Ота ризолигини ололмаган қиз.

Қабристон. Оғир сукунатни дўппайган қабрлар орасидаги ёлғизоёқ йўлдан бир-бир қадам ташлаб бораётган қизнинг оёқлари остидаги қуриган хас-чўплар, хазон баргларининг шитирлаши бузарди.
— Ҳа, қайсаргина қизим-а, яна ёлғиз келяпсанми? — қабристон қоровулининг дашноми паришон ҳолда келаётган Иродани чўчитиб юборди.
— Ассалому алайкум, амаки, — дея салом берди қиз гўё овозини баландлатса, марҳумларнинг ороми бузиладигандек оҳиста шивирлаб.
— Қиз бола бошинг билан қабристонга ёлғиз келаверма, дегандим-ку сенга.
— Кечиринг, амаки, акамни ишдан қолдиргим келмади-да. Дадамнинг қабри ёнида бироз ўтирай… Уларга айтар гапларим бор…
Қизга яна бир оғиз гапирса, йиғлаб юборишини сезган қоровул «Ҳа, майли», дея қўл силтаб, нари кетди.
Ирода илонизи йўлдан илдам одимлаб сувоғи қуримаган
қабрнинг ёнига келиб ўтирди-да, ўзи билган сураларни ўқишга тутинди. Титраган бармоқлари билан юзига фотиҳа тортди-ю: «Дада, дадажон, мени кечиринг, ақлсиз қизингизни кечиринг!» дея нидо қилди юраги ўртаниб. Аламли кўз ёшларига эрк бериб, узоқ йиғлади. Юзини ювиб тушаётган кўз ёшларини артишга ҳам мажоли етмай қабрга унсиз термулди. Шу аснода унинг хаёлидан ҳаётини ўзга ўзанларга буриб юборган нохуш воқеалар бирма-бир ўта бошлади…
* * *
Иродани чиройли, оқила қиз, дейишарди. Мактабининг манаман деган энг олди йигитлари бир оғиз ширин сўзи, табассумига интиқ бўлиб, ортидан юришарди. Шунинг учунми, унга кўпчилик қизлар ҳавас қилишар, дугоналари орасида ҳасад қиладиганлари ҳам йўқ эмасди. Мактабни тамомлаб институтга кирди-ю, уни келин қилиш ниятидаги қариндош-уруғ, қўни-қўшниларнинг бу хонадондан қадами узилмай қолди. Ироданинг дадаси Комил аканинг эса жавоби қатъий эди: «Уларга берадиган қизим йўқ! Орадан гап қочса, қариндошлик, қудачиликка путур етади». Унинг қарори Ирода учун айни муддао эди. Боиси, кўнгил қўйгани бор эди, курсдоши Ботир билан аҳд-паймон қилишганди.
Бир куни дадасининг Иззат ака деган энг яқин дўсти аёли билан меҳмон бўлиб келди. Дадаси меҳмонларни илиқ қарши олди, болаликдан қадрдон дўсти-да ахир. Онаси ош дамлади, Ирода учиб-қўниб хизмат қилди. Чойни янгилаб келаётганида дадасининг ташқаридан бир йигитни бошлаб кираётганига кўзи тушди. Йўлакдан индамай ўтиб кетаётганди, дадаси танбеҳ берди: «Қизим, меҳмонга салом бермайсанми?». Ирода оғринибгина салом берди-да, йўлида давом этди. «Ёш бола-ку, аслида, у менга салом бериши керак», деб ўзича ғўдранди.
Ҳаммаси кейин ойдинлашди. Меҳмон йигит Ирода ўйлагандек «ёш бола» эмас, Иззат амакининг катта ўғли бўлиб, унга Иродани сўраб келишган экан.
— Дадаси, бўй-басти келишган, қиличдек йигит экан, а?! — гап бошлади онаси меҳмонларни кузатиб ҳовлига киришаркан. — «Куёвинг борми?» деса, бор, дегудек…
— Э-э, бўй-бастини қўя тур, ақллилигини, одобини айтмайсанми унинг?! — қўшимча қилди дадаси. — Хорижда ўқиб келди. Нуфузли ташкилотда иш бошлади. Бўладиган бола.
