ИНДАМАСЛАР ОРТИДАН

- Ая, ая анавини қаранг! Чумолилар ҳам одамларга ўхшашар экан. Қаранг, қатор бўлиб қаёққадир кетишяпти. Анавилари эса қайтишяпти. Манимча бозордан! Йўқ, тўйдан... Ая,қарамайсизми?!
Тандирдан нонларни базўр узиб, енгичани ечган Қумри хола Акбаржоннинг олдига келиб у ишора қилган томонга қаради. Ўғлининг бошини силар экан, ҳайратини яшириб ўтирмади.
-Вой, ростдан ҳам. Ҳеч эътибор бермаган эканман. Кўрсатмасанг юраверар эканман-а. Вой, анави иккисига эътибор бергин, бошларини уриштиришяптими?
Ўғли ёйилиб илжайди. Нимадир ёдига тушди чоғи, чумолиларга айёрона пўписа қилди:
- Вой писмиқлар-ей! Аяжон, улар саломлашишяпти. Ўртоғим иккаламиз шунақа сўрашамиз. Дўст дегани шунақа бўладида!
Онаизор қадоқ кафтлари билан ўғлининг сочларини силади. Томоғига нимадир тиқилдию, ўша ниманидир аранг ютиб пешонасидан ўпди.
-Ақллисанда ўзинг! Сен билган нарсаларнинг ўндан бирини ҳам билмайман.
Акбаржоннинг кўзлари порлаб, тандир тафтидан қизариб кетган аясининг оёқларини қучоқлаб олди:
- Ақллиманми? Рост гапиряпсизми? Урре!!! Унда бу йил мактабга чиқарканманда! Попкамни олиб чиқиб беринг! Попкамни...
Қумри хола мижжаларига қалққан ёшни сидириб, ичкарига шошди. Акбаржоннинг попкасини опчиқиб, шиқирлатиб очгач дафтар, китоб, қалам ва алламбалоларни авайлаб олди. Ўғлининг одати шунақа, ҳар куни бир марта попка очилмаса бўлмайди. Китоб ва ўқув қуролларини бир қур текшириб,ҳаммаси жойида эканлигидан кўнгли тўлгач яна ҳаммасини попкага солиб орқасига илмоқчи бўлади. Бу сафар орқасига оса олмади. Попка анча уриниб қолгани учун осгичи узилди. Аммо боласи тушмагур бўш келмай, уни қўлтиғига қисиб илжайди. Бу унинг “ қалай, ярашдими?” дегани эди. Она жилмайиб, ўғлининг елкасига қоқди:
-Албатта ярашдида ўғлим!Сенга ярашмаса ҳам бўлмайди полвоним.
Акбаржон бошидаги дўпписини бостириброқ кийди. Қоматига бир қур назар ташлаб меҳрибонига эркаланди:
-Ая, мактабда энг полвон ўқувчи ман бўлсам керак-а?
-Албатта сен бўласан-да.
Унинг қовоғи уюлди, бу эшитган жавобдан норозилиги эди.
-Йўқ, сиз “нима учун?” деб сўрамайсизми? Сўранг, сўрай қолинг! “Нимага энг полвони бўласан?” деб сўранг.
Сездирмай хўрсинган Қумри хола илжайиб, ўғлига юзланди:
-Хўп-хўп... Сўрасам сўрай қолай. “Хўш, нимага мактабда энг полвони сен бўласан?”
Акбаржон онасининг соддалигидан қах-қах уриб кулди. Узала тушиб, думалаб- думалаб кулди:
-Э, шуниям билмисиз-а! Шунча овқат еганимдан кейин полвон бўламанда! Ана, Дилшод, Наби хатто Самин ҳам бир лаган мошкичрини ея олишмайди. Катта тарвузни пўчоғини юпқа қилиб **** ташаганимда- ку ҳаммасини оғзи очилиб қолган. Ўғилча холанинг неваралари билан ярим пақир ўрик ейишга бахслашганимизда ҳам мен ютганман...
У тўлиб-тошиб қаерда, ким билан “ким кўп ейиш” ўйнаб ютгани, ўртоқлари тан бериб, рогатка, копток , дафтар- китоб совға қилгани-ю, кимлар чидамай қочиб қолганини бармоқларини бир-бир букиб санаб хандон отиб кулар экан, онасига эътибор бермасди.
-Доим мен ютаман ойижон, мен! Эшитяпсизми чиройлигим...Чиройлигим.
У нигоҳи боласида бўлгани билан карахт, бироқ “чиройлигим” деган сўз такрорлангач бир қалқиб кетди. Худди мўжиза содир бўлаётгандай айвонда осиғлиқ турган яримта тошойна томон югурди... Қоқилиб- соқилиб етиб боргач, кўзларини чирт юмди. Рўмолини тўғирлаб базўр учгача санаб, тошойнага қарадию хафсаласи пир бўлиб ўпкаси тўлди... Фарзандлар учун она ҳамиша гўзал кўринадими, ёки фақат Акбаржонимга Аллох бошқача кўзлар берганмикин?
Эх, бешавқат, бемурувват, беитоат вақт!
