҳам илғаб, уни саволга тутди: — Мен кулгили гап айтдимми? — Худди қамоқхонада яшаб чиққандай гапиряпсиз, ука, — деди Бобомурод. — Гапларим нотўғрими? — Тўғри. Лекин ҳар бир жойнинг ўз қонунлари бўлади. Бу ҳаётда лалайган одам эртами- кечми қамоққа тушиши мумкин. Қамоқда лалайган одам эса лаҳадга тушади. Ҳаёт ҳам урушга ўхшаган нарса, ука. Ким лалайса ё туҳмат ўқига учрайди, ё камбағаллик тўрига илинади, ё яна бошқа бир балога учрайди. Жанг пайтида керишиб, эснаётган одамнинг миясини ўқ ўпириб юборадими? Ҳаётда ҳам шундай. Зийрак одам яшаб қолади. — Санжар ака лалайган лақмамилар? — Унақа деганим йўқ. Ман у одамни танимайман. Танимаган одамимга эса баҳо бера олмайман.Мурдалар гапирмайдилар (қисса). Тоҳир Малик Шу пайт Абдуқаюм сурат ишлаб чиққан хонада нимадир чирсиллади. — Ойижон, суратлар қуриди, қуритгични ўчириб қўйинг, илтимос, — деди Абдуқаюм ошхона томонга қараб. Онаси дарров чиқиб, айтилган ишни бажарди.— Бугун қўлларимга анча жон кириб, суратларни ишлаб қўя қолдим, — Омонулло Абдуқаюмнинг панжалари бу сафар енгилроқ боғланганига эътибор берди.— Ака, сиз кетганингиздан кейин мен кўп ўйландим. Одамлар туғиладилар, яшайдилар, ўладилар. Туғилса — қувонамиз, ўлса хафа бўламиз. Ўша ўлган одам тириклигида ярамас ишларни кўп қилганига қарамай ачинаверамиз, афсусланаверамиз. Мен аввал кўришганимизда ҳам айтувдим: Нафиса опани сиз қидираётган одам ўлдирмаганида ҳам барибир бошқа баҳонаи сабаб билан бу дунёни ташлаб кетардилар. Сиз ҳозир қотилни эмас, сабабчини қидиряпсиз. Биласизми, мен одамнинг ўлганига ачинмайман. Чунки ўлим ҳамма учун аталган неъмат. Мен имонсиз кетган одамларга ачинаман. Имонсиз кетса у дунёдаги аҳволи ночор бўлади, мен шунга афсусланаман. Нафиса опа анча имонга кириб қолай девдилар... савол-жавоблари осон бўлсин, ишқилиб... Ойижоним баъзан менга қараб туриб ранжийдилар, менинг бунақалигимдан эзиладилар, ўзларини айбдор деб ҳисоблайдилар. Дўхтирлар «сизга туғиш мумкинмас», дейишган экан. Дўхтирнинг айтгани эмас, Оллоҳнинг хоҳлагани бўлади. Оллоҳ ойижонимга фарзанд беришни ихтиёр қилдими — дўхтирингиз нима дея олади? Кўп гапиряпти, деб ғашингиз келмасин. Шу гапларни айтиш учун роса ўйладим-да. Сиз қотилними ё бошқа жиноятчиними излайсиз, ушлайсиз, қамайсиз. Лекин бирини қамасангиз иккинчиси тайёр туради. Сиздан олдингилар ҳам қамаб тугатолмаган, сизлар ҳам тугатолмайсиз, кейингилар ҳам. Нима учун, биласизми? Амаки, айтаверайми, жаҳлингиз чиқмайдими? Бобомуродга бу йигитчанинг ёшига ярашмаган тарз-да ақлли гапларни айтаётгани аввалига сал эриш туюлган бўлса-да, энди хуш ёқаётган эди. Шу боис Омонулло билан кўз уриштириб олиб: — Гапираверинг, фикрларингиз менга ёқяпти, — деб тўғрисини айтиб қўя қолди. — Сизларнинг ишингизда битта хато бор: «шу одам нимага қўлига пичоқ олди, нимага ўлдирди, нимага ўғирлади?» деган саволга жавоб қидирмайсиз. Сиз учун бу одамнинг жиноятни бўйнига олгани муҳим. Сабаб муҳим эмас. Сиз ўтни ўриб оласиз. Илдизи эса қолаверади. Мен ўйлаб-ўйлаб шу илдизнинг нималигини билганга ўхшайман. Тўғриси, битта китобни ўқиб туриб шу фикрга келдим. Ҳамма жиноятнинг бир қаноти НАФС, иккинчи қаноти ҚАЛБнинг нурсизлиги, қалбнинг бўшлиги экан. Ойижоним шу китобдан бир неча сатрни ёзиб бердилар, ўқийсизми? Абдуқаюм шундай деб аравачаси ёнидаги қопчиқдан тўртта букланган бир варақ қоғоз чиқариб, Омонуллога узатди. Омонулло қоғозни очиб аввал сатрларга шошқич кўз югуртирди- да, сўнг овозини чиқариб ўқиб бошлади: — «Қалбингизни ўйланг! Инсон қалби бир гўшт парчасидан иборат эмас. Қалбда маънавий ҳақиқат, Раббоний латофат жо этилган. Қалб айни пайтда инсон кўнглининг эшиги, деразасидир. Деразадан таш-қарига қараганингизда ерларни, осмонни, юлдузларни кўрганингиздек, қалбингизга боққанингизда ҳам кўнгил оламингизни мушоҳада қиласиз. Бу олам— нуроний олам: тенгсиз, кенг, теран олам бўлиб, арши аълога қадар узаниб кетган. Ўзингизни ана шу оламга ўтганингизни, ҳар тарафингизнинг нурга тўлиб-тошганини ҳис қилинг...» — Омонулло хатни ўқиб бўлиб аввал ўгай отасига сўнг жиддий нигоҳини қадаб ўтирган Абдуқаюмга қадади: — Тайёрлаб қўйган сюрпризингиз шуми? Омонулло шу савол билан сатрлар маъносини теран ҳис этолмаганини ошкор қилди. Абдуқаюмнинг ўзи бу сатрлардан ғоят таъсирланган, бошқалар ҳам шу ҳолатда бўладими, деб фикр қилган эди. Бу чақириқнинг Омонулло учун оддий гапдай туюлганидан ранжиб, афтини ошкора буриштирди. — Бу Жўшон ҳазратнинг гаплари. Сюрприз ке-йинроқ бўлади. Сиз аввал сўрайдиганингизни мендан сўраб олинг.Мурдалар гапирмайдилар (қисса). Тоҳир Малик — Бизни бир нарса қизиқтиряпти: пастдаги уйда тарақлаган овоз эшитилмадими? Масалан, мих қоқилганими ё тахтанинг тарақлаганими? — деб сўради Бобомурод. Абдуқаюм бир оз ўйлаб ўтиргач: — Эшитилди, — деди. — Лекин мен слесарлар ишлаяптимикин, деб ўйловдим. — Қанақа слесарлар? Қачон ишлашди? — Қувурларни, иситгичларни алмаштирамиз, деб юришган экан. — Сиз уларни кўрдингизми? — Йўқ, бизникига киришмади. Аввал пастки қаватдагиларникини алмаштиришаркан. Опоқимга учрашибди. Нафиса опам ишда эканлар, «қачон келади?» деб сўрашибди. — Опоқингиз айтдими? — Ҳа. — Омонулло, ЖEКка қўнғироқ қил. — Омонулло «кеч бўлди», деган маънода соатига қараган эди, изоҳ берди: — Навбатчи бўлади. — Ҳа, навбатчи бўлади, — деб қувватлади Абдуқаюм, сўнг онасини чақирди: — Ойижон, ЖEКнинг телефонини беринг. ЖEК деб аталмиш идора навбатчиси телефон гўшагини дарров кўтара қолмади. Омонулло тўртинчи марта рақам тергач, норози оҳангдаги «алё» деган товуш эшитилди. Омонулло ўзини танитганидан сўнг «иситиш қувурларини қачон алмаштиришга киришасизлар?» деб сўради. — Буни хўжайинлардан сўранг. Бугун шанба, эртага якшанба. Индинга келиб сўрайсиз. Биз кичкина одаммиз, — деб жавоб қайтарди навбатчи. — Хўжайиннинг уйларидаги телефонни беринг, — деди