Бўрондаги япроқ–23

Рўзигул кампир ўғлининг қилган ишларини билмасмиди? Биларди. Миридан сиригача билмаса хам, тахмин қиларди. Одамлар очликдан ўлиб кетаётган кунларда уларнинг қозони бир махал бўлса–да қайнаб турарди. Буғдой ун бўлмаса макка унидан зоғора нон ёпишарди. Кампир уйида нон тугамаслигининг асосий сабаби раис ўғлининг тадбиркорлиги эканини фахмлаб юрарди. Бироқ, бу даражада тубанлашиб кетганини билмасди. Хатто одам ўлдиришга уриниши чидаб бўлмас иснод эди унга. Майли, ўғрилик қилсин. Майли, урушдан қочганларни тўқайзорга яшириб қўйсин. Аммо, Олло кимгадир берган жонни олиши... Энди одамлар кўзига қандай қарайди? Ўғлини нима деб оқлайди? Умуман олганда, қотилликни оқлаш мумкинми ўзи?
Она фарзандини жазолаши мумкин. Албатта, оналарни жазоси боласини қулоғидан чўзишдан нарига ўтмайди. Лекин, халқни бошқариб турган раис ўғлини қулоғидан чўзолмайдику. Бунинг устига, ўғлининг хаёти қил устида турибди. Сал қолса қамалиб кетишиям мумкин.
Эшитаётган гапларидан лол бўлиб қолган онани боласини химоя қилиш инстикти хушёр торттирди. Хирмондаги одамларнинг ғазабини босиши, ўғлини кечиришларига эришиши керак эди. Бу шунчаки қуруқ гап билан амалга ошадиган иш эмасди. Шунинг учун қўлидаги ош пичоқни Умаралининг энг хавфсиз ва чидамли жойига – елкасининг қўлга уланган жойига санчиб олди.
Унинг режаси ўз самарасини кўрсатди. Боягина раисни бурдалаб ташлашга тайёр турган халқ кўзида қўқрқув, ачиниш акс эта бошлади. Қолган ишни тил тугатди. Одамларни чалғитиб, жазолаш хақидаги фикрларини иккинчи даражага тушириб қўйди.
Кампир ўғлини бир амаллаб халқнинг муқаррар жазосидан асраб қолган бўлса хам, хали ўзи кечирмаганди. Уйга келгач, келини орқали ўғлига қарорини етказди. Бугуноқ кўчини йиғсин, Боғдодга – отасиникига кўчиб кетишади. Рўзигул кампирнинг ота ховлисида урушга кетган кенжа укаси Рамзиддиннинг оиласи яшарди. Эри урушда бўлган Зарифа икки боласи билан зўр–базўр кун кечирарди. Қариндошларининг келиши унга хам жуда маъқул келганди. Айниқса, Рўзигул кампир энди болаларни ўз қаромоғига олади, ўзи эса бемалол далада ишлай олади.
Оила шу ерга ўрнашиб олгач, Умарали ва Холида хам колхозда ишлай бошлади. Умарали қўшни қишлоқда раис бўла туриб, бу ердаги бригадада оддий ишчи бўлиб ишлашга розими?
Чин дилдан рози бўлмаса хам, мажбур эди. Замон қалтис, агар онаси тадбиркорлик қилиб қолмаганда Хозир уни қамоққа олишган бўларди. Шундай экан, борига шукр қилиб, тинчгина яшагани маъқул.
Холида далага узоқ қатнай олмади. Ой куни яқинлашаётгани учун Бригадир Пошшохон опа уни чиқармай қўйди. Холида энди кампир билан уйда ўтирадиган бўлди. Орадан хеч қанча ўтмай эса кўзи ёриб, ўғилли бўлишди. Исмини Ахмаджон қўйишди, Рўзигул кампирнинг катта бобосини исми шунақа бўлган экан.
Ахмаджон туғилгандан сўнг, оилада мухит ўзгарди. Шу пайтача хам Рўзигул кампир ўғли билан тўғридан –тўғри гаплашмаётган эди. Набираси туғилгач ўзи хам билмаган холда ўғлига суюнчилаб юборди:
–Ўғил муборак Умар, ота бўлдинг!
–Сизгаям набира муборак бўлсин буви!
–Энди отасан ўғлим, фарзандларинг уяладиган иш қилма!
Бувисининг гапидан сўнг онаси билан ярашганларини сезиб, икки карра қувонаётган йигитнинг дами ичига тушиб кетди.
Холида фарзандли бўлгач, энди дунёга бошқача кўз билан қарай бошлади. Мажбурий никохдан аламзадалик хисси буткул хаёлидан ўчиб кетти. Энди унинг кунларига мазмун кирганди. Қайнонаси билан чақалоқни парвариш қилишаркан, болани еру кўкка ишонишмас, пашша қўнсаям хар иккиси чопиб келарди.