Наҳотки болам юзимдаги ажинлар, қирққа етмай қаритиб юборган доғлар, Карим қоссобнинг тутидан баттар букчайиб кетган жасадимни кўрмаётган бўлса? Мўминбойнинг томидан аранг мўралай оладиган Олой тоғида ҳам менинг бошимдаги ғам йўқ...Эй вақт, баланд чўққиларнинг юкини енгиллаб, мангу қорларини эритиб юбордингу менга раҳминг келмади...
-Ўлиб қолсама...
Акбаржон буни эшитмади. У онасини қоқсуяк елкаларидан аста қучоқлар экан, вақт қазган ариқчалардан оқаётган кўз ёшларни меҳр билан артиб ўпкаланди.
-Яна йиғлаяпсизми? Ундан кўра ош қилиб беринг. Биласизку, си
знинг ошингизни роса яхши кўраман.Она ўғлини бағрига босди. Ахмоқона ҳаёлларга берилгани учун, пичирлаб ўзини урушар экан жилмайди:
-Ош ! Вой, бугун пайшанбами? Э, нималар деяпман. Ош сандан айлансин болам. Бугун тушликка ошда ўғлим.
- Ростданми?
-Рост! Полвонлар фақат бақувват овқатларни ейиши керак. Бир жойга борсам “ана Акбарполвоннинг аяси келяпти” деб ўтқизгани жой топиша олмайди. Тўйларни тўри ҳам меники бўлади! "Бу иззатнинг барчаси ўғлим борлигидан" деб керилиб юраман. Қани кучингни бир кўрсатчи!
Мушакларини кўз-кўз қилишни яхши кўрувчи Акбаржон, билагини букиб мақтангиси келди, лекин шалвираб қолган билакларига қараб кайфияти тушиб кетди:
-Обқочасизда ая! Хозир олдингидай кучим йўқку!
- Шунақами? Вой мани чироғим... Агар вақтида овқатлансанг яна кучли бўласан! Қани тура қол энди, иссиқ нон билан чой ичамиз.
Хозиргина хафа бўлиб турган Акбаржон иштаха билан лабини ялаб, илжайди.
- Қаймағ биланми?
-Албатта қаймағ билан.
- Урре!!!
Она-бола ҳар куни шу вақтда нонушта қилишарди. Қумри хола косадаги қаймоққа нонни булаб ошаётган ўғлига шакар чой қилиб чарчамайди. Атиги икки кишику, хазил-мутойиба тугамайди. Гоҳида биров дарвозани урмай, чақиргудек бўлса эшитишмасди. Бу гал ҳам шундай бўлди. Чақира-чақира кириб келган Салима хола астойдил ўпкаланди:
- Хай эшитмайсизлар-а?
Хола қўл учида омин қилганча , атрофга аланглади:
-Итинг қани? Юрак олдириб қўйганман шу арзанда сариғингдан. Йўқотсанг бўлмайдими, бостириб кириб келаверардим.
Акбаржон "Босс" лақабли вафодор итини еру-кўкка ишонмас, шунинг учун қўшнидан жахли чиққанини беркитмади.
- Гўлайма болам! Роса овоз бердим.
- Боссни қанақалигини биласизми? Ҳамма ўртоқларим ташлаб кетса ҳам у сотқинлик қилмайди. Биров хафа қилса, тарафимни олади. Одамларга ўхшаб дилимни оғритмайди. Малика холамни қизи Хуршида борку, ўшаничи канолдан олиб чиққан. Агар шу итим бўлмаганда у чўкиб кетарди. Босчи, мани фикрларимни ўқий олади. Одамчасига тушунмади...
Салима хола темир сўри атрофида пайдо бўлиб, мақтовларни қулоғини динг қилиб эшитаётган кўпакка ўқраяр экан, Акбаржонни гапи тугамай бидирлади.
-Биламиз қанақа яхшилигини. Одамчасига тушунишини ҳам кўрганмиз. Бир гал кирганимда саломлашиб ўлдириб қўйишга сал қолган.
Пиёлага қайноқ чой сузиб узатаётган Қумри хола ўша воқеани эслаб кулиб юборди.
Бунга анча бўлди. Баҳор кунларининг бири эди. Худди хозиргидай чақириб чарчаган қўшниси бостириб кириб келаверибди. Ҳар доим эшик олдида беозор ётгувчи малла кўпак эса югуриб келиб унга ташланган. Тишламагану, бир сакраб елкаси қўлини қўйиб қаттиқ қўрқитган. Уйдан югуриб чиққан Қумри хола қараса, қўшнисининг юзида ранг йўқ, худди “эсонмисиз-омонмисиз” деб кўришаётгандай итнинг белидан икки қўллаб ушлаб олган, тик турса эшшакдек кўринувчи Босс бўлса узун тилини осилтирганча мамнун тиржайиб турган эмиш.
- Қўлингизни туширинг қўш... шу биргина жумлани охирига етказа олмай кулавериб ичаги узилиб қолган хола, ўғлини чақирди.
- Акбаржон, итингни ол болам.
Югуриб келган Акбар кулавериб, бақувват панжаларни олиб қўйишга уринса ҳам, дағ-дағ қалтираётган Салима хола ҳеч итни қўйвормасмиш:
- Бос эсонмисан, омонмисан? Ўтирибсанми? Вой ўргилай сандан, кап-катта йигитча бўпқопсанку қоқиндиқ. Бир чиққандимда зерикиб...