Омонулло. Навбатчи бир оз иккиланиб тургач, телефон рақамларини айтди. Бошлиқ уйида экан. Омонуллонинг саволига «1989 йилги режада бундай иш йўқ», деб қисқа ва лўнда жавоб берди. Омонулло унинг гапини Бобомуродга айтгач, Абдуқаюм жонланди: — Ўзим ҳам шундайдир, деб ўйлаган эдим, — деди қувонч билан. Ундаги бу ўзгариш меҳмонларни ажаблантирди. — Ойижон, илтимос, суратларни олиб чиқиб беринг, — деб ялинди Абдуқаюм. Аёл турли ҳажмдаги ўнга яқин суратларни олиб чиқиб бергач, Абдуқаюм улар орасидан иккитасини ажратиб, Омонуллога узат-ди: — Қаранг: мана шу одам бир кун олдин «слесарман» деб келган эди. Опоқим билан шу гаплашган бўлиши керак. Эртасига ҳам келган. Мен сурат яхши чиқадими ё йўқми, деб гумонсираб, сизга айтмовдим. — Бу одамнинг кирганини кўргансиз, чиққанини-чи? — Кўрдим. — Қўлида тугунми ё шунга ўхшаш нарсами бормиди? — Йўқ. — Уйда тахминан қанча вақт бўлди? — Бир соатчадир. — Самандар акангиздан олдин келдими? — Ҳа. Нафиса опамлардан ҳам олдинроқ келган. — Самандар акангиздан олдин чиқдими ё кейинми? — Кейин шекилли... Ҳа, кейинроқ чиқди. Омонулло «уйда беркиниб турганми? Унда газчи? Очилов газни ўчириб, деразани очган экан. У чиқиб кетганда ҳам уйда қолган бўлса нима учун деразани беркитиб, газни яна очмади? Ёки... нима учун Очиловни ҳам ўлдирмади?...» деган маънода Бобомуродга қараб қолди. Бобомурод ҳам айни шу хаёлда эди. — Тўхтанг... — деди Абдуқаюм ўйланиб олиб. — Самандар ака машинадан тушганларида кимдир юқори қаватга кўтарилди. Самандар ака қайтганларидан ке-йин пастга тушди. Кейин... шу одам кўчага чиқди.Мурдалар гапирмайдилар (қисса). Тоҳир Малик Омонуллонинг «зинада рўпара келиб қолишдан чўчиб юқорига кўтарилганми?» деган савол назарига Бобомурод тасдиқ ишорасини қилди. — Бу суратни бизга бериб тура олмайсизми? — деб сўради Омонулло. — Марҳамат, сиз учун атай ишладим... — Лекин... биз ҳақ тўламаймиз-да? — деди Омонулло кулимсираб. Абдуқаюм аввалги учрашувдаги гапига шамаъ қилинганини фаҳмлаб кулди-да: — Америкага борганимизда тўлайсиз, — деди. Бобомурод бу ҳазилга тушунмай, бир тутинган ўғлига, бир йигитчага ажабланиб қаради. Абдуқаюм эса қолган суратларни ҳам Омонуллога узатди: — Ўша куни қўлим шикастлангунича олган суратларим: Самандар ака ҳам борлар. Чиндан ҳам машинага ўтираётган Самандар суратга тушиб қолган эди. Ўриндиққа ўтираётиб уй деразасига ўгирилиб қараган Самандарнинг кўзларида ҳадик муҳрланган эди. «Бечора эр», деб ўйлади Омонулло унинг жавдираган кўзларига қараб. Уй бекасини «овқат тайёр бўлиб қолди, ўтиринглар», дейишига қарамай, хайрлашиб, пастга тушдилар. Омонулло қўшни эшик қўнғироғи тугмасини босди. Абдуқаюмнинг опоқиси слесар ҳақидаги гапларни тасдиқлаб, суратдаги одамни ҳам танигач, Бобомурод «хомлигингни исбот қилдимми?» деган маънода муғамбирлик билан кулимсиради. Бу орада етиб келган текширувчилар гуруҳи Омонуллодан топшириқ олиб, бетўхтов равишда ишга киришдилар. Омонулло Бобомуродни «вазирликдаги устозим», деб таништиргани учун «устоз» уларнинг ишларига аралашди. Кўчириб, сўнг ўрнига қўйилган тахталарни олиш қийин бўлмади. Бу ердан нимадир қидирилгани аниқ эди. Аммо ўша «нимадир» топилганми ё йўқми — шу номаълум эди. Бобомурод ҳар бир нуқтани синчиклаб текширишни талаб қилди. Оқибатда бураб олиниб сўнг жойига қоқилмаган михга қон теккани аниқланди. Шу михқалпоғида бармоқ изларининг қолгани улар кўнглига чироқ ёқди. Бармоқ излари полтахталари остида қолиб кетган қўлбола бурагичда ҳам бор эди. — Бармоғини уриб олган ёки нимадир кесган. Бурагични йўқотиб, тополмаган. Шубҳасизки, шошилган. Агар излаганини тополмаган бўлса, асабийлашган, — деди Бобомурод. — Асабийлашса тахталарни жойига қўйиб, гиламни ёпармиди? — Ҳамма ёқни ағдар-тўнтар қилиб ташлаб кетарди, демоқчимисан? Агар хом ўғри бўлса, шундай қилади. Дурустроқ нарсанинг исини олган бўлса, дарров сир бой бермайди. Бу ердан бўлмаса бошқа жойдан чиқишини кутади. Пайт пойлайди. Ҳар ҳолда у уй эгаларининг келиб қолишларини кутмаган. Агар улар ҳаммомга мўралаб уни кўриб қолишмаганда ўлишмаган бўлишарди. ... Шу каби турли тахминлар билан ярим кечада уйларига қайтишди. Эртасига бармоқ излари ва сурат бўйича тегишли сўров юборилди. Жавоб узоқмади: «Павел Онопко. Херсонда туғилган. Лақаби — Кошак. Украина ССР жиноят кодексининг (...) моддалари билан озодликдан маҳрум этилган. Ҳозир Иркутскдаги (...) қамоқ лагерида...» Иркутск? Омонулло Тошболтанинг «Иркутскка борувдим» деган гапларини эслади. Эслади- ю, «Ўша ерда изига тушдими?» деган савол хаёлини ёритди. Кейин «Ахир у қамоқда бўлиши керак-ку?» деб ўйлаб, нав-батдаги сўровни юборди. Бу орада Нафисанинг ўйнаши ёдига тушиб, тортмадаги қоғозлар орасидан Матлуба берган хатларни ажратди-да, манзилига қаради. Қаради-ю, рўпарасидаги зимистон ёришгандек бўлди. Эшик қулфининг калит билан эмас, ясама михочқич билан очилганини далилловчи хулоса эса унга энди аҳамиятсиздек туюлди. Якшанбани архивга оид маълумотларни ўрганиш билан ўтқазиб, уйига кеч қайтди. Уйқуга тўйиб улгурмай телефон жиринги уйғотди... Учинчи баён: ОЙДИНЛИК
Мурдалар гапирмайдилар (қисса). Тоҳир Малик
НАФИСА
Бу дунёдаги ҳаёт қилкўприк эмас, унданда хавфли, унданда баттароқдир. Балки устара тиғи
устида яланг-оёқ юришга қиёслаш ўринлидир? Воқеан шундай. Устара тиғи десакда, қилкўприк
десакда фарқсиз — Нафиса бу йўлда юра олмади — тойди. Унга бу йўлда қандай юрмоқ
лозимлигини ўргатмадилар. Заҳарни «асал» дедилар — ишонди, зулматни «ойдинлик» дедилар
— кўнди, азобни «роҳат» дедилар — маъқуллади... Сассиқ кўлни мавжли денгиз деб хаёл
қилиб адашганини, ойдин йўл дегани бахт саройига эмас, дўзах қопқасига етаклаганини кеч
англади. Агар уйида ўлим топмаганида балки «кеч англади» демоғимиз ўринсиз бўларди.
Ҳаром-ҳалолнинг фарқига эндигина бораётган жувон учун покиза денгиз йўллари очиларми
энди?..
