​​Саҳарда автолар шовқини ҳали ухлаб ётар.

Соялар ҳам.
Юзига шакл тушмаган
кўчаларни кесиб ўтаман.
Йўлчироққа бўйсунмай қушлар учар.
Уларнинг йўлидан ўсиб чиқмас қизил, сариқ, яшил.
Чегара қўймас уларнинг йўлига биров.
Чегара қўймас уларнинг кўнглига биров.
Қушлар - мусулмон.
Канда қилмайдилар бомдод намозин.
Онам таъкидлайди неча бор:
Саҳар туриб бомдодни ўқи, кун чиққунча битар бир дунё ишинг.
Ундан кейин ухласанг бўлар...
Онамга мен эмас, қушлар ўхшайди.
Қулоқчинда ичимни тўлдириб янграётган сантур оҳангига мос қадам ташлайман.
Нега мусиқани шайтоний дерлар?
Мен оҳанг ичида яққолроқ кўраман Худони.
Оҳанг секинлашса,
руҳим сув каби шимилиб кетар туфроққа,
Оҳанг авжида,
руҳим учар танамни ташлаб -
кимнидир излайман нурга айланиб
(кимлигин ўйласам, мижжаларим қақшайдир бахтдан!)
Субҳ ҳиди анқийди шаҳарда.
Анҳорнинг бу‌йида қўр тўкиб ўтирар мўйсафид чинорлар.
Анҳор тиним билмас.
Отамга ўхшайди.
Оқаверади-оқаверади.
Фарқига бормайди эрта ва кечнинг.
Бўёқлари аниқ ўриндиққа,
Заиф панжараларга
табассум улашаман,
уялмай тақдим этаман кўз ёш.
Нега куляпман?
Нега йиғлаяпман?
Иши бўлмас бирор кимсанинг.
Қувват бериб, қувват оламан -
Севгига лим тўлар нафасим.
Аста-секин шовқинлар уйғонар.
Соялар,
Шакллар ҳам.
Ҳали гавжум муҳташамлашмай,
ҳали тиниқлашмай соялар -
ҳеч қандай ҳодиса юз бермагандай
қайтаман уйга.
Кетганимни сезмайди ҳеч ким,
қайтганимни ҳам.

Комментарии

Комментариев нет.