Бу воқеа анча анча пайтгача қишлоқнинг энг зўр латифаси бўлиб қолган эди.
Ўшандан сўнг Салима хола уч йилча ховлига қадам босмади. Дугонасини чақирмоқчи бўлса дарвозахонадан овоз берар, шунда ҳам эшитишмаса газ трубасини тақиллатиб хабар берарди. Ит қаригач эса, яна серқатнов бўлиб қолди.
У симиллаётган тиззаларини уқалар экан, ҳар доимгидек шикоятларини пала-партиш келинининг чала ишларидан бошлаб, оёқларига улаб кетди:
- Онаси бирор ишни ўргатмаган. Оёқ ўлгурда қувват бўлгандаку, уни хизматига зор бўлиб қолмас эдим. Уф! Шарт кесиб, бошқасини қўйишнинг иложи бўлгандами?
Акбаржон қаймоқдан бўшаган сопол косани баҳузур ялар экан, илжайди:
-Кесиб ташланг хола. Ана телевизорда кўрсатишди, янги оёқлар қўйишаётган экан. Оғримеди, туз ҳам тўпланмеди. Диконглаб юрасиз хали.
Қўшни Акбаржонинг
елкасига қоқиб-қоқиб кулар экан, маслаҳатига яраша жавоб қайтарди:
-Ха,маҳмадоная! У қанча туриши биласанми?
-Ха, биламан! Халиги...халиги... долларча туради!
- Вой муғамбиреей! Қумрихон, бунизи пул санай олмайди дейишади. Бало эканку! Доллармиш?!... Бепул ёғоч от келишига озгина қолганида, пул сарфлаб оёғ олиб ўтирайми? Хов нариги маҳаллалик Саттор, афғонда йўқотиб қўйган оёғининг ўрнига янгисини қўйдириб, бир хафта яшамай омонатини топшириб ўтирибдику.
-Темирдан қўйдирган эканми?
-Ха, йўқ.Халиги... эсим қурсин, нимайди? Ха, пратез.Қўғирчоғнинг оёғига ўхшаган бўлади. Ман йигирма йилча бурун битта ўрис маржада кўрганман. Бозорда йиқилиб тушганди. Анқайиб турсам. “ Ишто интирисно да? На пасматри!” деб, иштонини пойчасини кўтарган эди, қочиб кетганман.
Она-бола қулоқларига қуйилавериб, ёд бўлиб кетган воқеани Салима холадан кўп эшитишган. “На, пасматри!” деган жойини бошқача ваҳима билан айтгувчи холанинг жағи жавраб чарчамасди:
-Шу, қуриб кетгур оёқни Сатторга ҳукумат бепул қўйгани ёмон бўлди-да.
-Нимага? – деди, Қумри хола кулгидан тўхтаб.
-Агар зормонда пратезни, пул сарфлаб қўйдирганида Саттор пишшиқ камида ўн йил яшарди, ўлмасди. Ер еткизмасину, ўлгудай зиқна бўлганда ўзиям. Шунча боғи-роғи, эшигида учта мошини, топармон-тутармон болалари бўлгани билан,хотини пул сўраса чўнтагидан аранг чиқарар экан. Кейинчи...
Қумри хола қўшнисининг эски одатидан ғашланиб, жахлини яширмай гапни кесди.
-Бас! Ўлганнинг кетидан ёмон гапирилмайди. Яна бошладингизми Салимахон?
-Вой,хотини ўзи айтди.
-Қачон?
-Пайшанбалигида кирганимизда айтган эди.Эшитмадингизми?
Тупроғи совумаган эрининг гўрига ғишт қалаётган Соҳиба сатангнинг ғийбати қулоғига чалинмаганидан хурсанд бўлган Қумри хола, надомат ила бош чайқади:
-Қўйинг қўшни! Ўша ахмоқ хотинни гапини резинка қилманг. ўргилай. Сатторжон раҳматли пишшиқ бўлгани билан яхши одам эди. Унинг йўл-йўриғи, ҳаракати билан болалари ўқимишли бўлди. Аёлининг егани олдида,емагани кетида,қишлоғнинг олди, хозир ҳам таркидан тушмаган. Бир ёстиққа бош қўйган маҳрами, чин дунёга риҳлат қилган эрининг айбини достон қилгани уялсин!
Қўшнининг энсаси қотди. Мазза қилиб, гап чувалаштирмоқчи эдию, ҳар галгидек оғзига уришди. Тавба! Шу пешонасига битилган девор –дармиёнига ҳечам тушунмайдида. Қишлоғнинг энг олди миш-мишини топиб чиқса ҳам қизиқмаса! Миш—мишларга бурун суқмайдиган аёл аёлми?
Қумри хола унинг ичидан ўтаётганларини фаҳмлаб, чой узатди:
-Хафа бўлманг ўргилай! Бир маҳалланинг одамимиз. Шунга...
-Хапа бўлганим йўқ! Ўрганиб қолдим....-қўшни пиёладаги чойни дастурхонга қўйиб, юзига фотиҳа тортди,
- Бўпти, ман турдим.