Бир куни ишхонасидаги аёлнинг «Ҳар биби сешанба куни ош дамлаб муҳтожларга
чиқараман, шунинг учун Худо мушкулларимни осон қилади», деган гапи Нафисага таъсир
қилди. Фариштали оила деб аталмиш бахтдан бошқа ҳамма нарсаси бор Нафиса кейинги
ҳафталарда ўзи сезмаган, ўзи истамаган ҳолда эзила бошлаган эди. Турсунали акаси у ёқда,
эри тоғда бўлган жувоннинг ёлғиз қолиши азоб эди. Йўқ, Нафиса ўгай онаси таъриф этган
даражадаги тоифадан эмасди. Эрсираб қолгани ҳам йўқ эди. Фақат аёллар оилаларидан
гапиришса, ҳатто турмуш қийинчиликларидан нолишса ҳам уларга ҳаваси келадиган бўлган
эди. У эр ҳукмрон бўлган кўп болали оилага эга бўлиш орзусида яшай бошлаган эди. Чиройли
ёки пулдор эр ҳаваси шамолда қолган шамчироқ сингари умри поёнига қараб борарди. Шинам
оила орзусида у ош дамлади. Икки ён қўшнисиникига бир косадан чиқарди, бир косани олиб
юқори қаватга кўтарилди. Абдуқаюм уйда ёлғиз эди. Нафиса очиқ эшикдан кириб, косани
аравачага мосланган стол устига қўйди. Нафиса қўшни аёлларнинг бу хонадонга кириб,
гаплашиб ўтиришларини биларди, «бу бола кўп китоб ўқийди, бола эмас — бало!» деган
таърифни ҳам эшитган эди. Шу сабабли Абдуқаюмнинг «Нафиса опа, бир пас гаплашиб
ўтиринг», деган таклифини рад этгиси келмади.
Шундан сўнг ёлғизлик азобига Абдуқаюмнинг суҳбатлари малҳам бўла бошлади. Шу ерда
унинг тош юраги юмшагандай бўлиб, зулматдаги қалбига иймон нури аста мўралади.
Омонулло Нафисанинг ишхонасига борганида столи тортмасидан ўн икки варақли дафтар
олинганини билмас эди. Нафиса бу дафтарга нималарнидир ёзар, кейин узоқ тикилиб ўтирар
эди. Бу ҳолатга қизиққан ҳамхона аёл унинг ўлимидан сўнг дафтарни олиб ўқиди-ю, аммо
жойига вақтида қўйишни унутди. Омонулло келганида эса дафтарни унинг қўлига тутқазишдан
чўчиди. Шу боис Нафисанинг қалбидан ўтганлари сир бўлиб қолаверди.
Нафиса Абдуқаюмнинг китоблардан ўқиб берганларини эслаб, айрим гапларни эса ёзиб
қўйишни одат қилган эди.
«Сени ҳақиқатдан узоқлаштириб, ёмон одатларга яқинлаштирган кимса энг ифлос
одамдир...» — Абдуқаюм шундай дедилар. Унда... Энг яқин одамларим... энг ифлос одамлар
экан-да... Вой, Худойим, бу не кўргулик...»
«Eй Одам фарзанди! Дунёга ёмонлик тарқатганни асло олқишлама! Бу олқишинг сени
зулмларнинг энг даҳшатлисига олиб боради...» — Мен шундай қилдимми? Энди зулмнинг энг
даҳшатлисига учрайманми? Вой, Худойим, бу не кўргулик...»
«Eй бойлиги билан мағрур бўлган инсон! «Фалончиман!» деб кибрланма, балки «Асли ўзим
кимман?...» деб фикрла. Бугун молига мафтун, авлодига мажнун бўлган эй инсон! Кўз юмган
кунинг аччиқ-аччиқ ҳақиқатни кўргач тушунасан... Мол-дунёнг кўплигидан севинма, ҳалол
қўлга киритганингдан севин. Чунки ҳаром даромад сени оқибат азобга дучор қилади...» — Бу
азоблар ҳали менга каммиди... Вой, Худойим, бу не кўргулик...»
«Қалбида иймон нури бўлмаган инсон — уйқудадир. Уни фақат ўлим уйғотади. Шу сабабли
Расуллулоҳ «инсонлар уйқуда, ўлганларида уйғонадилар», деган эканлар...» — Мен қандай
уйғонар эканман, Вой Худойим...»Мурдалар гапирмайдилар (қисса). Тоҳир Малик
Ҳамхона аёл бу сатрларни ўқиб кўп ҳам таъсирланмаган, «ескичага ўқиётган эканда», деб
қўя қолган эди. «Қалбнинг нурланиши» деган тушунчадан узоқ бўлгани учун ҳам Нафисанинг
сатрларига кўчган туйғуларига ҳамроз бўла олмаганди. Дафтарни Омонулло ўқиган тақдирда
ҳам «қотилни аниқлашга ёрдам берувчи далил йўқ», деб қўя қолар эди.
Идора хўжайини «милисага «ғинг» десаларинг оналарингни кўрсатаман», дегани сабабли
ҳамхона аёл Омонуллога бор гапни айтишдан қўрқди.
... Нафиса ўша куни эрталаб бозорга кириб иссиқ нон, қулупнай кўтариб келиб
идорадагиларни меҳмон қилди. Меҳнат таътилини тоғда, эри билан ўтказажагини ҳамхона
аёлга айтди. Шунда «ё бугун, ё эртага олиб кетишлари керак, ҳаммомда кран ўлгурдан сув
оқяпти. Уста чақирсам келмаяпти, йўғимда сув шариллаб оқиб кетса қўшниларимдан балоларга
қоламан», деб нолиди. Шунда ҳамхона аёл: «Вой, Санжарга айта қолмайсизми, меникини бир
паста тузатиб берган, асли касби сантехник-ку, билмасмидингиз?» деди-да, чаққонлик билан
туриб йигитни чақириб келди.
— Ишдан кейин боролмайман. Агар «хўп» десангиз ҳозир бориб тузатиб кела қолай...
Таклиф маъқул бўлиб йўлга тушдилар...
Уларнинг бирга келаётганларини Абдуқаюм кўрди...
Кўрди-ю, кўнглига шубҳа ораламади, ёмон фикрга бормади...
Уч кундан кейин Нафисани қарғадилар:
— Ўйнаши билан ётган экан, шарманда!
... Шарманда... Шарманда...
Уч кундан кейин Санжарни лаънатладилар:
— Суюқоёққа илакишган экан, йигит ўлгур!
... Йигит ўлгур... Йигит ўлгур...
Ҳамхона аёл ҳам бу гапларга ишонди ва айтдики:
— Илгаритдан кўз сузишиб юрарди-да...
КОШАК
Кошак неча марта «етап»га қўйилган бўлса ҳам бунчалик қувонмаган эди. Ҳали тож кийиш
даражасига етмаган, аммо «От!» деса отишдан, «Ос!» деса осишдан, «Бўғиб ташла!» деса
бўғиб ташлашдан қайтмайдиган икки йигитнинг икки қанотига кириши унга бахт ва омад
дарвозаларини ланг очиб берадигандай бўлди. У йўл-йўлакай «Парижда яшаганим яхшими ё
Флоридадами?» деган масалада ҳам бош қотиришга улгурди. У ўзи ёққан зулм ўтида ўзининг
қоврилажагини билмай хом хаёлларига банди бўлиб маза қилди.
Уларни шаҳар четидаги тўрт қаватли уйнинг учинчи қаватидаги беш хонали уйга
жойлаштирдилар. Деразаларига ўрнатилган янги панжараларга қараганда уй буларнинг
ташрифи учун махсус «жиҳозланган» эди. Эртасига яна етти киши келиб, уй тўлиб қолди.
Кўнгил истаган барча нарсалар: ароқ дейилса — ароқ, наша дейилса — наша, қора дори
дейилса — қора дори муҳайё этиб турилди. Кошак ҳатто «Боқув шунақа бўлса, чет элга
жўнашнинг ҳожати ҳам йўқ», деган хаёлга борди. Бўлажак иш режаси билан таништиришга
шошилишмади. Шунда Кошак уларни кузатиб турган бошлиқдан «бир уйдаги омонатини олиб
келиш» учун рухсат сўради. Бошлиқ катталари билан маслаҳатлашиб унга икки кунга ижозат
берди. Кошак ўзи билан келган йигитларнинг бирини ёнига олиб Самандарнинг уйини топди.
Кузатди. Эртасига слесар қиёфасида кирди. Кичик хона полининг тахталарини кўчирди.
Кўчирди-ю, лаққа тушганига амин бўлиб, ғазаб билан муштумини қисди. Қўлида учли бурама
михни ушлаб турганини ҳам унутди. Мих бармоғи учига санчилгандан кейингина ўзига келди...
