РАФЪУЛ ЯДАЙН МАСАЛАСИ ИМОМ БУХОРИЙ ХАДИСЛАРИ АСОСИДА.

------ -------
“Табақот аш-Шофиъийя” ва “Фатҳул Борий”нинг муқаддимасида Имом Бухорийнинг араб тилида бир оз шеър ёзганлари ҳам айтиб ўтилган[1]. Имом Бухорийнинг “Рафъул ядайн фис солат” яъни “Намозда икки қўлни кўтариш” китобларини, у кишидан Маҳмуд ибн Исҳоқ Хузоъий ривоят қилган. Ибн Ҳажар бу китоб ҳақида: “У мавжуд ва бизга эшитиш ва ижозат орқали ривоят қилингандир”, деган.
Имом Бухорийнинг мазкур асарлари Ҳиндистонда нашр этилган ва бу китобнинг электрон нусхаси “Шомила” электрон китоблар кутубхонасида ҳам мавжуд. Мазкур китоб 199 та ривоятни ўз ичига олган. Бундаги аксар ҳадислар “намозда қўлни кўтариш” ҳақида бўлса, қолганлари эса, уларни қувватловчи, ҳамда намоздан ташқари ҳолларда ҳам қўлни кўтариш ҳақидаги ривоятлардир.
Биз қуйида улардан баъзиларини рақамлари билан яъни, ҳар-хил ўринларда қўлларнинг кўтарилиши ҳақидаги ривоятларни қисқача келтириб ўтамиз:
Ҳасан ва Ҳумайд ибн Ҳилол деди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари қўлларини кўтарар эдилар”.[2]
Солим ибн Абдуллоҳ отасидан ривоят қилиб деди: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг такбир айтганларида, рукуъ қилганларида ва рукуъдан бошларини кўтарганларида икки қўлларини кўтарганларини кўрдим. Буни икки сажда орасида қилмас эдилар”.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: “Албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачонки фарз намозга киришсалар такбир айтар ва икки қўлларини елка баробарида кўтарардилар. Агар рукуъ қилсалар ва рукуъдан бошларини кўтарсалар ҳам шундай қилардилар. Намозларида ўтирган ҳолларида (қўлларини) кўтармасдилар. Икки саждани адо қилиб тургач, худди аввалги сингари икки қўлларини кўтариб такбир айтардилар” – дедилар.
Алқама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўқиганлари сингари намоз ўқиб берайинми?” – дедилар. Бас намоз ўқидилар ва икки қўлларини бир мартадан ортиқ кўтармадилар”.
Молик ибн Ҳувайрис розияллоҳу анҳу: “Мен, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рукуъдан бошларини кўтаргач, икки қўлларини қулоқлари баробаригача кўтарганларини кўрдим” – деди.
Абдурроҳман ибн Маҳдий: “Бу (яъни икки қўлни кўтариш) суннатдир” – деди.
Имом Бухорий: “Кимки: “Қўлларни кўтариш бидъат деб даъво қилса, бас у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари, салафлар ва улардан кейинги кишилар, ҳижозликлар, мадиналиклар, маккаликлар, ироқлик бир қанча кишилар, шомликлар яманликлар ва хуросонлик Ибн Муборак каби олимлар ва ҳаттоки шайхларимиз Ийсо ибн Мусо Абу Аҳмад, Каъб ибн Саъид, Ҳасан ибн Жаъфар, Муҳаммад ибн Салом, магар райъ аҳли бундан мустасно, Али ибн Ҳасан, Абдуллоҳ ибн Усмон, Яҳё, Садақа, Исҳоқ ва Ибн Муборакнинг асҳобларининг кўпчилигига таъна қилган бўлади”.
134.Саврий, Вакеъ ва баъзи Куфаликлар қўлларини кўтармас эдилар.
Имом Бухорий: “Буларнинг барчаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бўлган саҳиҳ ҳадислардир. Уларнинг баъзиси баъзисига хилоф ҳам, зид ҳам эмас. Чунки улар ҳар хил ўринларда айтилгандир”, – дедилар.
Намозда қўлни кўтариш масаласи ҳам кўплаб тортишувларга сабаб бўлгани ҳаммамизга маълум. Ҳанафий уламолар ушбу ҳадис ва ривоятларга амал қилишдан олдин бошқа ҳадис ва ривоятларни ҳам чуқурроқ ўрганиб чиқиб, бошқача қарорга келишган. Шулардан баъзисини мисол тарзида келтириб ўтсак:
Мужоҳид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ибн Умарнинг орқасида намоз ўқиганман. У намоздаги биринчи такбирдан бошқа ўринда икки қўлини ҳеч кўтармас эди».
Таҳовий, Ибн Абу Шайба ва Байҳақий ривоят қилишган. Бу ривоятдан рукуъга борганда ва ундан қайтганда икки қўлни кўтариш ҳукми насх бўлгани аён бўлади. Яъни бу ҳукмга маълум муддат амал қилинган-у, сўнгра амалдан қолган.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рукуъга кетишда ва ундан қайтишда қўл кўтарганларини кўрганлар, ўзлари бу ишга амал қилганлар ва бошқаларни ҳам амал қилишга чорлаганлар. Кейинчалик, бу амал насх бўлганидан кейин, унга амал қилишни тўхтатганлар.
Осим ибн Кулайб отасидан ривоят қилади:
«Али розияллоҳу анҳу икки қўлини намознинг биринчи такбирида кўтарар эди, холос. Кейин кўтармас эди». Таҳовий ва Ибн Абу Шайба ривоят қилишган.

Комментарии

Комментариев нет.