__________Ойимни урманг дадажон.

________
_____Сардор мактаб эшигидан чиқар экан, бирдан тўхтаб қолди.
Унинг уйга боргиси йўқ эди. Лекин… ноилож, бормаса бўлмайдиям-да. У чуқур “уҳ” тортиб ол- ди-ю, истагига қарши қадам ташлади.
Сардор 4-синфни тамомлаяпти. Мактаб тугашига ҳам саноқли кунлар қолган, ҳамма болалар каникулга чиқиб дам олишни бесабрлик билан кутишса-да, Сардорнинг кўнгли хижил. Чунки уйида ҳаловат йўқ унинг овунадиган жойи мактаб бўлиб қолган.Болакай минг бир хаёллар билан уйига етиб келди. Кўча дарвозаси ёнига яқинлашганда, турган жойида бироз у ёқ-бу ёққа қараб олди, кейин ичкарига қулоқ солди: жимжитлик.
Озгина бўлсин кўнглида яхшиликка умид уйғонди. Ичкарига аста кираркан, нигоҳи билан онасини излади. Ўчоқ бошида экан. Овқат қиляпти, чоғи.Онасига салом бериб, уйга – кийимларини алиштиргани кириб кетди. Бир зумда ортига қайтиб, онажонисига ёрдам бериб, ўчоққа ўт қалади.
____Ая, дадам йўқми? – сўради Сардор.
____Ишда, болам… – лоқайдлик билан жавоб қайтарди онаси.
____Бугун яна ичиб келмасмикин?.. – хавотирли овозда яна савол берди болакай.
____Худо сақласин-а, ўғлим.Аччиқ йиғи аёлнинг бўғзини ачиштириб юборди. Қовоқлари ним кўкимтир бўлиб қолган, мунгли кўзларидан эса ёш сизиб чиқди, беихтиёр.…
Бир пайт кўча тарафдан тарақлаган овоз келди. Сардор сакраб тушди. Онажониси ҳам хавотирли нигоҳлар билан ўша тарафга ўгирилиб қаради.…Дадаси экан: бир қўлида ароқ шишаси, уст-бошлари тупроққа беланган, қўллари шилинган.Сардор юрак ҳовучлаб бир четга ўтиб олди. Онаси эса эрига пешвоз чиқаркан:
____Яна ичдингизми, дадаси? Устларингизни қаранг, қўшнилар олдида ким деган одам бўлдик-а?.. – дея кўзлари намланди.
____Ҳа, нима йиғи-сиғи яна?!! – ўшқирди у. ____Бўлди, юринг, уйга киринг, дадаси…
Аёл базўр уни етаклаб ичкарига судради.
____Нима қиляпсан, қўйиб юбор мени!!!Сардор энди чидамади. Бориб отасининг билагидан ушлаб, уйга етаклади. Шу пайт отаси Сардорнинг бошига қўлидаги шиша билан уриб юборди.…Болакайнинг кўзларидан ўт чақнаб кетди-да, “шилқ” этиб ерга қулади.Сардор кўзларини очганда, боши бинт билан боғланган ҳолатда палатада ётарди. Бош тарафида эса онаизори билан дадаси ўтирарди. Болакай бир зум дадасининг ичкиликдан нурсизланиб кетган афт-ангорига қараб турди-ю, асталик билан юзини терс ўгирди.
Бироқ, дадаси ўғлини ўзига қаратаркан, ялинчоқ овозда деди:
____Болам, сенга бирон нима бўлдими, деб қўрқиб кетдим. Мени кечир… Мени кечир…Сардор отасига “ялт” этиб қаради. Воажаб, унинг кўзларида ёш кўрди. Дадаси юзини кафтлари орасига олиб йиғлаб ўтирарди. Болакайнинг меҳри товланиб кетди. У икки қўллари билан дадасига талпинди.
____Ўғлим, кечир мени…Ота-бола бир-бирларининг бағрига сингишиб кетди. Сардор синиқ овозда дадасининг қулоқларига аста пичирлади:
“Аямни бошқа урманг, дадажон…” 😥

Комментарии