Жаҳл отига минганича чиқиб кетмоқчи эди, аммо бошлиқнинг «бирорта из қолса, ўзингдан
кўр, у ер сен ўйлаган онангнинг уйи эмас», деган топшириғини эслаб, тахтачаларни жойига
қўйди. Жавонни ўрнига суришга эса улгурмади. Эшикдан ташқарида овозлар келгач, ўзини
ҳаммомга урди...Мурдалар гапирмайдилар (қисса). Тоҳир Малик
Тугмали буклама пичоқ билан эркакни бир ҳамлада ўлдирди.
Аёл дод солиб ошхона томонга қочди. Чап қўли билан оғзини юмиб, ўнг қўлидаги пичоқни
қовурғаси остига санчди. Аёл йиқилиб типирчилай бошлади. Унинг қулоғидаги зирак кўзи
ялтиллаб кетди — иккала зиракни шарт қулоқдан узиб ола қолди. Сўнг бармоқдаги узукларни
олди — ҳар ҳолда қуруқ кетмаётганидан қувонди. Аёлнинг жон бериши оғир бўлди. Унга раҳми
келди — стол устидаги пичоқни олиб, юрагига санчиб, бу дунё азобларидан қутқарди. Пичоқ
сопини рўмолчаси билан артиб қўйишни унутмади. Бошлиқнинг из қолдирмаслик ҳақидаги
топшириғини эслаб, бунинг ҳам чорасини топди — газ йўлларини очди.
Шанба куни уларнинг вазифалари аён бўлди. Шаҳарчадаги қайси уйларда бадавлатроқ
одамлар туришини алоҳида кўрсатишди. Гуруҳ иккига бўлинди. Биринчи гуруҳ — кейин келган
етти йигит — учраган одамларни ўлдириб, уйларни ёқиб кетиши керак эди. Кошак эса икки
шериги билан бадавлат хонадонларни талаб, сўнг ўт қўйишни зиммасига олди. Қўлга
киритилган бойлик ўн кишига теппа-тенг ҳалол бўлиниши қайд этилди. Вазифа яшин тезлигида
бажарилиши шарт эди. Шанба куни кечқурун уларни шу кўчалардан икки марта олиб ўтишди.
Эртасига кун ёйилганда, узоқда оломон кўриниши билан улар вазифаларини бажаришга
киришдилар. Алдангани учун ғазаб отига минган Кошак бу вазифаларни керагидан ортиқроқ
даражада бажаришга ҳаракат қилди. Биринчи уйга бостириб кирганидаёқ хонадон соҳиби
унинг кўзига дам Турсунали, дам Тенгиз бўлиб кўриниб пичоғини санчаверди... санчаверди...
Ҳар тиғ урганида кўнгли роҳатдан яйрайверди... яйрайверди...
Тўмтоқ ақли эса ҳадемай ўзининг қони ҳам оқажагини идрок этмади.
Вазифалар адо этилиб, ҳамма юз берган фожиа ҳақида бош қотираётган кунларнинг бирида
Тенгиз «оиласидан хабар олиш» учун ижозат сўраб Турсун-алининг ота уйига борди.
Амакиваччалар «СССР прокуратурасидан келган» Тенгизга монелик қилишмади. Боғ ўртаси
кавланиб, темир қутича олинди. «Акт» ёзилиб, амакиваччалар гувоҳ сифатида имзо чекдилар.
Бир неча йил тупроқ остида «жон сақлаган» темир қутича эртасигаёқ яна Тенгиз учун ишончли
бўлган жойга кўмилиб, эгаси озод бўлиб қайтгунига қадар кутди...
ТEНГИЗ
У ҳаёти йўлида тиканлар, тошлар борлигини биларди-ю, аммо оловларга дуч келарман, деб
ўйламаган эди. Тенгиз «Кошак билан вазифамиз бир бўлса, у ҳароми билан учрашаман», деб
янглишди. Вазифа ўталадиган жой бир бўлгани билан, бажарилуви лозим бўлган юмуш бошқа-
бошқа эди. Таъбир жоиз бўлса, худди болаларнинг «Оқ ва Қизил» ўйинига ўхшарди. Бир гуруҳ
бола Оқ, бир гуруҳи Қизилга айрилганидек, Кошак билан Тенгиз ҳам бўлинган эдилар. Кошак
ерли халқ номидан ваҳшийликни бошлагач, Тенгиз тоғликлар номидан қарши зулмни кўтариши
лозим эди.
Тенгиз ўзининг гуруҳи билан шаҳар турмасида вазифа бошланиш онларини кутди. Уларни
шанба куни кечқурун шаҳар ёнбошидаги тоғликлар зич яшайдиган маҳаллага олиб келиб,
пастқамроқ уйга жойладилар. Кошак гуруҳидан фарқли ўлароқ, улар макон топган ҳовлига
қуролли соқчилар қўйдилар. Тенгиз ва унинг шериклари содиқ хизмат қилмоққа ваъда
берганлари билан, уларга тўла ишонч йўқ эди. Шанба оқшомида вазифа билан
таништиришгач, «агар бажаришдан бош тортсангиз ёки қочмоқчи бўлсангиз, жо-йида отиб
ташлаймиз», деб огоҳлантиришди.
Кечаси Тенгиз ухлай олмади. Чекиш баҳонасида ҳовлига чиққанида бир одамнинг дарвоза
устунига мато боғлаётганини кўриб соқчига ажабланиб қаради. Соқ-чи унга «ишинг бўлмасин!»
дегандай қўл силтаб қўйди.
Кун ёйилганда бошлашди.
Аввал бир тўда ўтди. Уйлардан қора тутун ўрлай бошлади.
Сўнг кичик тўда пайдо бўлди. Олдиндаги Кошакни кўриб Тенгиз дарвозадан отилиб чиқай
деди. Соқчи «ҳали вақт бор», деб кўкрагидан итарди.Мурдалар гапирмайдилар (қисса). Тоҳир Малик
Кўчага қўйилиши билан Кошакни излади. Топди.
Сандиқ кавлаётган Кошак орқасида шарпа сезиб ўгирилди, аммо ўзини ҳимоя қила олмади
— Тенгизнинг қўлидаги пичоқ бўғзига қадалди-ю, томоғидан отилган қон сандиқ ичидаги
пулларни қизилга бўяди. Дам ўтмай унинг жасади ўзи ўлдирган уй эгаларининг мурдалари
билан бирга ёна бошлади...
Ўша дақиқалардаёқ миш-мишлар алангаси ҳамма ёқни қамраб олди:
— Ерликлар тоғликларни тириклайин ёндиришибди...
— Тоғликлар автоматлар билан қуролланиб катта куч билан шаҳарга ёпирилишибди...
Таҳлика, ваҳимада қолган аҳоли лочин чангалидан қўрққан полапонлардай нажот тилаб
қақшар эдилар.
Телевизорда эса мош ютган хўроздай бўлиб олган нотиқ кулимсираган ҳолда ваъз айтарди:
— Ҳамма жанжал қулупнойдан чиқибди... Одамлар ҳам нодон...
ОМОНУЛЛО
Ишхонада телевизор томоша қилиб ўтирган Омонулло бу гапларга ишонди. Икки кундан
сўнг у москвалик терговчиларга қўшилиб фожиа содир бўлган шаҳарга учди. У кетгач, сўровига
жавоб келди: «Сўровингизга биноан шуни маълум қиламизки, Павел Онопко (лақаби Кошак)
қамоқ лагеридан қочишга уринганида 1989 йил 20 май куни отиб ўлдирилган».
Уч ой давомида москаваликларга ёрдам берган Омонулло ишхонага қайтиб бу жавобни
ўқидию ниманидир сезгандай бўлди. Иркутскка бориб келишни илтимос қилди. Аввал ижозат
беришди, кейин эса «овора бўлмай ишни ёпиб қўя қолинг», деган маслаҳатда тўхташди.
Шу тўхтамга келинган куни оқшомда прокуратурадан Мелс Хўжаев қўнғироқ қилиб «Ака,
Иркутскка бормоқчи эмишсиз, агар маслаҳатимга кўнсангиз — борманг. Сабабини кейинроқ
бафуржа гаплашармиз», деди.
Бу орада Фотима Ҳиндистондан қайтди.
Ваъдаги биноан баҳорга чиқиб ўғил туғиб берди.
Диссертатсиясини ҳимоя қилаётганда Омонулло бешикдаги ўғлини сўрғичда овқатлантириб
ўтирар эди. Болтаеванинг ўлимига оид ишни тўхтатишдан воз кечолмагани учун истеъфога
чиқишга мажбур бўлган Омонулло учун ўғил боқиб ўтириш улуғ бир бахт бўлиб туюлар эди...
СЎНГ...