У Қумри холанинг хай-хайига қарамай, инқиллаб ўрнидан турар экан, ғўлдиради:
- Ха,айтганча. Маҳалланинг бошидаги Мадамин сариғ невара тўй қилаётган экан. Ўшанга айтгани чиққандим. Борарсиз?
-Ким?
Салима холага хижжалаб тушунтириш малол келсада, атайин чўзилди:
-Ха-ли-ги, Қодир раиснинг кен-жа—мати. Уйидаги иккта неварасини қўлини халоллаб, суннат тўйига хўкиз ағдарибди.Ўзининг ҳам юбилейи эмиш. Пайғамбар ёшига етгани учун элга ош бераркан.
Тўй эгасининг кимлигини англаган Қумри хола бир чайқалди. Рангрпар лабини қаттиқ тишлаб, елкалари титради. Фақат буни на қўшниси , на Акбаржони сезмади.
-Ўшанга сизни ҳам айтишгандир деб чақириб кирган жойим. Борсангиз юринг! Хотинлар ўнга айтилган. Ўзи ҳеч қаерга бормай қўйдиз. Ё, айтишмадими? .
- Айтишди, -деди Қумри хола алдаётганини билдирмасликка тиришиб, - Фақат, биласизку Салима ой ҳамма жойга ҳам юролмиман. Давлениям бор! Қолаверса полвон болам ёлғиз қолади.
Тўй сўзини эшитган Акбаржон аллақачон безовталаниб, енгига ёпишди:
-Полвониз ёлғиз қолмеди аяжон. Мен ҳам бораман. Мазза қиламанку. Вота-вота келса, ўйнаб бераман. Ланка тепамиз. Ошналарим ҳам боришади. Ким кўп шўрва ичиш ўйнаймиз. Юзгача санаб, харфларни ёзиб берсам пақ этиб ,хушларидан кетиб қолишади. Алиппедаги иккаламиз ё
длаган шеърни шатиллатиб айтиб бераман. Боринг, кўйлагизи алмаштиринг. Халиги дадам олиб берган чиройлисини кийиб чиқинг.
Бу хонадоннинг пасти баландидан боҳабар Салима холанинг арази тарқаб қўшнисига раҳми келди.
Аммо бир нима дея олмай, индамай чиқиб кетди. Дарвозадан анча узоқлашса ҳам, “бора қолайлик” ва “ бошқа куни”ни ваъда қилаётган онаизорнинг нолалари қулоғи остида жаранглаб турди...
...Қумри хола ҳар галгидек, карнай-сурнай овозини эшитиб типирчилаб қолган ўғлини аранг алдаб, юмушларига андармон бўларди.Бироқ бугунги хабарни эшитиб анчагача қўли ишга бормади... Ўчоқдаги ош пишиб, сузилган бўлсада иккаласининг ҳам иштаҳаси йўқ эди. Хола хотиралари билан дилтанг , ўғил эса элас-элас эшитилаётган карнай-сурнайли тўйга боргувчи ўртоқларига қўшила олмаганидан хафа эди.
...Уф, юрак қурғур бунча симмилламаса! Она оғир қўзғолиб, токчадаги қутичада сақловчи икки дона дорини тил остига ташлар экан,титраётган бармоқлари билан кўксини уқалади. Шунча йиллар ўтиб кетдими? Мадаминжон юбилей қиладиган ёшга кириб қўйибди-да. Бечора кўча-кўйда кўриб қолса эси кетади. Тунов куни ҳам кўрганди. Тўй хақида индамадику. Ха, кўнглимга қараган чоғи...
Қумри хола бир оз ухлаб олишга ҳаракат қилди. Хуррак отаётган эркатойининг устини ёпиб, очилиб қолган оёқларини ҳам яхшилаб ўради. Юзига термулиб, раҳматли эрининг сийратини кўргандек бўлиб, чуқур хўрсинди. Хаёл гох у томон, гох бу томонга тортқилаб қовоқларни оғирлаштирдию, бари- бир ухлай олмади. Тонгга яқин кўзи илинибди. Алоғ-чалоғ тушлар ҳам кўргандай бўлди. Ясаниб олган раҳматли чоли нимадир дегандай бўлдими? Эслай олмади. Яхшиям бомдод номози бор. Ҳар куни бир вақтда уйғониш одатга айланган. Кўнглига келган ғашликни қувиб, ўрнидан қўзғолди. Тушларини чоли қазган ариқча сувларида оқизиб юбориш умидида, бир муддат чириб қолган тахта кўприкча устида пичирлаб ўтирди...
Унинг кун тартиби тайин. Шу туришда кун ботгунга қадар тинмайди. Эрталабки ибодатни бажаргач, кавлаган сари тугамайдиган ишларига унаб кетарди.Аслида- ку, юмушларнинг бўлгани яхши. Рўзғор ташвишлари билан овора бўлиб анча –мунча ғамни унутади. Ховли, кўча сатҳини тозалаб супургач, охори тўкилган сурпасини очади. Полвони тургунча мазалироқ нарса пишириб қўймаса бўлмайди.