Ота-онасининг бири олиб, бири қўйиб ҳалиги йигитни мақташаётганини эшитган Ироданинг юраги «шув» этди. «Йигитнинг хурсандлигига, онасининг онамга маъноли қараб: «Демак, келаси чоршанба, а?» деб қўйишига қараганда, менсиз тақдиримни ҳал қилишган кўринади. Эҳ, уларнинг ниятини аввалроқ билганимда эди… Хўш, билганингда нима қилардинг?» — дея
хаёлан ўзи билан ўзи баҳслашарди Ирода.
— Чиройимни очмай, хўмрайиб олардим. Кейин ўзлари тушуниб олишарди. Аммо бугун ундай қилмадинг, аксинча, жилмайиб, югуриб-елиб хизмат қилдинг. Ҳойнаҳой, сени ҳамма гапдан хабари бор, бизга ёқишга уриняпти, деб ўйлашгандир… Вой, шарманда…»
— Қизим, қаердасан? — онасининг овози қизнинг хаёлини бўлди.
— Лаббай, ойижон, — деди ошхонада идишларни артиб ўтирган Ирода ўрнидан ирғиб туриб.
— Ўтиравер, сенда гапим бор, — деди онаси қизининг овозидаги синиқликни чарчоққа йўйиб. Аввалига қизига нима дейишни билолмай, бироз тараддудланиб турди-да, сўнг гапни узоқдан бошлади:
— Иззат амакингни яхши танийсан, а? Дадангнинг қирқ йиллик қадрдон дўсти. Хотини ҳам жуда ажойиб аёл. Хуллас, улар сенга совчи бўлиб келишибди. Ҳадемай ўқишингни ҳам тугатасан. Ёзда сени ҳам узатсак, дегандик. Шу оила даданг иккимизга маъқул бўлиб турибди
. Йигитни ҳам жуда мақташяпти, уйим-жойим, болам-чақам дейдиган бола экан. Сен нима дейсан? Даданг, «Қизингнинг кўнглига қўл солиб кўр, кейин менга жавобини айтарсан», деганди.
Онасининг кейинги гаплари Ироданинг қулоғига кирмади. Одатда, бундай пайтда айтиладиган: «Сизлар нима десангиз, шу!» деган бир оғиз гапи билан тақдири ҳал бўлиши мумкинлигини ўйлаб, хавотирга тушди.
— Менинг ҳали турмушга чиқиш ниятим йўқ, — деганча ўз хонасига кириб кетди. Унинг бу ҳолатини қизларга хос ибога йўйган онаси бўлажак қудаси билан ёшларнинг учрашув кунини белгилаб қўйди.
Ирода туни билан мижжа қоқмади. Нонуштада ҳам томоғидан ҳеч нарса ўтмади. Тезроқ ўқишга борса-ю, Ботир билан учрашса, бор гапни айтиб, у билан маслаҳатлашса… Аксига олиб, ҳар куни уни ўқишга олиб кетадиган дадаси наҳорги ошга кетибди. Автобусда ўқишига етиб боргунча ўтган вақт йилларга татигудек бўлди. Ботир Ироданинг кайфияти йўқлигини дарҳол
фаҳмлади.
— Кеча уйимизга совчилар келишди, — деди у дабдурустдан.
— Келишса, келишар, бу янгилик эмас-ку. Қандай келишган бўлса, шундай кетаверишади. Даданг…
Ботирнинг гапи оғзида қолди. Ирода шаҳд билан унинг гапини бўлди:
— Ҳа, айнан дадам бу галги совчиларга хайрхоҳлик билдиряпти. Чунки қадрдон дўстларининг ўғли-да. Келаси чоршанба учрашувга чиқар эканман. Ботир ака, энди нима қиламиз?
Кутилмаган янгиликдан йигит ҳам саросимага тушиб қолди.
— Майли, учрашувга чиқавер. Ота-онангга «Йигит менга ёқмади», дейсан, вассалом! Шу ҳафта уйингизга совчиларимни юбораман, сен хавотир олма, ҳаммаси яхши бўлади.