Адолат Омонуллога қатнайвериб, охири эрининг молини қўлга киритди. Омадини қарангки,
янги сов-хоз директорини ҳам қўлга киритишга эришди — катта қизини унга қўшиб қўя қолди.
Тошболта олиб келган бойликнинг бир улуши совхоз директорига тегишли эди. Адолат шу
бойликни олиб кетиш учун уни уйига таклиф этди. Едирди, ичирди, сўнг...
Ичкарида янги директор ҳузурланар...
Бу ёқда Адолат қувнар, орзулардан тилла саройлар қурар...
Айвонда эса жон бераётган Тошболтанинг лаблари бир томчи сувга зор...
ВА НИҲОЯТ...
Ўн йил ичида дунё ўзгариб кетди. Кўп юртларни босиб ётган қоронғулик чекинди, бало
булутлари тарқагандай бўлди. Офтоб чарақлаган кунларнинг бирида Омонуллони хизматга
қайтардилар. Учинчи ўғли туғилганида у полковник даражасига етган эди.
Офтоб нуридан гул ҳам, чақир тикан ҳам баҳраманд бўлганидай, ўпкасини совуққа олдирган
Турсун-али ҳам уйига барвақт қайтди. Ўзини туҳмат балосига учраган мазлум сифатида
кўрсатиб, ҳеч бўлмаганда совхоз директорлигини қайтариш илинжида кўп уринди. Аммо
уринишлари зое кетди. Яхшики, шогирдига инсоф кириб, уни қанотига олди. Турсунали буни
шоҳсупа сари босилган биринчи қадам деб ўйлади. Аммо нафс яна ўз ишини қилди: бир вагонМурдалар гапирмайдилар (қисса). Тоҳир Малик
маъдан ўғитларини пуллаётган пайтда қўлга тушди-ю, ўзи билан бирга шогирдини ҳам чоҳга
тортди.
Оқибатда:
Адолатнинг қизи ўйнашсиз қолди...
Матлуба яна эрсиз...
Матлубанинг биринчи келинини уй остонасига олиб чиқиб «қайнотасига салом...»
дейишаётганда салом эгаси Учқудуқдаги қамоқ лагерида ўз тақдирини лаънатлаб ўтирарди.
Нуриддин эса...
Қўтоснинг сабоқлари зое кетди. Уйига қайтгач, Нуриддин ота касбини қилди — одам
ўлдирган қўлларнинг кетмон дастасига кўникиши қийин бўлса-да, барибир изига қайтмади.
Бир куни шомда ғўзаларга сув тараётган дамда шийпон яқинида машина тўхтаб, ундан
башанг кийинган одам тушди. Бригада бошлиғи ҳам кетиб бўлган, далада Нуриддин ёлғиз эди.
«Хўжайинлардан бири келди», деб ўйлаб, шийпонга яқинлашди-ю, Тенгизни кўрди. У билан
қандай кўришишни билмай тараддудланганида Тенгиз қучоқ очди:
— Ҳамзат! Саломатмисан, биродарим! — деб қучоқлаб олди.
Нуриддин «мени яна ўғирликка тортгани келган», деган фикрда, рад жавобини қандай
қилиб айтишни билмай ўтирганида Тенгизнинг ўзи мушкулини осон қилди:
— Сени олиб кетгани келганим йўқ, қўрқма, — деди у. — Сендан ўғри чиқмаслигини
билардим. Сени у томонларда сақлаб қолишнинг бошқа йўли йўқ эди. Мен юртингдан озроқ
қарз бўлиб қолган эдим, тўғрироғи, товон тўлашим керак эди, шуни тўлагани келдим.
Атаганимни бераману кетаман. Энди замон бош-қа, Ҳамзат, ҳаёт ҳам бошқача бўлади. Сен
болаларингни ўзингга ўхшатиб тарбиялама. — Тенгиз шундай деб машинадан ихчам жомадон
олиб очди. Унинг ичидаги пулу жавоҳирни кўриб Нуриддин лол қолди. Тенгиз пуллардан бир
тахламини олиб Нуриддинга узатди:
— Тўйингга келолмадим, бу сенга тўёна.
Нуриддин олмайман, деб чекинган эди, Тенгиз пулни унинг қўнжига солиб қўйди.
— Тўёнадан қайтмайди, аҳмақ! Сендан битта илтимосим бор: ўғилларингдан бирининг
исмини Ҳамзат деб қўй, майлими? — У шундай деб жомадонни ёп- ди. — Буниси юртингга
тўлайдиган товон...
Шундай деб кетди...
Нуриддин уни бошқа кўрмади...
Тенгиз унинг учун ширин хотира бўлиб қолди...
АЙТАР СЎЗЛАРИМ ШУКИ:
Ҳар бир нарсанинг ибтидоси бўлгани каби интиҳоси ҳам мавжуддир. Тангри-таолонинг буюк
лутфи, карами ва марҳамати ила баёнимиз шу ерда ниҳоясига етди. Шони Азийм бўлган
Оллоҳга беҳад ҳамду санолар бўлсин. Ўқиганингиз мазкур баёнларда ютуққа арзирли жиҳатлар
бўлса — Оллоҳнинг марҳаматидандир. Сизни ишонтирмаган, ғашингизга теккан,
ҳафсалангизни пир қилган ерлари бор экан, бу қаламимиз ожизлиги, эътиборсизлигимиз,
лоқайдлигимиз ва яна аллақанча айбларимиз туфайлидир. Бунинг учун сиз, азиз
китобхонлардан узр сўраб, Яратганнинг олдида тавбалар қиламизким, шояд тавбаларимиз
қабул бўлиб, бундай кейинги битикларда Ҳақ йўлдан адаштирмаса.
Баёнларда қора бўёқлар кўпроқмикин, деб ажабланарсиз балки? Ажабланманг, бу хато
маҳсули эмас. Атайин шундай қилинди. Зулмдан қочмоқликнинг, зулмга нафрат қилмоқликнинг
йўлларидан бири — зулм аслан қандай эканини яхшироқ ва аниқроқ кўриш, англаш, таҳлил
қилмоқликдир. Нафснинг келажаги — зулмдир, зулмнинг келажаги эса — хорликдир. Биз ана
шу оддий ҳақиқатни баён қилмоқчи бўлдик. Бадан поклиги баданга, руҳ поклиги руҳга ҳаёт
бағишлайди.Мурдалар гапирмайдилар (қисса). Тоҳир Малик
Оллоҳ Таборак ва Таоло «Мулк» сурасининг иккинчи оятида марҳамат қилиб айтадики:
«Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Аллазий холақол мавта вал ҳаята лияблувакум айюкум аҳсану
амалан. Ва ҳувал азизул ғофур.» (с.а.) (Маъноси: Эй Одам фарзандлари! У ўлимни ва ҳаётни
сизларнинг қайси бирларингиз амалда яхшироқ эканликларингизни синаш учун яратгандир. У
барчадан ғолибдир ва гуноҳларни кечувчидир.) Қаранг, инсонни синаш учун ўлим ва ҳаёт
яратилган экан. Ажаб, нима учун бу ояти каримада аввал «ўлим», сўнгра эса «ҳаёт» калимаси
келяпти? Баъзи уламоларнинг айтишларича, бунинг ҳикмати одамларни яхши амалларга
чорлаш экан. Бошқа уламолар эса, «Тафсири ҳилол»да таъкид этилганидек, бунинг ҳикматини
«ўлим» калимасининг мазмуни «ҳаёт» калимасининг маъносидан теранроқ, қамровлироқ
эканида, деб биладилар. Яъни, ҳаёт — бу ўткинчи дунёнинг қисқа даври, ўлим эса боқий
дунёдаги абадий ҳаётнинг бошланишини билдирар экан. Демакки, ўлим — фоний дунё
интиҳоси ва боқий дунё ибтидосидир. Шунга кўра, ўлимни эслаган одам доимо унга
тайёргарлик кўриши ва фоний дунёни тарк этгач, шарманда бўлмаслик учун ўзини яхши
ишларга сафарбар қилмоғи лозим экан. Аммо, биз — ожиз, нотавон, гуноҳкор бандалар бунга
ҳамиша ҳам амал қилавермаймиз.
Бу дунёни ташлаб кетганлар гапира олсалар эди, биз бу гапларни эшита олсак эдик,
ғафлатдаги юмуқ кўзларимиз мошдек очиларми эди...
