ҚАЙТАР ДУНЁ.

( ВОҚЕИЙ ҲИКОЯ )
Касалхонада эдим. Бир яқиним гапдан-гап чиқиб, ўз хаётида бўлган кичик бир воқеани сўзлаб берди.
Бир пайтлар дадамнинг ахволлари оғирлашиб қолди. Шу ерга (касалхонанинг реанимация бўлимини кўрсатиб) тушиб қолди. Бир уч кун ҳеч қаёққа кетмай ака-укалар бир бўлиб дадамизга қарадик.
Тўртинчи куни ишхонамдан қўнғироқ қилиб бошлиқ сўраётганини айтишди.
Укамларга бирровга ишхонамга бориб келишимни айтиб, у ёққа жўнадим.
Ходимлар бошлиқ хонасида кутаётганини айтди, тўғри бошлиқнинг хонасига кирдим.
Саломлашдик. Сўнгра, бошлиқ жахл билан баланд овозда тергай бошлади.
— Нега ишга сабабсиз уч кун келмадингиз? Иш сизга ўйинчоқми?
Тўғриси бошлиқнинг бундай жазавага тушишини кутмагандим, хаттоки дадамнинг аҳволини сўраб хамдард бўлса керак деган фикрда эдим, хайрон қолдим.
— Йўқ ўйинчоқ эмас ўртоқ бошлиқ, бесабаб ишга келмай қолганим ҳам йўқ, дадам оғирлашиб қолди, уч кундан буён реанимациядалар, ахволлари жуда оғир.
— Хўп эшитдим, ҳа лекин сиз Худо эмассизку, дадангизни тепасида турсангиз ҳам турмасангиз ҳам барибир ҳеч нима қилиб бера олмайсизку, холидан бирров хабар олиб кейин ишга чиқсангиз бўлмайдими?
— Тўғри ўртоқ бошлиқ, аввало ҳаммаси Оллохдан, мен ҳам, шифокорлар ҳам унинг олдида ожизмиз ҳаммамиз, лекин дадам инсулт бўлиб қолдилар, айрим аъзолари ишламай қўйди. Қўпол бўлса ҳам айтай энди, у киши касал бўлгани билан ҳамма қатори хожат чиқарадилар. Лекин, оёқ қўллари яхши ишламаётгани учун хожатини ётган ўриндиғида бажаряпти. Биз эса, у ерни тозалаб, авратини ювиб қўйяпмиз.
— Гапни айлантирманг ука, унақа ишларни ўша ердаги ҳамшира ва ёрдамчи аёлларни ўзлари қилишади ва шунинг учун уларга ойлик тўланади.
— Тўғрику-я, лекин дадам ориятли инсонлар касал бўлганлари билан уят андишаси сақланиб турибди Оллоҳга шукр, ўз авратини бегона аёлларга кўрсатишга уяляпти ахир.
— Нега уялади? Ёш бола эканда дадангиз ҳам ўзингизга ўхшаб ука.
— Сиз билан бошқа гаплашгим келмаяпти, энди мени бир дақиқа ҳам бу ерда ушлаб қололмайсиз, ишингиз ўзингизга сийлов, мен хозироқ аризамни ёзаман.
Дедимда, ўша куниёқ ишдан ариза ёзиб бўшадим.
Орадан беш йил ўтди. Ўша бошлиқ ҳам Оллоҳни қудрати билан худди дадамдек инсултга чалинибди. Бирга ишлаган ҳамкасблар уни кўргани боришибди.
Собиқ бошлиғим кўргани борганлардан бирини ёнига чақириб:
— Бир пайтлар ўша йигитни (мени эсга олиб) нотўғри уришган эканман, жуда ҳам афсусдаман, ўзи келганида узримни айтган бўлардим, энди сиз етказиб қўйинг, ҳамшираларни вазифаси бўлгани билан, авратни бегоналарга кўрсатиш жуда қийин бўларкан, мана ўзим шу холатга тушиб энди тушиндим.
Иқбол Юсуф

Комментарии