“Нима пиширсам экан?” ўйланди у. Эркатойи ширинхўрак. Бир нарсаларни егиси келаверади. Оинаи жаҳонада тайёрланиши ўргатилаётган пишириқ кўрсатилса, бўлди. Онасини чақириб, охиригача томоша қилишга мажбурлайди. Кейин, холи-жонига қўймай иложи борича янги таомни тезроқ пишириб беришини талаб қиларди.
Кампир, Ҳакиманинг чевараси ёзиб берган дафтар вароғидаги ширинкулча тайёрлаш қўлланмасига қараб, махсулотларни хозирлади. Бир нималарни ҳиргойи қилиб, илиқ сутда маргаринни эритди. Шакар солгачгина, катакдаги тухумлар ёдига тушди. Товуқларни тинчини бузиб тухумни олиб келгач, газнинг пастини ёқиб оловини ростлади. Бир куймаландию, ўғли турганида иштаҳаочар пишириқни дастурхонга тортди.
—Вой бўличками?
—Ха болам бўличка. Ол !
-Маз-за!
—Ош бўлсин!
Акбаржон мақтаб-мақтаб ширин кулчаларни паққос тушириб, икки пиёла ширчойни ичгачгина мамнун илжайди.
—Ош эмас, бўличка бўлсин денг!
У ширин нонушта учун миннатдорчиликни онасининг озғингина ёноғидан чўлп этиб ўпиб билдириб, яна чумоли уяси томон шошди.
-Аяжон, ая! Ановни қаранг, чумолилар одамларга ўхшайдия....
Дастурхонни йиғиштираётган Қумри хола шарт пастга тушиб ўғли томонга ошиқди. Бошқа кампир бўлса—ку, хийлагина баланд сўридан сакраб, оёғини майиб қилиб олиши тайин эди. Аммо Қумри хола эмас. У ҳар кунгидек хайратини яширмади:
-Вой, ростданми? Ҳеч эътибор бермаган эканман.Сен кўрсатмасанг юраверар эканман-а. Қара-қара, ана анавилар ҳам бошларини уриштиришяпти. Калла қўйишяптими?.
-Ким, чумолилара! Чумолилар калла қўядими?
-Ха, ошнанг билан қўчқорлардай сузишиб юрганларингни унутдингми?
“Вой, эсингиздан чиқмаганми?” деган савол хандон кулгига уланиб кетди.
-Нега эсимдан чиқсин? Иккалангни ҳам бошинг ёрилиб,бурнинг қонаб келар эдинг. Сени иккита тишинг ҳам синганмиди?
Яйраб кулаётган Акбаржон аранг ўзини тўхтатиб, боши билан тасдиқ ишорасини қилади.
-Тўғри ўшанақа бўлган. Сузишганмиз. Бошимиз ёрилиб, бурнимиз қонаган.Аммо зўр ошамиз. Аммо булар калла қўйишни эплолмиди! Ўзи кичкинагина бошчалари бўлса. Лекинчи аяжон, буларнинг ақллари кўп. Хов анави иккаласи пичирлашишяпти. Нималарни гаплашишаётганини айтайми? У жўрасига хирмоннинг йўлини кўрсатаётяпти. Кеча ўзим роса кузаатдим. Биттаси уч-тўртта донли бошоқ топиб олса, ваҳима билан юзтасини бошлаби келса денг. Қизғанмадиям.. .Анави икктаси худди ман билан жўрамдай айрилишмайди. Доим бирга юришар экан...
Қумри хола Акбаржоннинг бошини силаб, у ишора қилган гапдон чумолиларга диққат қилар экан, ўғли ва унинг энг қадрдон ўртоғи ўртасидаги беғубор дўстликни кўз ўнгидан ўтказиб, яна ҳаёли қочди.
-Эшитяпсизми?
Кампир, узун кўйлагининг енгидан тортқилаётган Акбаржонинг кетма-кет саволларидан сўнггина ўзига келди:
-Вой шунақами? Ақллисанда ўзинг! Сен билган нарсаларни ўндан бирини билмайман.
-Ростданми?
-Рост! Сендака ақлли болани туққанимдан фахрланаман! “Ана Акбаржонни аяси келяпти” дейишса бир қоп семириб кетаман...
Ҳар кунги манзара шу. Қатор тизилиб юргувчи, кўришганда бош уриштириб қўйгувчи чумолилар Акбаржоннинг қувончи ва ва онаизорнинг хайратига сабаб бўлади. Қумри хола боласининг эрмагига айланган индамас миттивойларни тинмай дуо қиларди. Баҳор, ёз кунлари шу тахлит ўтар, фақат қиш жуда зерикарли. Ер остига кириб кетган қадрдонлари соғинтириб қўйишар, Акбаржон қорлар эришини кун санаб кутарди. Биринчи чумоли кўриниши билан онасидан суюнчи олиб,шаталоқ отади. Меҳнатсевар жониворларнинг ишини узала ётиб кузатади. Сувга тушиб кетганларини авайлаб олиб, ўртоқлари сафига қўшади:
- Санам манга ўхшаб, тўполончи экансан. Бор, бошқа ариқчага яқин келма. Эплаган чўмиладида акаси! Онасизорнинг кўнгли ҳотиржам. “Ҳар қалай кўчага чиқмаяптику. Чиқса юрагини ховучлаб ўтиради...