Биз «гапирмайдилар», деймиз, аслида улар гапирадилар, аммо биз эшитмаймиз, эшитсакми
эдик, қалбларимиз пораланиб кетарми эди... уларнинг афсуслари, чеккан нолаларидан
қулоқларимиз қоматга келарми эди...
Суюкли пайғамбаримиз Муҳаммад, саллаллоҳу алайҳи васаллам, шундай марҳамат қилган
эканлар: «Жоним қўлида бўлган зотга — Оллоҳга қасамки, сизлар менинг сўзларимни улардан
(яъни ўликлардан) яхшироқ англагувчи змассизлар, фақат улар жавоб қила олмайдилар
холос...»
Бу муборак ояту ҳадисларнинг маъносига етмоғимизни Оллоҳ барчаларимизга насиб этсин.
Неча кунларингизни, тунларингизни, соатларингизни аямай биз билан ҳамсуҳбат
бўлганингиз учун сизлардан бениҳоя миннатдормиз. Оллоҳ барчаларингизнинг
хонадонларингизга қут-баракот бериб, куллу офатлардан асрасин.
Барчаларимизга руҳ поклиги насиб этсин! Омийн я Роббил-оламийн!
1998 йил.
ИБРАТЛИ ХИКОЯЛАР
#Мурдалар гапирмайдилар (қисса).
Тоҳир Малик 23-кисм (охири)
— Хонада шунча бўш жой туриб, жавон ҳеч замонда деразага тақаб қўйиладими? —
Бобомурод шундай деб «жавон аввал қаерда турган бўлиши мумкин?» деб чамалади, сўнг
деворга яқинлашиб жимир-жимир гулли қоғозларга битилган ҳарфларни ўқимоқчи
бўлаётгандай тикилди: — Жавон узоқ вақт мана бу ерда турган. Яхшироқ қарагин, чанг
изларини кўрасан. Энди пастга қара: гиламнинг четларини жавон босиб турган. Уни ким, қачон
сурган?
Бобомурод саволига жавоб кутмай гиламнинг бир учини эҳтиётлик билан тутди-да,
Омонуллога «бу учини ушла», деб буюрди. Икковлашиб гиламни ўраб, четга сурдилар. Уй
ўртасидаги тўртта пол тахтанинг кўчирилганини аниқлаш учун криминалист бўлиш шарт
эмасди. Бобомурод «Қалайсан энди?» дегандек Омонуллога қараб қўйди-да:
— Ҳеч маҳал пол тахтанинг бурагич михлар билан қоқилганини кўрганмисан? — деб сўради.
Омонулло ундан кўзларини олиб қочди. Худди шу ерда ўша куни Тошболтанинг
жомадонлари турган, шунинг учунми, гиламни кўтариб қараш ҳеч кимнинг хаёлига келмаган
эди.
— Одамларингни чақир, текширишсин. Бу ерда нимадир бўлган, — деди Бобомурод.
Омонулло навбатчига қўнғироқ қилгач, «Анави вундеркинд болангни бир кўрмаймизми?» —
деб таклиф қилди.
Омонуллога бу таклиф маъқул келди. Аслида Самандар билан бўлган учрашувдан сўнг
юқори қаватга кўтарилмоқчи эди. Вақт зиқлиги учун «бола яна эзмаланиб, ақл ўргатишни
бошласа ишларим қолиб кетади», деб учрашувни кейинроққа сурган эди. «Ҳозир айни пайти»
деган фикрда юқорига йўл бошлади. Қўнғироқ тугмасига қўл юборганида ичкаридан
«кираверинг, эшик очиқ» деган овоз кутди. Кутган таклиф эшитилмагач, ажабланган тарзда
қўнғироқ тугмасини босди. Иккинчи марта босишга улгурмай эшик очилиб, паст бўйли, озғин,
рангпар аёл кўринди-да, «келинглар», деб уларга хавотир билан қаради. Омонулло ўзини
таништиргач, «Абдуқаюм билан гаплашмоқчи эдим», деб мақсадини айтди. Аёл Бобомуродга
бир оз тикилиб қаради-да, «киринглар», деб ичкарига чекинди.
Омонулло ичкари кириб Абдуқаюмнинг бўш каравотига кўзи тушди-ю, кўнглига нохушлик
оралади. Бўш каравот, аёлнинг ҳорғин кўринишидан хаёлига турли фикрлар ёғила бошлади.
Аёл кўрсатган жойга ўтиргач:
— Абдуқаюм қаердалар? — деб сўради.
— Сурат ишлаяпти, ҳозир чиқади. Унинг овунчоғи шу...
— Сиз оналари бўлсангиз керак?
— Ҳа.
— Аввал келганимда ёлғиз экан.
— Айтди. Мен ишда эдим. Адамиз сафардалар... — Аёл ногирон боласини ёлғиз ташлаб
кетганидан ўнғайсизланиб изоҳ берди: — Яқинда ишга кирдим. Аввал уйда эдим. Абдуқаюм
«катта бўлиб қолдим, ўзимни ўзим эплайман», деб зўрлади. Ҳадеб атрофида парвона бўлишим
ҳам ёқмай қолди шекилли. Шу боламнинг кўнглига қарайманда. Номигагина ишлайман. Уч-тўрт
соатга бориб келаман.
Аёл гапларини тугатмай, ичкаридан Абдуқаюмнинг «Ойижон, мен ҳозир тугатаман,
меҳмонларга чой бердингизми?» деган овози келди. Аёл «хўп, жоним», деб қўйиб жавон
тортмасидан оқ дастурхон олиб стол устига ёйди. У ошхонага чиққач, Бобомурод ўрнидан
туриб даразага яқинлашди-да, кўчага қараб олди.
Бир пиёладан чой ичишга улгуришмай ичкари хонадан Абдуқаюмнинг «Ойижон, мен
бўлдим», деган овози эшитилди. Аёл ошхонадан қарийб югуриб чиқиб эшикни очди-да,
чироқни ёқди. Кейин ичкари кириб аравачада ўтирган ўғлини олиб чиқди. Абдуқаюм очиқ
чеҳра билан салом бериб, худди ёш боладек қувнаб кетди.
— Эрталаб келганингизда учрашармикинсиз, девдим. Чиқмаганингиз яхши бўлди, ҳозир
сизга «сюр-приз» тайёрлаб қўйдим.Мурдалар гапирмайдилар (қисса). Тоҳир Малик
Абдуқаюм шундай деб «бу киши ким?» деган маънода Бобомуродга қараб олди.
— Устозим... — деди Омонулло ўгай отасини таништириб.
— Сиз Самандар акамни қамаб қўймадингизми ишқилиб? — деди Абдуқаюм муғомбирлик
билан жилмайиб.
— Йўқ. Қамашим керакмиди?
— Шунақа хаёлингиз бўлган-ку, тўғрими?
— Тўғри. Лекин менда хаёл эмас, гумон бўлган.
— Ҳаммасидан ҳам ана шу гумон ёмонда. Гумон — бир томондан ҳақиқатга қўшни, иккинчи
томондан зулмга. Ҳақиқатнинг девори баландроқ, дарвозалари мустаҳкамроқ бўларкан.
Дарвозани очишга қийналсангиз, баланд девордан ошиб тушишга эринсангиз деворининг
тайини йўқ бу қўшниникига кира қоласиз, тўғрими?
— Унчалик тўғри эмас, гумон кўчасидан ўтмай, ҳақиқат саройига кирилмайди.
— Лекин сиз гумонга асосланиб ҳам қамайсиз-ку, тўғрими? Яна «қамоқ» демайсиз, «еҳтиёт
чораси», дейсиз, а?
Омонулло «кўрдингизми бу болани, «вундеркинд» деб тўғри айтдингиз», деган маънода
Бобомурод билан кўз уриштириб олди-да, ўсмирнинг донолиги эриш туюлса ҳам фикрларини
давом эттираверсин-чи, деб арқонни узун ташлаб, саволларига шошилмай жавоб бераверди:
— Эҳтиёт чораси баъзан зарур бўлади.
— Қочиб кетмаслиги учунми?
— Баъзан ундай, баъзан эса бир одамни шерикларининг ҳамласидан асраш учун ҳам шундай
чора кўрилади.
— Самандар ака қайси бирига кирадилар?
— Самандар акангиз айни пайтда озодликдалар, тилхат олиб, қўйиб юборганмиз.
— Ие, бўлар экан-ку? Опоқим «қўлларини кишанлаб олиб кетишди», деганларига сиқилиб
ўтирувдим. Сизларга барибир-да, олим одамни ҳам каллакесарнинг ёнига қўйиб
қамайверасизлар.
