Хоҳ ишонинг хоҳ ишонманг...

Қайтар дунё.
(Яхшиликка яхшилик хар кишининг ишидир
Ёмонликка яхшилик мард кишининг ишидир)
Нурзиё бор кучи билан машинани итараркан, оёғи сирғаниб кетмасин дея, тошларга тираб турарди. Бу вақтда аёлига хам далда беришни унутмасди:
-Ха хотин ака, яна бироз!
-Хах...хах...-Машхура ўзига ўзи далда берганча машинани орқасидан куч берарди. Эр-хотин ярим соат овора бўлгач, тоза чарчаб, холдан тойдилар. –Уфф... бўлди, кучим қолмади дадаси!
-Оббо, энди нима қиламиза?-Нурзиё қўл тормозини тортиб, аёлига яқинлашди.
-Балиқ емай мен ўлай,-аёл ўзини койишга тушди.-Бир чиройли аспал йўлда кетаётувдик. Нимагаям балиқ олиб кетайлик дедим а?
-Ха энди, қизларинга илингансан-да!-Нурзиё йўл ўртасига чиқиб, туманда узоқларга тикилди. Қани энди икки қадам нарини кўриб бўлса. Қоронғу ва туман бирлашиб, атрофни қора гумбаздек босиб олган эди гўё.-Бу йўлллардан машинаям ўтмайди шекилли, йўқса шатакка олиб тортиб чиқарардик.
-Сиз-да,-аёли энди эрини айблашга ўтти.-йўлларда шунча ошхоналар бор, олардик бирортасидан ўша балиқни. Келиб-келиб, гадойтопмас жойга бошлаб бординггиз.
-Бу ерда зўр пиширадида балиқни хотин. Бир сафар шу ерга келиб **** кетгандик, мазаси оғзимда қолган.
-Катта йўлгача қанча бор?
-5-6 километр бўлса керак. Бироз кутайликчи биронта машина ўтиб қолар,-эри яна хотини ёнига қайтти.-Бунақа, тўсатдан туман тушишини тушимда кўрибманми. Аксига олиб, ердаги муз эриб лой бўлиб кетибди. Бўлмаса, машинани ўзи чиқволарди бу нишабликдан.
Нурзиё машина турган чуқурликка қаради. Йўл шу ерга келганда ўнгга қиялаб бурилган экан. Туманда буни жуда кеч пайқади, пайқаганда эса машинанинг олд балонлари пастлика тушиб улгурганди. Хар қанча газни босса хам машина тобора сирпаниб пастга тушаверди. Балонлар турган жойида визиллаб айланганча лой отар, аммо бир қарич хам ортга силжимасди.
-Дадаси машина келяпти!!!-бақириб юборди хотини. Нурзиё чопиб йўлга чиқаркан қайси томондан келаётганини билиш учун атрофга аланглаб қулоқ сола бошлади.
-Йўқку машина!-деди кейин хафсаласи пир бўлиб.
-Қулоғимга эшитилиб кеттида.
-Э-э, қулоғинггаям...
-Бўлди, сўкманг! Келинг, яхшиси балиқ совумасдан **** олайлик. Бу туришда хали вери машина ўтадиган эмас.
Ха, шундай қилишди. Қоринларига овқат киргач, бироз хотиржам хам тортишди. Йўқса, бу ноқулай вазиятга тушиб қолганларини оч қоринга хазм қилолмаётган эдилар.
-Дадаси, бугун шу ерда тунаб қоламиз шекилли!
-Йўқ, унчаликка бормайди. Хозир кўрасан, бир- икки соатда ер музлайди, кейин осонгина чиқиб оламиз йўлга.
-Войбў, икки соат кутамизми хали.
-Ха, нима қилай мен. Хозиргина тунаб қолишгаям тайёр эдингку!
Шу пайт машина овози яқинлаша бошлади. Эр-хотин буни баробар эшиттилар. Нурзиё яна йўлга чопиб чиқди-да, иккала қўлини хам кўтариб:
-Тўхтанг биродар!-деб бақиришга тушди. Келаётган машина нақд оёғига тиралиб тўхтади. Қизиқ томони, агар у йўлга чиқмаганда, бу машина хам худди улар сингари йўл четидаги нишабликка тушиб кетаркан.
-Жонингдан тўйганмисан! Қоч йўлни бўшат!-машина эшиги қия очилиб, асабий овоз эшитилди.
-Ака, илтимос ёрдам қиворинг! Машина сирпаниб пастга тушиб кетти.
-Тушса нима, мени айбимми? Қоч дедим, кеч қоляпман. Хали Фарғонага қачон етиб бораман бу ахволда?
-Ака илтимос, Оллони йўлида бир савоб иш қилинг!
-Дадаси, қараб ўтирасми босинг устига!-ичкаридан хотин кишини овози келди.
-Йўқ ая, босмасин!-ёш боланинг эътирози эшитилди.