Авваллари уни тўхтатиб бўлмасди. Хай-хайлашига қарамай ташқарига отиларди. Ўшанда бировлар хафа қилган шекилли уч-тўрт марта йиғлаб келди. Шу-шу чиқмайди. Ўлмасинда шу миттивойлар!
- Аяжон,одамлар бир куни барибир ўлади-а?
Акбаржоннинг саволидан каловланиб қолган Қумри хола юваётган идишин ташлаб ўғлининг ёнига халлослаб келди.
Пешонасига кафтини тутиб, саволга савол билан юзланди:
-Ҳеч қаеринг оғримаяптими болам? Иссиғинг йўқми?
Ўғли одатдагидек қаҳ-қаҳ уриб, мазза қилиб кулди:
-Қўрқиб кетдизми? Оғриганим йўқ. Соппа- соғ, отдайман! Одамлар барибир ўладими, деб савол бердим холос сизга. Манам ўламанми?
У ёқасига туфлаб, Акбаржоннинг елкасига енгил муштлагачгина “ саволингам қурсина!”деган маънода ўқрайиб қўйди.
-Ха, ўлади. Фақат қариганида. Юздан ўтганда. Сен эса энди биринчи синфга борасан-ку. Ўлим хақида бошқа ўйлама!
-Cизчи?
Кичкина дўстларини беғубор кузатиб турган ўғлининг саволидан бир қалқиб тушган она чуқур ух тортиб жавоб қайтарди:
-Мен ҳам ўламан. Фақат хозир эмас. Сен мактабга борасан, кейин институтда ўқийсан. Кейин уйлантираман.Чиройли келин тушириб невраларимни, чевараларимни ҳам тўйини кўргач ўлсам бўлади.Яначи...
Аммо муштипарининг гапи охирига етмай Акбаржони сайраб кетади:
- Одам ўлса ерга кўмишади-а? Йўғ деманг, ўзим кўрганманку. Аяжон, одамлар- чи ернинг тагида йўқ бўлиб кетмайди.
Ўғлининг бошини силаб турган Қумри холанинг юраги санчди.
- Вой, ўлишдан қўрқманг аяжон. Сизга бир сирни очайми? Ўлганлар-чи, чумолиларга айланиб анавинақа уялардан чиқиб келишади. Ким айтганини айтайми?
-Айт!
-Ҳеч ким. Ўзим! Аввалроқ ўлган одамлар, янги борган танишлари, қариндошларини кўргач хурсанд бўлиб саломлашишади...Ана қаранг-деди у бир-бирига ҳиёл бошини теккизиб ўтаётган чумолиларга ишора қилиб. Илтимос, фақат буни ҳеч кимга айтманг! Энди биринчи синфга чиқаётган бола шунча нарсани қаердан билар экан, деб “пақ” этиб хушларидан кетиб қолишмасин.
Қумри хола боласини қучоқлади. Сийрак сочларини тўзғитиб, озғин бармоқлари билан таради. Одатдагидек миттивойлар билан андармон бўлиб қолган ўғлининг пешонасидан ўпиб, “Қанийди!” деганчахўрсиниб қўйди.
Хола ўғлини аввал у ёғ, бу ёққа,тўй-тўйчиққа етаклаб борарди. Энди тўғри келмайди. Одамлар ёмон.
Бир-икки марта Акбаржонини қаттиқ хафа қилиб қўйишди. Етимча, дейишса чидади, “етим”дейишса тишини- тишига босди. Аммо жигарпорасини калака қилишларига чидамайди. Ўша вақтда кўзига ҳеч нарса кўринмай, дилозорни инсофга чақиради. Фойдаси йўқ...
Хола мижжасидаги ёшни узун енглари билан артиб, жилмайди, узоқларга тикилиб, хаёлчан пичирлайди:
- Хали хаммани ўзинга қаратасан. Сени кўрганлар “пақ”этиб хушидан кетиб қолишади. Олим бўласан, профессор бўласан. Хуллас энг зўр ўқишларда ўқиб, ўзинг ҳам дарс берасан. Мен эса давраларни тўрида керилиииб ўтираман....
.Аммо ҳаёт шавқатсиз. Ўғлини мактабга боришини кўриш Қумри холага насиб этмади. Ёз кунларининг бирида қатиқ кўтариб кирган Салима хола қўшнисининг сўрида совиб қолган жасадига кўзи тушиб додлаб юборди. Бир пасда хотин-халаж, эркаклар йиғилди.
Акбаржон қани? Кўринмаяпти. Онаси ўлиб қолганини тушундимикин ишқилиб? Нима қилгандаям, эси йўқ-да! Унинг тилини фақат Қумри опа биларди.
Ие, анна, кўзлари қизарган. Демак ҳаммасини тушунибди. Тезроқ битта тўн- қийиқча олиб, кийгизиб қўйиш керак. Ўликнинг ягона эгаси шу!
Марҳума анча аввал Салима холани чақириб ўлимликларини кўрсатган, бояқишнинг кўнгли сезган эканда. Дунёга келиб нима кўрди шўрлик. Янаям жони тошдан экан,саксон деб кўтаришди. Бошқа одам бу дарду-ташвишларни орқалаши даргумон эди.