Ирода Ботир айтгандек қилди. Йигит билан учрашиб қайтгач:
— Ойи, бу йигит менга умуман ёқмади, гап-сўзлари ғалати, фикрлаши чет элчами-ей, хуллас, дунёқарашимиз бутунлай бошқа-бошқа олам экан, — деди йигитнинг чет элда ўқигани қўл келиб қолганидан қувониб.
Қизини учрашувга кузатиб, ўзи эса унинг сарпосига деб йиққан матоларини бир-бир кўздан кечираётган, ўз ҳолича тўйга ҳозирликни бошлаб юборган онанинг шашти бир зумда пасайиб қолди.
— Яна бир марта учрашиб кўринглар, балки ҳаяжондан гапиролмагандир.
— Ойижон, биз яхшилаб гаплашиб олдик, у йигит билан келажагимни тасаввур қила олмаяпман.
«Бу гапни дадасига қандай айтаман? Нақ тепа сочи тикка бўлиб кетади-я. У киши Иззат акага қандай тушунтиради? Ҳализамон йигитнинг онаси келиб ё қўнғироқ қилиб, «Қизингиз нима деди?» деб сўраса, нима дейман?» деган саволлар исканжасида ўз ёғига ўзи қовуриларди она бечора. Ниҳоят, юрак ютиб бор гапни эрига айтди. У эса кутилмаганда:
— Шундай дедими? Қани йигит билан ўзим ҳам бир гаплашиб кўрай-чи, — деди босиқлик билан.
Эртасигаёқ дўстининг ўғли билан учрашиб, унинг суҳбатини олган дадаси кўтаринки кайфиятда уйга кириб келди.
— Онаси, йигитга гап йўқ, жуда бамаъни, ақлли бола экан. Қизингнинг ақли бўлса, шу йигитга тегади, бахтли бўлишига мана, мен кафил! — деди жўрттага овозини баландлатиб.
Ирода эса ўз сўзида туриб олди:
— Йигит менга ёқмади!
Ота-онаси ноилож кўнишди. «Яшайдиган қизим, унинг оёқ-қўлини боғлаб узатмайман-ку», дея дўстидан узр сўради Комил ака.
Бу орада Ботирнинг уйидан совчилар келишди. Она қизининг кўтаринки кайфиятини кўриб, бугун унинг одатдагидан эртароқ уйғонгани, ҳовли-кўчаларни, меҳмонхонани чиннидек қилиб супуриб-сидириб қўйгани, ҳафсала билан пардоз қилиб, ўзига оро берганининг сабабини англагандек бўлди.
— Сен қизгина қани бу ёққа кел-чи, — дея Иродани ёнига чорлади онаси совчиларни кузатиб қайтаркан. — Совчи юборган йигитни танийсанми, дейман-а? Яна у билан пана-пастқамда етаклашиб юрган бўлмагин…
— Йў-ўқ, ойижон, нималар деяпсиз? Мен у йигитни танимайман.
— Танимасанг яна яхши! Йигитни билмадим-у, онаси менга унча маъқул бўлмади. Калондимоғ, сергап аёлга ўхшади. Менимча, уни сендан кўра кўпроқ дадангнинг топиш-тутиши қизиқтиради. «Қизимизни ҳали узатмаймиз», дея жавобини бериб юбордим.
Онасининг бу гапи самоларда учиб юрган Иродани бир зумда ерга туширди-қўйди.
— Улар нима деб кетишди? — шошиб сўради у гўё совчиларнинг ортидан югуриб, қайтариб келадигандек важоҳатда.
— Ҳа, ўйлаб кўринглар, яна хабар олармиз, дейишди, — деди онаси бепарвогина.
Ироданинг боши қотди. Энди нима қилади? «Шу йигитда кўнглим бор», дейишга уяла
ди. Ҳиссиётини
пинҳон тутай деса, онаси совчиларнинг узил-кесил жавобини бериб юборадиган.