-Э, сен жим ўтир, босмайди даданг!
-Менда барибир арқон йўқ ошна, бошқа машинани кутинглар!
-Мен химоя камарларимни қирқаман, бир амаллаб чиқаришворинг!
-Қоч йўлдан!-йўловчи йигит қарс этиб эшигини ёпдида асабий газ боса бошлади. Нурзиё эса унинг йўлини тўсиб тураверди. Йўловчи йигит анчагина асабий экан. Шартта тушиб, Нурзиёнинг ёқасига чанг солди.
-Уриб ўлдириб қўяйми? Нимага йўлни тўсасан?
-Биродар, мен сизни чуқурликдан тўсяпман, мени четлаб ўтинг, сиз аллақачон йўлдан чиқиб бўлгансиз.
Йўловчи йигит бу гапдан кейин уни қўйвориб, икки қадам наригача борди.
-Вай бл...! Тушиб кетаёзибману!
У машинасига ўтириб, рулни кескин бурди. Кейин газни босиб, жўнаб кетти.
-Дадаси, аёлим бор деганингизда рахми келармиди?-хотини хам йўл четига чиқиб келди.
-Қўй хотин, улардан умид қима. Яхши одам ёрдам сўрамасингдан олдин “Нимага турибсиз? Биздан нима ёрдам?” деб ёрдамини таклиф этади.
Улар яна машинага қайтиб ичига кириб олишди. Нурзиё моторни ўт олдириб, печкасни исита бошлади. Орадан қирқ минутча ўтиб қандайдир овоз қулоққа чалинди.
Пат-пат қилиб келаётган “Иж” мотоцикли экан. Туманда фаралар йўлни девордек тўсиб қўяётгани учун, чироқни ўчириб келаётган экан. Мотоциклчи Нурзиёни шарпасини кўриши билан тормозни босди. Улар икки киши эди.
-Ха ака, тинчликми? Пиёда қолибсиз кеч бўлганда?
-Пиёда эмасман укалар. Машина пастга тушиб кетти.
-Жарохатланмадингизми ака?
-Йўқ, тўқнашув бўлмади, шунчаки туманда чеккалаб юборибман, сирпаниб тушиб кетти машина.
-Ха, шу холосми? Унда сизни ториб чиқарамиз ака.
-Арқон борми? Ёки, ременларни кесиб олайликми?
-Арқон бор ака, ғўзапоя ташигани доим арқон билан юраман. Лочин, охурдаги арқонни еч!-буюрди укасига.
Улар арқонни боғлаб, тортишга шайландилар. Нурзиё хам машинасига ўтириб, газни босди. Аввалига бу хеч қандай натижа бермади. Аммо, хотини хам Лочинбекка қўшилиб мотоциклни итаришга тушганди машина секин аста кўтарила бошлади. Шу тарзда машинани бир амаллаб йўлга чиқариб олдилар.
-Э-э, яхшиям сизлар келиб қолдингиз!-Нурзиё иккала йигитча билан хам бошқатдан қўл бериб сўрашиб чиқди.-Эрталабгача қолиб кетамизми деб қўрқиб ўтирувдик.
-Қоп кетмайсиз ака, яхши одамлар кўп. Бизга бошқа хизмат йўқми, кетуврайликми?
-Йўқ, рахмат, бу ёғига ўзимиз етиб оламиз. Рахмат укажонларим, бу яхшилигингиз ажрини шу дунёда кўринглар!
-Бўпти ака, яхши етволинглар!-дея мотоциклдаги йигитчалар жўнаб кетишди.
Нурзиё машинасига ўрнашиб ўтираркан, хотинига ўгирилди:
-Хотин ака, кўрдингми, яхши одамлар кўп дунёда!
-Ха, дадаси, бахтимизга Оллох шу йигитларни бизга ёрдам учун жўнатибди. Энди хушёр хайданг, яна адашиб бошқа чуқурга тушиб қолмайлик.
-Қўрқма аяси, хаво совуяпти, қараб тур, туман хам тарқаб кетади.
Нурзиё шундай деб, мотоцикл ортидан газни босди. Аммо, икки километр юрмасларидан мотоцикл ўнг томондаги кичик кўчага бурилиб кетти. Нурзиё шундан сўнг, хушёргина йўлида давом этти. Яхшики, Андижон-Қўқон йўлига оз қолибди. Аммо, хали катта трассага чиқмасларидан олдин йўлларига кимдир югуриб чиқди. Нурзиё ўн қадамча олдинда кимдир йўлини тўсиб чиқаётганини кўриб тормозни босди.
-Илтимос, ёрдам қилинг! Эрим бехуш холатда, йўлдан чиқиб кеттик туманда!
Нурзиё машинани четга олиб тўхтатди.
-Қани эрингиз, нима бўлди?
-Ана, йўл четида, столбага урилдик!