— Қамоқда олим одам учун алоҳида имтиёзли хона бўлмайди. Бунақа имтиёзлар, унвонлар,
мартабалар озодликда бўлади. У ерда ҳамма тенг. Мартабалари ҳам, имтиёзлари ҳам баб-
баравар.
— Китобдаги гапларни айтяпсиз менга. Биринчи марта ўтирган одам билан учинчи ё
тўртинчи марта қамалган одамнинг шароити бир хил бўлмайди-ку? Бизнинг бир қариндошимиз
борлар. Уч-тўрт йил қамоқда ўтирсалар, озодликда бир-икки ойгина юрадилар. Яна бир бало
қилиб қамаладилар. Ўша одам Самандар ака билан ўтирса тенглик бўлармиди? Чойи бўлса
чойини ичиб қўяр, сигарети бўлса чекиб қўяр... Менга ўзлари айтиб бердилар: одамларни
лақиллатиб қарта ўйнарканлар. «Просто так, «дурак» ўйнаймиз» дерканлар. Кейин «про СТО
деганман», деб юз сўмни бўйнига қўярканлар. Сиз айтган тенглик шуми? Нега куляпсиз?
Бобомурод мийиғида кулган эди, йигитчанинг зийрак нигоҳи шуни ҳам илғаб, уни саволга
тутди:
— Мен кулгили гап айтдимми?
— Худди қамоқхонада яшаб чиққандай гапиряпсиз, ука, — деди Бобомурод.
— Гапларим нотўғрими?
— Тўғри. Лекин ҳар бир жойнинг ўз қонунлари бўлади. Бу ҳаётда лалайган одам эртами-
кечми қамоққа тушиши мумкин. Қамоқда лалайган одам эса лаҳадга тушади. Ҳаёт ҳам урушга
ўхшаган нарса, ука. Ким лалайса ё туҳмат ўқига учрайди, ё камбағаллик тўрига илинади, ё яна
бошқа бир балога учрайди. Жанг пайтида керишиб, эснаётган одамнинг миясини ўқ ўпириб
юборадими? Ҳаётда ҳам шундай. Зийрак одам яшаб қолади.
— Санжар ака лалайган лақмамилар?
— Унақа деганим йўқ. Ман у одамни танимайман. Танимаган одамимга эса баҳо бера
олмайман.Мурдалар гапирмайдилар (қисса). Тоҳир Малик
Шу пайт Абдуқаюм сурат ишлаб чиққан хонада нимадир чирсиллади.
— Ойижон, суратлар қуриди, қуритгични ўчириб қўйинг, илтимос, — деди Абдуқаюм ошхона
томонга қараб. Онаси дарров чиқиб, айтилган ишни бажарди.— Бугун қўлларимга анча жон
кириб, суратларни ишлаб қўя қолдим, — Омонулло Абдуқаюмнинг панжалари бу сафар
енгилроқ боғланганига эътибор берди.— Ака, сиз кетганингиздан кейин мен кўп ўйландим.
Одамлар туғиладилар, яшайдилар, ўладилар. Туғилса — қувонамиз, ўлса хафа бўламиз. Ўша
ўлган одам тириклигида ярамас ишларни кўп қилганига қарамай ачинаверамиз,
афсусланаверамиз. Мен аввал кўришганимизда ҳам айтувдим: Нафиса опани сиз қидираётган
одам ўлдирмаганида ҳам барибир бошқа баҳонаи сабаб билан бу дунёни ташлаб кетардилар.
Сиз ҳозир қотилни эмас, сабабчини қидиряпсиз. Биласизми, мен одамнинг ўлганига
ачинмайман. Чунки ўлим ҳамма учун аталган неъмат. Мен имонсиз кетган одамларга ачинаман.
Имонсиз кетса у дунёдаги аҳволи ночор бўлади, мен шунга афсусланаман. Нафиса опа анча
имонга кириб қолай девдилар... савол-жавоблари осон бўлсин, ишқилиб... Ойижоним баъзан
менга қараб туриб ранжийдилар, менинг бунақалигимдан эзиладилар, ўзларини айбдор деб
ҳисоблайдилар. Дўхтирлар «сизга туғиш мумкинмас», дейишган экан. Дўхтирнинг айтгани
эмас, Оллоҳнинг хоҳлагани бўлади. Оллоҳ ойижонимга фарзанд беришни ихтиёр қилдими —
дўхтирингиз нима дея олади? Кўп гапиряпти, деб ғашингиз келмасин. Шу гапларни айтиш учун
роса ўйладим-да. Сиз қотилними ё бошқа жиноятчиними излайсиз, ушлайсиз, қамайсиз. Лекин
бирини қамасангиз иккинчиси тайёр туради. Сиздан олдингилар ҳам қамаб тугатолмаган,
сизлар ҳам тугатолмайсиз, кейингилар ҳам. Нима учун, биласизми? Амаки, айтаверайми,
жаҳлингиз чиқмайдими?
Бобомуродга бу йигитчанинг ёшига ярашмаган тарз-да ақлли гапларни айтаётгани аввалига
сал эриш туюлган бўлса-да, энди хуш ёқаётган эди. Шу боис Омонулло билан кўз уриштириб
олиб:
— Гапираверинг, фикрларингиз менга ёқяпти, — деб тўғрисини айтиб қўя қолди.
— Сизларнинг ишингизда битта хато бор: «шу одам нимага қўлига пичоқ олди, нимага
ўлдирди, нимага ўғирлади?» деган саволга жавоб қидирмайсиз. Сиз учун бу одамнинг
жиноятни бўйнига олгани муҳим. Сабаб муҳим эмас. Сиз ўтни ўриб оласиз. Илдизи эса
қолаверади. Мен ўйлаб-ўйлаб шу илдизнинг нималигини билганга ўхшайман. Тўғриси, битта
китобни ўқиб туриб шу фикрга келдим. Ҳамма жиноятнинг бир қаноти НАФС, иккинчи қаноти
ҚАЛБнинг нурсизлиги, қалбнинг бўшлиги экан. Ойижоним шу китобдан бир неча сатрни ёзиб
бердилар, ўқийсизми?
Абдуқаюм шундай деб аравачаси ёнидаги қопчиқдан тўртта букланган бир варақ қоғоз
чиқариб, Омонуллога узатди. Омонулло қоғозни очиб аввал сатрларга шошқич кўз югуртирди-
да, сўнг овозини чиқариб ўқиб бошлади:
— «Қалбингизни ўйланг! Инсон қалби бир гўшт парчасидан иборат эмас. Қалбда маънавий
ҳақиқат, Раббоний латофат жо этилган. Қалб айни пайтда инсон кўнглининг эшиги,
деразасидир. Деразадан таш-қарига қараганингизда ерларни, осмонни, юлдузларни
кўрганингиздек, қалбингизга боққанингизда ҳам кўнгил оламингизни мушоҳада қиласиз. Бу
олам— нуроний олам: тенгсиз, кенг, теран олам бўлиб, арши аълога қадар узаниб кетган.
Ўзингизни ана шу оламга ўтганингизни, ҳар тарафингизнинг нурга тўлиб-тошганини ҳис
қилинг...» — Омонулло хатни ўқиб бўлиб аввал ўгай отасига сўнг жиддий нигоҳини қадаб
ўтирган Абдуқаюмга қадади: — Тайёрлаб қўйган сюрпризингиз шуми?
Омонулло шу савол билан сатрлар маъносини теран ҳис этолмаганини ошкор қилди.
Абдуқаюмнинг ўзи бу сатрлардан ғоят таъсирланган, бошқалар ҳам шу ҳолатда бўладими, деб
фикр қилган эди. Бу чақириқнинг Омонулло учун оддий гапдай туюлганидан ранжиб, афтини
ошкора буриштирди.
— Бу Жўшон ҳазратнинг гаплари. Сюрприз ке-йинроқ бўлади. Сиз аввал сўрайдиганингизни
мендан сўраб олинг.Мурдалар гапирмайдилар (қисса). Тоҳир Малик
— Бизни бир нарса қизиқтиряпти: пастдаги уйда тарақлаган овоз эшитилмадими? Масалан,
мих қоқилганими ё тахтанинг тарақлаганими? — деб сўради Бобомурод.
Абдуқаюм бир оз ўйлаб ўтиргач:
— Эшитилди, — деди. — Лекин мен слесарлар ишлаяптимикин, деб ўйловдим.
— Қанақа слесарлар? Қачон ишлашди?
— Қувурларни, иситгичларни алмаштирамиз, деб юришган экан.