Рамзиддиннинг икки фарзанди бор эди. Каттаси Олти ёшли Раъно, кичиги эса уч ёшли Шамсиддин бўлиб, улар хам чақалоқ атрофида парвона эдилар. Айниқса Шамсиддин чақалоқдан бир қадам хам узоқлашмасди. Боланинг тили эрта чиққан, худди катта одамлардек бурро гапирарди. Хар нарсага қизиқувчан бу болакай тинмай савол берар, Рўзигул кампир хам эринмай унга жавоб қиларди.
–Буви, укам катта бўлса билла чўмиламиз а?–дерди Рўзигул кампирни этагидан тортқилаб.
–Ха болам. Худо хохласа уканг билан анхорда чўмиласизлар. Саман от от миниб улоққа борасизлар.
–Э, биззи отимиз йўғу?
–Ана, Мустафақул амакингни отини минасизлар.
–Амакимни оти бияку!–деди бола шуниям билмисизми, дегандек лабини буриб.
–Бияниям билади бу қақилдоқ!–кампир Холида билан кўз уриштиргнача кулиб юборди.–Бия бўса нима бўпти, бошқаларда шуям йўқ.
–Э–э, буви, бия билан улоққа бориб бўмийди.
–Унда, тойчоғиин сотиб оламиз, ака–ука биллашиб миниб юраслар. Ахмаджон уканггаям миндирасанми?
–Ха, биринчи укамга миндираман. Холида хола,–бола Холидани қўлидан тортқилашга тушди.–Укамни отга миндирўрейми?
–Укангиз хали кичкинаю,–Холида боланинг тилидан завқланиб кулади.–Сал катта бўлса миндирарсиз. Хозир йиқилиб тушадику.
–Бўпти, катта бўлгунча миндирмай тураман. Ронони миндирмаймиз,–Шамсиддин опаси Раънони сал нарига итариб юборди. Қизча мувозанатини йўқотиб олдинга мункиб кеттию, беихтиёр Ахмаджонни эзиб, нариги томонига ўтиб кетти. Бу холат шунчалик кутилмаганда юз бердики, катталар хам хеч нарса қилолмай қолдилар.
Холиданинг кўзлари ола –кула бўлиб боласига ташланди. Аммо, кўзларини очган чақалоқ ўзини эзиб ўтишганини писанд қилмагандек лабларини бир икки чўчайтирди–да, яна пинакка кетти.
–Вой мени полвонгинам!–кампир энкайиб пешонасидан аста ўпиб қўйди.–Сизни эзволдими опангиз.
Кейин эса болаларни жиддий огохлантирди
–Хой иккаланг, жижини олдида бир–биринг билан урушмагин. Кўрдингми, сал қолса қорнини эзиб олаёздинг.
–Маши Ронони хайдаворек,–Шамсиддин опасига қараб қовоғини солди.–Укамни қорнини эзса б... чиқиб кетади.
–Э–э, ўйлаб гапир болам.–Кампир бола айтган гапни тасаввур қилиб юборди шекилли ранги оқариб кетти.–Сал узоқроқ туринглар. Ахмаджон хали кичкина, сизларни кўтаролмайди.
Холида бу воқеадан кейин тоғасининг болаларига ишонмай қолди. Агар болаларнинг хар иккиси Ахмаджон ёнида бўлса, бир амаллаб биттасини бошқа ишга чалғитиб узоқлаштирарди. Лекин, хаво совуқ, ташқарида ўйнашнинг иложи йўқ эди. Шунинг учун болалар доимо чақалоқ атрофида ўтиришарди.
Боланинг қирқи чиқар чиқмас бешикка боғлашди. Рўзигул ва қўшнилари Мукаррам хола биргалашиб бешикка боғлаш удумини амалга оширдилар.
–Пўш–пўш–пў–ў–ўш, бешик эгаси келди, бабовларга пўш – пўш –пўш!–Мукаррам хола сандал чўғида иситилган бешик кўрпачаларини жойлай бошлади. – Шер келди, арслон келди, пахлавон ўғлон келди!
Раъно ва Шамсиддин кампирларнинг гапларига, харакатларига анграйиб ўтиришарди.
Рўзигул кампир неварасини ётқизиб, бешик сумагини қидириб қолди. Қараса, бола сумакни тўппончадек ушлаб ўтирибди.
–Шамсиддин, укангни сумагини бер энди, чўмбилига тўғрилаб қўяйлик.
–Укам нима қилади буни?–Шамсиддин ўз одатидек қизиқиш билан савол берди.
–Шу бўлмаса кўрпага чоптирворатта уканг.
–Укамни эси йўқми, нега тувакка чоптирмайди?