Жаноза ўқилиб, тобут кўтарилди. Ўғил тобуткашлар олдида , онасини сўнги йўлга кузатди. Бақрайганча кузатиб бораётган одамларни хайратда қолдириб, айтиб-айтиб йиғлади. Томошаталабларнинг тилини тишлатиб, фарзандлик бурчини чиройлик адо этди.
Вой, олим ўғлини кўра олмаган онам,
Профессор боласини суя олмаган онам,
Қабатиллога ета олмаган меҳрибоним...
Отамнинг олдига кетган дардкашим...
Вой онааааам. Онам!
Онаизор ерга қўйилгач, “Бандачилик”деб тасалли бергучилар ҳам сийраклади. Ҳамма кетди.Фақат бир киши издиҳомдан ажралиб, ортга қайтди. Аммо анча вақт азадорга яқинлаша олмай мум тишлаб эски сағана панасида турди.У Акбаржонни, уни эса шу қабристонда мангу ором топганлар кузатиб турган эди назарида. Ахир бу ерда ётганлар бегона эмас. Уни ҳам, хозиргина онасини кўмган Акбаржонни ҳам гўристон ахли яхши танийди. Ха дунё бевафо! Қанчақишлоғдошлари ўлиб кетдия. Бирга ўйнаб катта бўлганларининг ҳам беш-олтитаси шу маконда. Ҳаёлу-хотиротни чўрт узиб, сескантириб юзига муздай шабода урилди. Бирдан юраги хаприқиб, калима қайтарди. Қадамлари чалкашиб, Акбаржонга яқинлашдида аста елкасина қоқди;
- Сабрли бўл ошна! Энди кетмасак бўлмайди...Бу ерда эзилиб ўтирсанг холамининг руҳи чирқираб қолади.
Акбаржон бурилиб қаради. Қизариб кетган кўзларини тасалли бергувчига тикиб хўрсинди:
-Сиз кетаверинг тоға! Мен яна бир пас қоламан.
Демак танимади. Акбар уни танимади.... Бир вақтлар жуда қадрдон, жудаям яқин эдилар.Ораларидан қил ўтмас, ҳамманинг хаваси келарди. Хотиралар уни олис болаликка етаклади. Беғубор дамлар кинотасмадай нигохларидан ўтдию, елкалари силкиниб йиғлаб юборди..Айб ўзида! Фақат ўзида! Инсон ҳам шунчалик бемеҳр бўладими? Акбарни ёлғизлатиб қўйган, уларнинг хонадонидан қадамини узган ҳам ўзику! Эх,Акбар, Акбар...
Худди шу пайт, аллаким сокин қабристонни бошига кўтариб шодон қичқириб юборди. У чўчиб, атрофга аланглади.
Аввалига ҳеч нарсани тушунмади. Сўнг қўрқиб кетди. Хозиргина юрак-бағри қон бўлиб йиғлаб ўтирган Акбар, ёш боладай сакраб, тинмай сайрарди.
-Ие аяжон, дарров қайтиб чиқдизми? Ёқмадими? Ростини айтинг, мени ташлаб кетганингизга чидамаяпсиз шундайми? Шошманг! Бир пас томоша қилай, кейин сизни қўйиб юбораман. Қўрқманг, бу ерда анча қариндошлар, ўртоғларингиз бор. Улар билан мазза қилиб гаплашасиз.
у “ Астахфурилло” дея ёқасига туфлаганча Акбарга яқинлашиб, қўрқа— писа уни ўзига қаратди. Онасидан жудо бўлган етимча аввал унинг оқариб кетган юзига, олазарак нигоҳларига бир қур назар ташлаб, хо-холаб кулиб юборди ва кафтига ишора қилди. Шундагина Акбарнинг у бармоғидан, бу бармоғига ўтиб довдираб айланиб юрган миттигина чумолига кўзи тушди.
-Аяжоним бу! Мунча қўрқасиз
Митти чумолига бақрайиб тикилиб қолган одамни туртар экан давом этди;
-Нима, ишонмайсизми? Бу ростдан ҳам аям. Ҳамма ўлган одам
Бу ростдан ҳам аям. Ҳамма ўлган одамлар ерга кўмилгандан сўнг, чумолиларга айланиб чиқиб келади. Тўғрими ая? Ман сизи уйимиздан чиқасиз деб ўйлагандим. Чидамабсизда?
Азадорга тасалли бериб, уйигача кузатиб қўяман деб қолган кимса бир нима дейишга ожиз, хашаротни онам,меҳрибоним деб турга
н Акбарга қараб,яна хаёлларга берилди.
...Қумри хола шугинанинг дарди билан ўтиб кетди...