Эртаси куни Ботир билан маслаҳатлашиб, гапни бир жойга қўйишди. Йигит совчиларини дамба-дам жўнатаверди. Ноилож қолган ота ёшларнинг учрашувига рози бўлди ва илҳақ бўлиб қизининг йўлига кўз тутди. У ич-ичидан Ироданинг, бу йигит ҳам менга ёқмади, деб келишини истарди. Аммо юзи ял-ял ёниб, катта гулдаста қучоқлаганча ҳовлига кириб келган қизига кўзи тушди-ю, ичидан зил кетди. «Ишқилиб, охири бахайр бўлсин-да», деб қўйди-ю, кўнглидаги ғашлик
тарқамади.
* * *
Отанинг кўнгли бежиз ғашланмаган экан. Бўлажак қудалар тўйнинг ўтишини ҳам кутмай, «деди-деди»ни бошлаб юборишди. Куёвникига «мол ёяр»га борган аёллар бир қоп гап олиб келишди. Бўлажак қайнона: «Келиннинг мебели жуда оддий, кўримсиз экан. Билганимда, бу хоналарни фалон пулга таъмирлатиб ўтирмасдим, барибир, очилмади», дебди.
Бу гапни эшитган Комил аканинг фиғони фалакка чиқди. Қон босими кўтарилиб, бошида кучли оғриқ турди. Жаҳл устида тўйни тўхтатмоқчи ҳам бўлди. Лекин қизининг кўнгли синиб қолишини ўйлаб, кўксига бир мушт урди-да, ғазабини ичига ютди. Тонг отиши билан нонушта ҳам қилмай, кўчага отланди. Унинг асабданми, уйқусизликданми, қон босими кўтарилганиданми, қизариб кетган кўзларини кўриб, хотини хавотирга тушди. Лом-мим демай уйдан чиқиб кетаётган эрининг ортидан: «Ҳой, дадаси, қаёққа кетяпсиз, тобингиз йўқ-ку», дея ҳай-ҳайлаганча қолаверди. Комил ака шу кетишда тўппа-тўғри бўлажак куёвининг уйига борди. Кўчадан қўлига каттакон бир тошни олди-да, дарвоза қўнғироғини ҳам босмай ҳовлига кириб борди. Унинг кутилмаган бу ташрифи қудаларни саросимага солиб қўйди.
— Ҳа, қ-қ-уда, тинчликми? — сўради каловланиб куёвнинг отаси бир қудасига, бир унинг қўлидаги каттакон тошга хавотир билан қараб-қараб қўяркан.
Комил ака ҳеч сўз демай атрофга аланглади-да, қизи учун ажратилган хона томон йўл олди. Уй эгалари ҳайрон бўлиб, унинг ортидан хонага киришди. Комил ака кутилмаганда қўлидаги тошни ётоқ тўпламининг тош ойнасига отди. Ойна чил-чил синди.
— Ҳа, қуда, бу нима қилганингиз? — тилга кирди аёл қуда.
— Қизимнинг уй жиҳозлари сизга ёқмабди. Қўни-қўшиларнинг олдида, ойнаси синиб қолибди, шуни алмаштириб келамиз, деб олиб чиқиб кетаман-да, — деди Комил ака. — Сизга ёқадиган мебелни кўрсатсангиз, ўшани олиб бераман.
— Ҳа, шундоқ демайсизми? — чиройи очилди аёлнинг. — Майли, мен бугун дўконларни айланиб келай, маъқулини сизга айтаман.
Комил ака индамай чиқиб кетди. Йўл-йўлакай содир бўлган
воқеаларни хаёлан таҳлил қилиб бораркан, гап-сўзларга аралашмай, бир чеккада жимгина ўтирган эркак қуданинг бу хонадонда ҳеч қандай ўрни йўқлигидан, аёл қуданинг айтгани айтган, дегани деган эканлигидан баттар кўнгли ғашланди. Чунки йиғинларда вазмин, мулоҳазали кўринган эркак қуданинг тили ботир аёлини йўлга солиб олишидан умидвор эди-да.