–Уканг хали кичкина болам. Ўзи юрадиган бўлсин, сенга ўхшаб тувакка чоптиради. Хозирча эса,–кампир сумакни ўрнаштириб, бола устидан чойшабни тортди.–Бешик тувагига чоптира туради.
–Мениям бешикка боғланг, укам билан билла ётаман.
–Ие, сен кап–катта боласанку, уят бўлади.–кулди кампирлар.–Хозир боғлаб бўлайлик, укангни тебратиб ўйнатасан!
Холида бир четда уларни кузатиб ўтирарди. Боласини биринчи марта бешикка боғлаётганлари учун бироз хавотири хам йўқ эмасди. Йўқ, хавотири бекор экан. Бешик хақиқий химоя воситаси бўлиб чиқди. Аввало, бола бешикка боғлангандан кейин инжиқлик қилмай қўйди. Иккинчидан, хадеб тагини хўллаб қўймас, кўллигини алмаштираман деб болани шамоллатиб қўйиш хавфи хам пасайди. Чунки, уй деярли совуқ бўлар, болани эса, сандалда сақлаб бўлмасди.
Ўғли уч ойга тўлиб, тўртинчи ойга ўтганда Холида хам Зарифа кеннаяси билан далага чиқа бошлади. Шу бўйи то қишгача тиним билмади. Фарзандини кечки махал уйга келганда кўрар, махкам бағрига босиб, тўйиб–тўйиб ўпарди. Ахмаджон бир ёшу икки ойлик бўлганда юра бошлади. Рўзигул кампир қўшниларнинг болачаларини тўплади.
–Чақириб чиқинглар қўшни болаларни. Ахмаджонимга чачала қиламиз!–деди у қувончи ичига сиғмай.–Чақиринглар хаммасини!
Шамсиддин ва Раънохон чопиб кўчага чиқиб кеттилар. Бироздан сўнг бир гала болаларни бошлаб келишди.
–Қани болажонлар айвонга ўтинглар. Хозир Ахмаджонни олиб чиқамиз!
Болаларга бу удум яхши таниш эди. Хозир ширинликлар териб ейишларини билиб, хозирдан оғизларига чучмал там кирган, сўлаклари оқа бошлаганди. Холида ўғлини иссиққина кийинтириб айвонга олиб чиқди.
–Мана Ахмаджон чиқди. Қани ўғлим, татос турингчи... тато–о–ос!–Холида уни ўз оёғига ўрнашиб тургунча ушлаб турди–да кейин қўйиб юборди. Ўзи эса уч қадам олдинга ўтиб қучоғини очди.–Қани Ахмаджон, келингчи менга!
Ахмаджон хали бунчалик кўп одамни кўмаган эди. Айвон тўла катта–кичик одамларни кўриб, юришни хам унутиб қўйди. Маст одамдек қўлларини икки ёнга ёзиб, тебранганча бир жойда турарди.
–Юр Ахмаджон!–Рўзигул кампир неварасига далда берди.
–Ука, бақа ке!–Шамсиддин хам Холида холасини ёнига келиб укасини чақира бошлади.–Сенга муа бераман!
Ахмаджон Шамсиддинни жуда яхши кўрарди. Акаси қучоғини очиб чақирганини кўргач, алпанг–талпанг қадам ташлаб юра бошлади. Вазиятни пойлаб турган Рўзигул кампир унинг устидан сочқи соча бошлади. Қўлидаги патнисда холва, майиз, ўрик туршак, ёнғоқ, жийда, бодом, анжир қоқи каби ширинлик тўла эди. Уларни сиқимлаб оларкан невараси устидан сочар, қий–чув қилиб тераётган болаларга қараб куларди.
Холида бу талатўпда боласи йиқилиб тушишидан чўчиб, унга интилди. Аммо, Рўзигул кампир эпчиллик билан уни тутиб қолди.
–Тегма қизим, йиқилса ширинликка йиқилсин. Дадаси бўлгандаку, дўпписи билан оёқчаларига уриб йиқитиши керак эди. Майли, энди шу болалар йиқитсин, бу биринчи ва охирги йиқилиши бўлсин деб дуо қиламиз қизим. Таомили шунақа!
Кампир шундай деб, кейинги сочқини атай набираси оёқлари остига сочди. Ширинлик талашган болалар нихоят Ахмаджонни туртиб йиқитдилар. Холидага шундан сўнг болани олиб, ичкарига олиб киришни айтишди. Рўзигул кампир патнисда қолган ширинликларни болалари ортидан чиққан катта аёлларга хам тарқата бошлади. Зарифа эса хар бир болага иссиққина зоғора кулча улаша бошлади.
–Олинглар болажонлар! Ахмаджон узоқ яшасин деб омин қилинглар!
08.07.2021 Дониёр Аҳмаджонов.
#бўрондаги
япроқ

Комментарии

Комментариев нет.