Агар қуриб кетгур зилзила бўлмаганида оила бошлиги ўлмас, балки ҳаммаси бошқача бўлармиди? . Том тагидан аранг чиқариб олинган Акбаржоннику Аллох қайтиб берди. Фақат... Фақат у шу куйга тушиб қолганди. Қайси йиллар эди? Э, энди бунинг нима аҳамияти бор? “ Жиннининг ўртоғи” деган масхарадан қочиб, ошнасидан юз бурган пайтларини эслаб кўксини алланима ғижимлагандай бўлди. Майли, у вақтлар ёш эди. Кейинчи? Пайғамбар ёшига кириб ош тарқатганида ҳам фақат Акбарларнинг хонадони айтилмаганида нега шу қуриб кетгур виждон уйғонмади? “Қумри холанинг дили вайрон бўлади” деган баҳона билан қанча тўй-тўйчиғига фақат ошнаси чорланмади. Унга эмас, қанақадир хашаротга дил ёраётган беозор одамни йўқотиб қўйганидан буён ўзини дунёдаги энг нотавон, энг ёлғиз одам эканини тан олди...
Бечора Акбар - олти ёш гўдакнинг феъли билан қолган қария. У дўсти билан бирга ўйнаб , чўмилиб, уришиб, сузишиб юрган беғубор дамларни эслади. Ор қилиб оёғини узган ховлининг қия очиқ дарвозаси тўғрисиданўғридек пусиб ўтиб кетган вақтларини хотирлаб юзи қизарди. Қанча –қанча юртларга етган оёғи оғирлашиб, атигибир маҳалла пастдаги хонадонга суқилмаган боши гувиллади. Ахир, уни танимай “Тоға”деб деган шу одам, бирвақтлар қадрдон ошнаси эдику!
У виждон азобида азобланар, кафтида жонсарак айланиб юрган чумолини томоша қилиб, тўймаётган Акбар бўлса унга умуман эътибор қилмасди.
- Хозир аяжон, сизни қўйиб юборман. Бироз сабр қилинг, яна озгина қараб олай. Бизнинг уйимизга ҳам келиб туринг, хўпми? Қариндош-уруғ, танишларни олиб қатоооор бўлиб боринглар. Яна-чи, дадамни кўрсангиз албатта салом айтинг! Акбар бу йил албатта биринчи синфга боради , чунки у ҳаммадан ақлли, ҳаммадан полвон деб айтишни ҳам унутманг!
У ортиқ чидаб тура олмади. Томоғига тиқилган муштдек фарёд отилиб чиқди:
- Ошна! Акбар!
Акбар бир муддат хайкалдек қотди. Сўнг яқинроқ келиб унга тикилиб қаради.
-Танимаяпсанми хумпар? Мен Мадаминман! Эсингдами, бирга ўйнардик, кураш тушиб,чўмилишларга борардик, ланка тепиб, варрак учирардик...
Акбаржоннинг кўзлари катта-катта очилди. Ўрта бўй, буғдойранг, сийраксоч- соқоллари оқарган одамни биринчи марта кўриб тургандек, атрофини айланиб, бошдан оёқ назар ташлади. Танилмай қолишидан чўчиб, болаликдаги воқеаларни бирига иккинчисини улаб кетаётган Мадамин эса гоҳ бошидаги дўпписини ечиб тиржайса, гоҳ эски одати- бурнини енгига артиб-артиб қўярди.
Акбаржон илжайганча хайратлансада барибир ишонмади, ёки хозиргина эшитганлари кўплик қилди чоғи, бошини чангаллаб ўтириб олди.
-Халиям танимадингми? Ўртоғларни ичида, фақат мен калламни қимирлатмай қулоғимни учира олардим.Эсладингми?
Акбаржоннинг пешонаси тиришди. Анча пайт шу холатда ўтирди. ... Сўнг дик этиб ўрнидан тургач, қаршисида турган одамга яқинроқ келиб тўрт томондан айланиб, кўзини узмай тикилди. Бўйнидаги, оёғидаги холларини кўрсатишни талаб қилиб, буйруғи бажарилгач , биттаси мошдай, иккинчиси кичикроқ тангадай холларни ушлаб, ишқалаб хақиқийлигига амин бўлди. Ёйилиб илжайди, аммо бу узоқ давом этмади. бир қадам ортга тисарилиб, яна буйруқ берди:
–Қани, қулоғингни учир!
Унинг ғайритабиий харакатларини кузатиб, фақат холлари билан ишонтира олмаслигига ақли етиб турган жўраси апил-тапил кўз ёшларини артар экан, айтганини бажара бошлади. Акбаржонга фақат қулоқлар учиб, калла қимирламаётганига ишонч хосил қилишига атиги бир дақиқа етарли бўлди.
Ўпкаси тўлиб ўкириб юборди:
—Мадамин! Ошна!!!
У ўзини қадрдон дўстининг қучоғига отган бўлсада, ҳамон қулоғини учиришини талаб қилиб, қараб тўймасди....
Бир қур калла уриштириб ҳам олишгач, иккаласи ҳам ёш боладай йиғлаб юборишди. Нафақат кўзлар, қалблар... Бир вақтлар тим қора бўлган, сийраклаб саналиб қолган опп
Бир вақтлар тим қора бўлган, сийраклаб саналиб қолган оппоқ сочлар, уларни оқартирган йиллар ҳам дунёни додлатиб йиғларди...
Анчадан сўнг Акбаржон чўчиб, ошнасини қўйиб юборди.Аввал кафтларига, енгига, тўнининг барига аланглаб, излаганини ахийри шимининг почасидан топиб авайлаб яна қўлига олди.
-Аяжон, мен Мадаминни топдим....

Комментарии

Комментариев нет.