* * *
Тўй ҳам бўлиб ўтди. Борди-келди, олди-бердилар тугади. Анча вақтдан буён қаттиқ азоб бериб келаётган юрагидаги кучли оғриқлар Комил акани ҳолдан тойдирди. Ярим тунда келган «Тез ёрдам» машинаси уни касалхонага олиб кетди. Беморни кўздан кечирган шифокор «Уни тезда жонлантириш бўлимига ётқизинглар», дея кўрсатма берди. Ҳансираб, базўр нафас олаётган Комил ака хавотирдан гарангсиб турган аёлига оҳиста шивирлади: «Иродага билдирманглар, янги келин овора бўлиб, бу ерларга келиб юрмасин. Бирор ҳафталарда уйга чиқиб қоламан».
Бироқ уйга қайтиш унга насиб этмади. Уч кундан сўнг ўз оёғи билан уйидан чиқиб кетган Комил аканинг жонсиз танасини кўрпага ўраб олиб келишди. Қайнотасидан оталарча меҳр кўрган келинларининг доду фарёди оламни бузди. Узоқ йиллар катта-катта лавозимларда ишлаган бўлса-да, оёғи ердан узилмаган, ҳеч кимдан ёрдамини аямаган, камтар, очиқкўнгил бу инсоннинг жанозасига тумонат одам йиғилди.
«Биз чиллаликмиз, жанозага боролмаймиз!» дея Ироданинг йўлини тўсди қайнона. Шўрлик келин зор қақшаб қолаверди.
«Майли, қизим, хафа бўлма, сен келганинг билан даданг тирилиб қолмасди-ку, — дея юпатди онаизор телефон орқали отаси билан видолашолмай армонда қолган қизини. — Сен ўша хонадонда тиниб-тинчиб, бахтли яшасанг, бўлгани. Шунда дадангнинг руҳи шод бўлади…»
*
* *
Орзулари ушалган бўй қизнинг кўнглига бир қўл солиб кўринг-а, унда қайси эзгу сифатлар йўқ дейсиз?! Дунёнинг бор меҳру муҳаббати шунда жамланган гўё. Бу оламда ундан-да бахтлироқ, ундан-да кучлироқ инсон йўқдек…
Ирода ҳам ана шундай ҳис-туйғулар оғушида яшади. Лекин бундай бахтли кунлари саноқли бўлди. Шу ёшигача бирор марта хасталанмаган отасининг тўсатдан оламдан ўтиб қолгани, Иродага унинг совуқ дийдорини кўриш ҳам насиб этмаганидан кўнгли вайрон бўлгани етмаганидек, қайнонаси ҳам унга кун бермай қўйди. У кун бўйи тиним билмасди: уй юмушлари, ош-овқат, кир-чир дегандек… Камига қайнопасининг болаларини ювинтириш, овқатлантириш, дарсларини тайёрлатиш ҳам унинг зиммасида эди. Шўрлик ҳарчанд уринмасин, уйдагиларнинг кўнглига йўл тополмасди. Қайнонаси:
— Қиличдек ўғлимга кимлар қизини бермасди-я! Келиб-келиб шу зоти пастни танлади. Отаси тириклигида нимани қойил қилувдики, энди бева онасидан нимани кутаман?! Эсизгина, не-не орзу-умидларим бор эди… Қуда чақириқ, чорлов, хурсандчиликлар ўрнига энди фақат маърака, йиғи-сиғидан бошимиз чиқмас экан-да, — дея жаврайверарди.
Келинига эшиттириш учун баланд овозда айтилаётган бу сўзлар Ироданинг юрагини баттар эзар, йиғламасликка ҳарчанд уринмасин, кўз ёшлари қуйилиб келаверарди.
— Йиғини бас қилинг, уйимни ҳам азахонага айлантириб юбордингиз, — дея ўшқирарди келинининг тепасига келиб қайнона. — Тез-тез ишларингизни қилиб, бозорга тушиб келинг, картошка, пиёз тугабди…
Пешонасини рўмол билан танғиб олган қайнонанинг дийдиёлари ўғли ишдан қайтганида янада авж оларди:
— Хотининг кун бўйи уйидан чиқмайди. «Вой, отам»лаб йиғлайвериб, юрагимни қон қилди. Нима, отаси ўлган битта уми? «Келин қилсам, қўлимдан ишимни олар», деб ўйлагандим. Чучварани хом санабман, ош-овқат, кир-чир, супур-сидир ҳаммаси ўзимга. Мана, энди қон босимим ошиб, бошимни кўтаролмай ётибман.
