Кимга пулдори ширин,

Кимга дилдори ширин.
Менга эса қадрдон
Дўстлар дийдори ширин!
Дардим айтсам тинглаган,
Кўзимдан ҳам англаган.
Ўзим бир-бир танлаган
Дўстлар дийдори ширин!
Ҳасад қилмас молимга,
Куйсам кулмас ҳолимга.
Кўнган менинг боримга
Дўстлар дийдори ширин!
Суҳбатида яйрайсан,
Булбул бўлиб сайрайсан.
Асрайсан-авайлайсан
Дўстлар дийдори ширин!
Сохта дўстдан асрасин,
Жонга қасддан асрасин.
Номард, пастдан асрасин
Дўстлар дийдори ширин!
Кимгадир моли ширин,
Кимгадир жони ширин.
Менга эса қадрдон
Дўстлар дийдори ширин!

Комментарии