— Сиз уларни кўрдингизми?
— Йўқ, бизникига киришмади. Аввал пастки қаватдагиларникини алмаштиришаркан.
Опоқимга учрашибди. Нафиса опам ишда эканлар, «қачон келади?» деб сўрашибди.
— Опоқингиз айтдими?
— Ҳа.
— Омонулло, ЖEКка қўнғироқ қил. — Омонулло «кеч бўлди», деган маънода соатига
қараган эди, изоҳ берди: — Навбатчи бўлади.
— Ҳа, навбатчи бўлади, — деб қувватлади Абдуқаюм, сўнг онасини чақирди: — Ойижон,
ЖEКнинг телефонини беринг.
ЖEК деб аталмиш идора навбатчиси телефон гўшагини дарров кўтара қолмади. Омонулло
тўртинчи марта рақам тергач, норози оҳангдаги «алё» деган товуш эшитилди. Омонулло ўзини
танитганидан сўнг «иситиш қувурларини қачон алмаштиришга киришасизлар?» деб сўради.
— Буни хўжайинлардан сўранг. Бугун шанба, эртага якшанба. Индинга келиб сўрайсиз. Биз
кичкина одаммиз, — деб жавоб қайтарди навбатчи.
— Хўжайиннинг уйларидаги телефонни беринг, — деди Омонулло.
Навбатчи бир оз иккиланиб тургач, телефон рақамларини айтди. Бошлиқ уйида экан.
Омонуллонинг саволига «1989 йилги режада бундай иш йўқ», деб қисқа ва лўнда жавоб берди.
Омонулло унинг гапини Бобомуродга айтгач, Абдуқаюм жонланди:
— Ўзим ҳам шундайдир, деб ўйлаган эдим, — деди қувонч билан.
Ундаги бу ўзгариш меҳмонларни ажаблантирди.
— Ойижон, илтимос, суратларни олиб чиқиб беринг, — деб ялинди Абдуқаюм. Аёл турли
ҳажмдаги ўнга яқин суратларни олиб чиқиб бергач, Абдуқаюм улар орасидан иккитасини
ажратиб, Омонуллога узат-ди: — Қаранг: мана шу одам бир кун олдин «слесарман» деб келган
эди. Опоқим билан шу гаплашган бўлиши керак. Эртасига ҳам келган. Мен сурат яхши
чиқадими ё йўқми, деб гумонсираб, сизга айтмовдим.
— Бу одамнинг кирганини кўргансиз, чиққанини-чи?
— Кўрдим.
— Қўлида тугунми ё шунга ўхшаш нарсами бормиди?
— Йўқ.
— Уйда тахминан қанча вақт бўлди?
— Бир соатчадир.
— Самандар акангиздан олдин келдими?
— Ҳа. Нафиса опамлардан ҳам олдинроқ келган.
— Самандар акангиздан олдин чиқдими ё кейинми?
— Кейин шекилли... Ҳа, кейинроқ чиқди.
Омонулло «уйда беркиниб турганми? Унда газчи? Очилов газни ўчириб, деразани очган
экан. У чиқиб кетганда ҳам уйда қолган бўлса нима учун деразани беркитиб, газни яна
очмади? Ёки... нима учун Очиловни ҳам ўлдирмади?...» деган маънода Бобомуродга қараб
қолди. Бобомурод ҳам айни шу хаёлда эди.
— Тўхтанг... — деди Абдуқаюм ўйланиб олиб. — Самандар ака машинадан тушганларида
кимдир юқори қаватга кўтарилди. Самандар ака қайтганларидан ке-йин пастга тушди. Кейин...
шу одам кўчага чиқди.Мурдалар гапирмайдилар (қисса). Тоҳир Малик
Омонуллонинг «зинада рўпара келиб қолишдан чўчиб юқорига кўтарилганми?» деган савол
назарига Бобомурод тасдиқ ишорасини қилди.
— Бу суратни бизга бериб тура олмайсизми? — деб сўради Омонулло.
— Марҳамат, сиз учун атай ишладим...
— Лекин... биз ҳақ тўламаймиз-да? — деди Омонулло кулимсираб.
Абдуқаюм аввалги учрашувдаги гапига шамаъ қилинганини фаҳмлаб кулди-да:
— Америкага борганимизда тўлайсиз, — деди.
Бобомурод бу ҳазилга тушунмай, бир тутинган ўғлига, бир йигитчага ажабланиб қаради.
Абдуқаюм эса қолган суратларни ҳам Омонуллога узатди:
— Ўша куни қўлим шикастлангунича олган суратларим: Самандар ака ҳам борлар.
Чиндан ҳам машинага ўтираётган Самандар суратга тушиб қолган эди. Ўриндиққа ўтираётиб
уй деразасига ўгирилиб қараган Самандарнинг кўзларида ҳадик муҳрланган эди. «Бечора эр»,
деб ўйлади Омонулло унинг жавдираган кўзларига қараб.
Уй бекасини «овқат тайёр бўлиб қолди, ўтиринглар», дейишига қарамай, хайрлашиб, пастга
тушдилар. Омонулло қўшни эшик қўнғироғи тугмасини босди. Абдуқаюмнинг опоқиси слесар
ҳақидаги гапларни тасдиқлаб, суратдаги одамни ҳам танигач, Бобомурод «хомлигингни исбот
қилдимми?» деган маънода муғамбирлик билан кулимсиради.
Бу орада етиб келган текширувчилар гуруҳи Омонуллодан топшириқ олиб, бетўхтов
равишда ишга киришдилар. Омонулло Бобомуродни «вазирликдаги устозим», деб
таништиргани учун «устоз» уларнинг ишларига аралашди. Кўчириб, сўнг ўрнига қўйилган
тахталарни олиш қийин бўлмади. Бу ердан нимадир қидирилгани аниқ эди. Аммо ўша
«нимадир» топилганми ё йўқми — шу номаълум эди. Бобомурод ҳар бир нуқтани синчиклаб
текширишни талаб қилди. Оқибатда бураб олиниб сўнг жойига қоқилмаган михга қон теккани
аниқланди. Шу михқалпоғида бармоқ изларининг қолгани улар кўнглига чироқ ёқди. Бармоқ
излари полтахталари остида қолиб кетган қўлбола бурагичда ҳам бор эди.
— Бармоғини уриб олган ёки нимадир кесган. Бурагични йўқотиб, тополмаган. Шубҳасизки,
шошилган. Агар излаганини тополмаган бўлса, асабийлашган, — деди Бобомурод.
— Асабийлашса тахталарни жойига қўйиб, гиламни ёпармиди?
— Ҳамма ёқни ағдар-тўнтар қилиб ташлаб кетарди, демоқчимисан? Агар хом ўғри бўлса,
шундай қилади. Дурустроқ нарсанинг исини олган бўлса, дарров сир бой бермайди. Бу ердан
бўлмаса бошқа жойдан чиқишини кутади. Пайт пойлайди. Ҳар ҳолда у уй эгаларининг келиб
қолишларини кутмаган. Агар улар ҳаммомга мўралаб уни кўриб қолишмаганда ўлишмаган
бўлишарди.
... Шу каби турли тахминлар билан ярим кечада уйларига қайтишди. Эртасига бармоқ
излари ва сурат бўйича тегишли сўров юборилди. Жавоб узоқмади: «Павел Онопко. Херсонда
туғилган. Лақаби — Кошак. Украина ССР жиноят кодексининг (...) моддалари билан озодликдан
маҳрум этилган. Ҳозир Иркутскдаги (...) қамоқ лагерида...»
Иркутск? Омонулло Тошболтанинг «Иркутскка борувдим» деган гапларини эслади. Эслади-
ю, «Ўша ерда изига тушдими?» деган савол хаёлини ёритди. Кейин «Ахир у қамоқда бўлиши
керак-ку?» деб ўйлаб, нав-батдаги сўровни юборди. Бу орада Нафисанинг ўйнаши ёдига тушиб,
тортмадаги қоғозлар орасидан Матлуба берган хатларни ажратди-да, манзилига қаради.
Қаради-ю, рўпарасидаги зимистон ёришгандек бўлди. Эшик қулфининг калит билан эмас,
ясама михочқич билан очилганини далилловчи хулоса эса унга энди аҳамиятсиздек туюлди.
Якшанбани архивга оид маълумотларни ўрганиш билан ўтқазиб, уйига кеч қайтди. Уйқуга
тўйиб улгурмай телефон жиринги уйғотди...
Учинчи баён: ОЙДИНЛИК