Узлуксиз бўлаётган бундай шикоятлар, таъналар Ботирнинг хаёлига ҳам, ҳаётига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Аввалига онасининг гапларига эътибор бермай, бошига оғир мусибат тушган хотинига ачиниб, унга тасалли бериб юрди. Бора-бора уйидаги машмашалардан безиб, ишдан жуда кеч қайтадиган, кунда-кунора дўстлари билан улфатчилик қиладиган одат чиқарди. «Балки, онамнинг гапларида жон бордир, хотиним иккиюзламачилик қилиб, менга бошқача, онамга бошқача муносабатда бўлаётгандир», деган шубҳа ҳам оралади кўнглига.
— Поччангдан кўрган хўрликларим каммиди менга? — дея кўз ёш қилди бир куни кечаси алламаҳалгача ухламай, уни кутиб ўтирган опаси. — Ирода, онам анча қариб қолди, яна тез-тез қон босими кўтарилиб кетяпти. Мен кун бўйи ишдаман. Уй юмушларига сиз ҳам бироз қарашиб юборинг, десам, «Мен бу хонадонга етимчаларингизнинг хизматини қилиш учун келмаганман», деди. Болаларим хонасига кирган экан, силталаб-силталаб чиқариб юборибди.
Бу гаплар ширакайф Ботирнинг кўнглидаги шубҳа ўтини алангалатди. Жаҳл билан ётоғига кириб ухлаб ётган Иродани ҳақоратлаб, дўппослай кетди.
— Ҳаммаси жонимга тегиб кетди. Сенга уйландим-у, ҳаловатим йўқолди. Йўқол кўзимдан, ҳозироқ йўқол! — дея ўшқирди Ботир кўзларига қон тўлиб.
Ярим тундаги бақир-чақирдан ҳамма уйғонди, лекин на ота, на она ўғлининг хотинига ноҳақ кўтарилган қўлидан тутмади.
Бехосдан боши, юз-кўзи аралаш кетма-кет тушаётган муштдан гарангсиб қолган Ирода полга юзтубан йиқилди. Ўзини ўнглашга улгурмай, аёвсиз тепки зарбига учради. Вужудидаги кучли оғриқ азобидан ҳушини йўқотди.
Кўзини очганида ўзини касалхонада кўрди. Елкасига оқ халат ташлаганча ёнида пиқиллаб йиғлаётган онасидан: «Ойижон, менга нима бўлди?» деб сўради.
Қизининг ўзига келганидан қувонган она ирғиб ўрнидан туриб шифокорни чақирди.
— Ҳм, яхши, яхши, — деди шифокор беморнинг пешонасига қўлини қўйиб. — Аҳволингиз анча яхши. Бироз кўнглингиз беҳузур бўлиши мумкин, қатиқ, минерал сувга лимоннинг сувини сиқиб ичиб туринг, Худо хоҳласа, яхши бўлиб кетасиз.
У шундай дея ўрнидан турди-да, Ироданинг онасига: «Бир-иккита қоғозларга қўл қўйиб беришингиз керак, хонамга боринг», дея чиқиб кетди.
— Кечирасиз, опажон, қизингизнинг ёнида сўрай олмадим. Қудаларингизнинг айтишича, у зинадан йиқилиб тушганмиш, шу гап ростми? Куёвингиз билан г
аплашай десам, у келолмабди, хизмат сафарида экан. Қизингизнинг боши, юзидаги жароҳат изларини кўриб, нима деб ўйлашни ҳам билолмаяпмиз. Ҳақиқатни билсангиз, чўчимай айтаверинг, — сўради шифокор шубҳаю гумонларига ойдинлик киритиш ниятида.
— Қайнонаси, опаси шундай дейишган бўлса, шундайдир-да, ука. Менинг уйим бошқа, жойим бошқа бўлса, ҳақиқатни қаердан ҳам билай?!
