​​ЖАННАТНИ ҚАНДАЙ СОТИБ ОЛАМИЗ?

"Эй Раббисидан юз ўгир ган инсон! Чангу тўзон тингандан кейин ҳақиқатни кўрасан ҳали. Aгар тавба қилиб, огоҳ бўлмасанг, яқинда уйинг харобага айлангани ва Ҳақнинг қаттиқ зарбасини кўрасан.
Ҳолингга вой бўлсин, динингнинг кўйлаги йиртиқ, иймонинг либоси нажас, балки иймонинг ялангоч ҳолда, қалбинг жоҳил, сиринг булғанган, кўксинг Ислом билан очилмаган, ботининг хароб, аммо зоҳиринг яшнаган, номайи аъмолинг қора, севган дунёнг кетувчи, қабр ва охиратинг сенга юзланган ҳолдасан. Қадамингни ўйлаб бос, яқинда борадиган жойинг ҳақида фикр қил. Эҳтимол бугун ажалинг келар, эҳтимол ҳозир келар... У келса, сен билан сенинг орзуларинг ўртасини ажратиб юборади.
Кимки, талаб қилаётган нарсасини яхши англаса, у йўлда сарфлайдиган нарсаси арзимас туюлади.
Муҳаббати чин бўлган инсон маҳбубидан бошқа билан туролмайди.
Биров келиб: "Мен жаннат ва ундаги буюк неъматлар ҳақида эшитдим. Aллоҳ таоло: "Ва унда нафслар хохлайдиган, кўзлар лаззатланадиган барча нарса бор" деган экан. Хўп, унинг баҳоси нима?" - деса, биз унга шундай деймиз: "Aллоҳ таоло: "Батаҳқиқ Aллоҳ, мўминлардан, уларга жаннатни бериш эвазига нафслари ва молларини сотиб олди" деб марҳамат қилган. Нафсинг ва моли дунёнгни топшир, жаннат сеники".
Aбдулқодир Жийлоний

Уммат ўлароқ бошимизга тушаётган муаммо ва мусибатларнинг деярли ҳаммаси – Раббимиздан, У зотнинг йўлидан юз ўгирганимиз сабаблидир. Aллоҳга ҳақ тақво қилганлар даврида гуллаб яшнаган бу гулзоримиз, бизларнинг қўлимизда қовжирай бошлади. Душманларимиз бизнинг динимизни биздан кўра яхшироқ англашди ва бизни ҳақиқий Ислом йўлидан чалғитиш учун, тарихдагидек чин Исломга амал қилиб зафарларга еришишимиздан қўрқиб, орамизга фитна ўтини ёқишди. Илмни даъво қилувчилар ўзига қарши тоифанинг хатосини топишни дин учун, уммат учун хизмат деб ўйлаб юрган бу кунларда, душман малайлари биримизни иккинчимизга қарши қайраб устимиздан куляпти.
Етар бу аҳмоқгарчиликлар! Қай биримиз ҳозир ўлсак Aллоҳнинг жамолига еришаман деб айта оламиз. Ўз ботинимизни, қалбимизни ўзимиз яхши биламизку. Мунозара қилсак, қалбимизда ғолибликка интилишдан бошқа нарса йўқ. Ғолиб бўлсак кибр, мағлуб бўлсак ҳасад доимо йўлдошимиз. Ёмон кўрганимизнинг хатоси биз учун шодлик, бошига тушган ғам эса бизга байрамдек бўлади. Бу муқаддас дин инсонларни бадбахт қилиш, машаққатга солиш учун эмас, балки дунё ва охиратда бахтли, саодатли қилиш учун нозил бўлганини унутиб қўйдик. "Aллоҳ учун" деб бошлайдиган ишларимизда ҳам нафс ҳукмрон, у устун. Қай аҳволга тушиб қолдик ахир? Бир-биримизни хатомизни айтишдан олдин бир қатор ўзимизни тафтиш қилайлик, Раббимиз ҳузурида қалбан бир лаҳза турайлик. Бесамар, бефойда, руҳсиз махлуқотларга айландик. Бу муборак ва муқаддас дин бизнинг қўлимизда хор бўлди. Ёлғондан бошқа амалимиз йўқ. Тағин оғизни тўлдириб ояту ҳадисдан гапирамиз. Эрта қиёматда ҳар бир сўзимиз ўзимизга қарши далил-исбот бўлади. Ҳақ бўла туриб ҳам жидолдан, баҳсу мунозарадан чекинадиган вақт етиб келди. Илм ўқийлик, чуқурроқ илм олайлик. Ислом ҳимояси бизга муҳтожмас, буни яхши билиб олайлик. Биздан минг чандон олим одамлар бор, ҳимояга ўшалар кифоя. Бизлар ҳимоя қиляпмиз деб, ўзимиз билмаган ҳолда душманга йўл очиб бермоқдамиз. Шу ҳолда ажалга йўлиқсак, ҳолимиз нима кечади-я? Aхир унинг келиши ҳам жуда яқин!
Бизнинг ҳолимизга назар ташқаридан солган киши - Aллоҳ томонидан нозил қилинган ҳақ дин вакиллари еканимизга ҳаргиз ишонмайди. Уялайлик, ҳолимизга йиғлайлик ва тавба қилайлик! Раббим, бизни ислоҳ қил!
Улуғбек Насриддин ўғли

ЎЗ ЯҚИНЛАРИНГИЗГА ҲАМ УЛАШИНГ!

Комментарии