Нурзиё бояги аёл кетидан бораркан, симёғочга тиралиб тўхтаган машинани таниди. Бу ўша –ўзига ёрдам бермай кетиб қолган 809 рақамли оқ “Жентра” машинаси эди. Хайдовчи хушига келиб, ташқарига чиқиб турган экан.
-Тузукмисиз биродар?
Нурзиё хайдовчининг қўлтиғидан тутиб, юзига қаради. Бояги хайдовчи юзма-юз бўлганларида Нурзиёни таниб, афти буришди.
Нурзиё эса, хеч нарса бўлмагандек уни қўлтиғидан махкам тутиб сўради:
-Дўстим, ахволингиз яхшими? Нима ёрдам биздан?
-Рахат, яхши. Агар имконингиз бўлса, газ заправкагача шатакка оласизми?
Нурзиё аввалига арқоним йўқ деб жавоб қилсамми, деб ўйлаб қолди. Чунки, кўнглида халиям бу одамга алами тарқамаган эди. Кейин, шайтонга хай берди.
-Шатакка олишгаку арқоним йўқ эдия.
-Илтимос, йўқ деманг, бўлмаса икки километр хам юролмаймиз.
Нурзиё орқа юкхонадаги шлангларни ўйларкан, халиям иккиланарди. Кейин бор аламларини четга суриб, жавоб қилди:
-Шатакка олиш шартмас, менда шланглар бор. Сизга газ ўтказиб бераман, бемалол газ заправкага етиб оласиз.
-Газингиз етарлими?
-Ха, менам сиздан кейин бемалол Қўқонга етиб оламан. Аммо, машинангиз юра оладими?
​Улар машина олдига тўтиб, тўқнашув оқибатларини кўздан кечиришди. “Жентра”нинг олди пачоқ бўлибдию, аммо юрса юргудек ахволда экан.
Нурзиё орқа юкхонадан шлангларни олиб ўз машинасини “Жентра”га яқинлаштирди. Кейин ўз машинасидаги газдан бояги машинага ўтказиб берди.
Шундан сўнг уйларига йўл оларкан хотини сўраб қолди:
-Дадаси, булар бизни ташлаб кетган одамлар эканку. Билиб туриб ёрдам қилдингизми?
-Ха.
-Ташлаб кетсангизам бўларди а?
-Ха, бўларди. Аммо, биз яхши одаммиз хотин ака.
-Дадаси, сиз ростданам яхши одамсиз, мени бахтимга. Сизга етказганига шукр. Рости, терс қараб кетишингизни кутувдим, бунга хаққингиз бориди. Аммо, шундай қилганингизда сиздан кўнглим қоларди.
-Қўйсангчи, мен аламзада бўлсам хам, уларни оғир ахволда ташлаб кетадиганлардан эмасман.
-Сиз зўр одамсиз дадаси!-аёли орқадан унга энгашиб, елкаларидан силаб қўйди.
Улар катта йўлга чиқиб олгунларича туман хам анча сийраклашиб қолди. Қўқонга яқинлашганлари сари эса туман буткул тарқалиб кетибди. Тунги соат ўн бирларда уйларига етиб келишди. Уйда уч нафар қизлари қолган эди. Ухламай кутиб ўтиришган экан. Ота-оналари кириб келганда қандайдир ғайриоддий холатда кутиб олишди.
-Ие, қизларим,нега шу пайтгача ухламадиларингиз?-Нурзиё курткасини ечаркан катта қизидан сўради.
-Дада, биз вахлигинада ухлаб қолувдик. Аммо, тушимда бир одам мени уйғотворди.
-Хах, қизима, тушга нималар кирмайди. Ухловрмайсизларми?
-Дада, яхшиям уйғонибман. Қарасам, кўнглим айнияпти. Сув ичай деб газхонага кирсам газ ўчиқ, аммо вашшиллаб газ чиқиб ётибди. Биз ухлаганда газ ўчиб ёнган экан. Агар уйғонмаганимда сингилларим билан газда димиқиб ўларканмиз.
-Тавба деб гапир Гули,-онаси унга яқинлашди.
-Рост ая, газ ўчиб ёнибди, билмабмиз. Мен газни ўчириб, деразаларни очиб ташладим. Бир соатдан кейин деразаларни беркитиб, газни ёқдик. Қаранг, хали исиб улгурмади, сизлар келиб қолдингиз.
-Ким уйғотди сизларни?-Нурзиё қизиқиб сўради.
-Хеч ким уйғотмади дада. Тушимда кўчада кетаётгна эканман. Бир пайт ортимдан келган машина чийиллатиб тормоз босди. Қарасам оқ рангли машина шундоққина ёнимда турибди . Номериям аниқ кўринди, 809 эди рақами.
-Нима?!- Нурзиё гох хотинига гох қизига тикиларди. Аёли хам анграйиб турар, бир ярим соатча олдин ўзлари ёрдам қилган машина рақами шундоққина кўз ўнгида эди.
Дониёр Аҳмаджонов.

gif

Комментарии

Комментариев нет.