— Сизга бор гапни айтишга мажбурман. Қизингиз ҳомиладор экан. Йиқилганида ҳомила ўрнидан кўчиб, кўп қон йўқотган. Биз қўлимиздан келганини қилдик, қизингизнинг ҳаётини сақлаб қолдик. Лекин у энди фарзанд кўролмайди. Куёвингиз келса, менга учрашсин, ўзим ётиғи билан тушунтираман…
Шифокорнинг охириги гаплари онаизорнинг қулоғига кирмади. Кўз олди қоронғулашиб, боши гир-гир айлана бошлади. «Энди у фарзанд кўролмайди…» Шифокорнинг бу сўзлари гўёки қизига ўқилган ҳукмдек қулоқлари остида акс-садо бериб турди. Йўлак бўйлаб эшик ва деворларни ушлаганча бир амаллаб қизи ётган хонага етиб келди. Эшикни очиш учун тутқичга энди қўл югуртирган ҳам эдики, ичкаридан келаётган эркак кишининг дўриллаган овозини эшитиб тўхтади. Овоз эгасини таниди, у куёви Ботир эди. Ёшларга халақит бермаслик учун хонага кирмади, ошхонага ўтди. Бироздан сўнг хона эшигининг очилиб-ёпилганидан ҳушёр тортиб, йўлакка чиқди.
— Ботиржон, болам, — дея чақирди хонадан чиқиб, йўлак бўйлаб шошиб кетаётган куёвининг ортидан. Салом-аликдан сўнг унга шифокорга учрашиши кераклигини айтди.
Шифокорнинг хонасидан тунд қиёфада чиққан Ботир ишига бормай, тўғри уйига йўл олди.
— Ниятингизга етдингизми, сизларга шу керакмиди? Ирода ҳомиладор бўлган экан, бола тушиб қолибди, энди у бола туғолмас экан… Биз энди бефарзанд ўтамиз, хурсандмисизлар?! — дея бақириб, эшикни тепганча кўчага чиқиб кетди Ботир. У шу куни ҳам, кейинги кунларда ҳам уйига ғирт маст аҳволда қайтадиган бўлди. Шифохонага қайтиб бормади. Буни Ирода ўзича тушунди: «Қилган ишидан хижолат тортиб, виждони қийналаётгандир?! Келишга уялаётгандир…»
* * *
Ёпиқлик қозон ёпиқлигича қолди. Ирода иккита сабабга кўра, ҳақиқатни юзага чиқармасликка қарор қилди: биринчи сабаби — онасини аяди, иккинчи сабаби эса оиласи бузилиб кетишидан чўчиди.
У ўн кундан ортиқ шифохонада даволанган бўлса, келинлик хонадонидан бирор инсон ҳолидан хабар олгани келмади. Уйга жавоб теккан куни эрига қўнғироқ қилганди, у: «Мен хизмат сафаридаман. Ҳозирча онангнинг уйига бориб туравер, сафардан қайтсам, ўзим олиб кетаман», деди гапни қисқа қилиб. Кейинчалик телефон қўнғироқларига умуман жавоб бермай қўйди.
Шу гапга ҳам бир ойдан ошди. Ирода буни ҳам яхшиликка йўйиб, «Хотиним яхшилаб қувватга кириб олсин, бу ерда уй юмушлари билан уриниб қолади, деяётгандир-да», дея ўзини овутиб юраверди. Лекин бу мавҳумлик онаси — Иқбол опанинг тоқатини тоқ қилди. Бир куни қизига ҳам айтмай, тўппа-тўғри қудасиникига йўл олди. Дарвозадан кирди-ю, ҳовлининг ўртасига тоғдек қилиб уюб қўйилган қизининг кўч-кўронига кўзи тушиб, ҳанг-манг бўлиб қолди. Ичкаридан чиқиб келган қудаси худди шуни кутгандек деди:
— Ҳа, қудажон, нега анграйиб қолдингиз? Ка-тта машина олиб келиб ортиб кетинг, мана бу лаш-лушларингизни. Нима, ўғлим туғмас қизингиз билан яшайверади, деб ўйлаганмидингиз? Ўғлимнинг бели тўла бола, ана, гулдек қизга никоҳлаб қўйдик, ҳадемай ҳовлим набирага тўлади…
Қудаси гапини тугатмай, Ироданинг ётоқхонасидан қуюқ пардоз қилиб, ясаниб олган бир жувон чиқиб, улар томон юриб кела бошлади. Иқбол опа бир сўз демай ортига ўгирилди-да, тез-тез юриб ҳовлидан чиқиб кетди. Уйига кела-келгунча шу одамларга рўпара бўлган кунига лаънатлар ўқиди. Унга пешвоз чиққан қизига кўзи тушди-ю: «Пешонанг қурсин, болам», деган нидо ич-ичидан отилиб чиқди.
— Йўқ-йўқ, мен бундай бўлишига ишонмайман, ойижон, — дея зорланди Ирода. — Ботир акам бундай қилиши мумкин эмас… Ахир шифохонада ётганимда, тиз чўкиб кечирим сўради-ку! «Сенга кўтарган қўлларим синсин! Ғирт маст эдим, нима қилганимни ўзим ҳам билмай қолдим. Бўлган воқеани ҳеч кимга, ҳатто онангга ҳам айтма, оиламиз бузилиб кетади. Беш йиллик севгимиз ҳурмати, мени кечир» деганди-ку. Йўқ бу ерда бошқа гап бор! Мен эрим билан гаплашишим, бор гапни ўз оғзидан эшитишим шарт!
​​Ирода айтганини қилди. Шу куниёқ келинлик маҳалласига бориб, бекатда эрининг ишдан қайтишини кутди. Ботирнинг кўзи бехосдан Иродага тушиб, довдираб қолди. Аввалига унинг ёнига бормай тўғри ўтиб кетмоқчи бўлди. Лекин бир-икки қадам ташлади-ю, кескин ортига бурилиб шаҳдам қадамлар билан хотинига яқинлашди.
— Ирода, бўлар иш бўлди, жанжал қиламан, деб келган бўлсанг, энди фойдаси йўқ. Бўлиб ўтган воқеаларни ҳеч кимга исботлаб бера олмайсан. Сенга уйланиб, бошим ғалвадан чиқмай қолганди. Ҳозирги хотиним онам билан опоқ-чапоқ, менинг эса қулоғим тинч. Қолаверса, менинг ҳам орзу-ҳавасларим бор. Болали бўлсам, ўғил кўрсам, юртга ош берсам, дейман. Сен эса…
— Бас! Бас қилинг! — бақириб юборди Ирода. Сўнг икки қўли билан қулоқларини маҳкам беркитганча югуриб кетди.
Мактабга ишга кирган Ирода бир куни ота-оналар мажлисини чақирди. Тасодифни қарангки, ўқувчиларидан бирининг онаси келинлик хонадонига қўшни бўлган аёл экан.
— Вой, Иродахон, бу сизмисиз? — дея гап бошлаб қолди қўшни аёл. — Аҳволингиз яхшими? Қайта турмуш қурмадингизми? Бир ҳисобдан ўша хонадондан кетиб, жуда тўғри иш қилдингиз. Қайнонангиз эрингизни қизининг бир дугонасига никоҳлаб қўйганди. У аёлни эри ўзининг энг яқин дўсти билан тутиб олиб, бир қизчаси билан уйидан ҳайдаб юборган экан. Аввалига аҳил яшашди. Эрингиз кундошингизнинг қизини фарзандликка олиб, ўз фамилиясига ўтказди. У аёл иккинчи фарзандига ҳомиладор бўлди-ю, асл қиёфаси очилди. Қайнона-келин кунда қирпичоқ, қайнопангизни ҳам уйга сиғдирмай қўйди. У ноилож ижара уйга чиқиб кетди. Бу машмашалардан безор бўлган Ботир ичкиликка муккасидан кетди. Хотини ўғил туғди-ю, «Мен бу пиёниста эр билан яшамайман», деб Ботир билан ажрашди. Судлашиб, уйнинг тенг ярмига эга чиқиб ўтирибди…
Ирода бу гаплардан хурсанд бўлмади. Аксинча, Ботирга жуда ачинди.

Комментарии