ИБРАТЛИ ХАЕТИЙ ВОКЕАЛАР

ЧИН ДИЛДАН ҚИЛИНГАН ДУО
Рамазон ойида сахарликдан кейин ухламасликка ҳаракат қилар эдим. Сабаби турмуш ўртоғим давлат ишида ишлар эдилар, ишларига вақтида кечикмасдан боришлари учун бомдод намозини ўқиб, иш вақтигача ухлаб олардилар. Уларни уйғотиб, ишга юборганимдан кейин мен ҳам дам олардим.
Рамазон кунларидан бирида сахарликдан кейин Қуръон ўқишни ўрганиш мақсадида Ёсин сурасини ўқишни бошладим. Суранинг бошидан ярим бетини ўқиб, ҳар қанча уринмайин қолганини хеч ўқий олмадим. Ўзи Қуръонни тўлиқ ўқишни ҳам билмасдим. Ёсин сурасини бошидан ярим бетни ҳарфларини бир бирига уриштириб ҳижжалаб, зўрға ўқидимда, қолганини ўқиёлмасдан йиғлаб юбордим... Хўрлигим келиб, қалбимдан ўксиб, Оллоҳга йиғлаб дуо қилдим, ўша ҳолатимни тарифлаб беролмайман. "Меҳрибон Оллоҳим, илтимос, менга шу каломингни ўқишни осон қилгин, биласан мени бирор илмли инсондан илм олишга имконим йўқ, менга илм олишга рухсат беришмайди, аммо мен жуда ҳам Сенинг каломингни ўқишни истайман. Оллоҳим, тилимдаги тугунни ечиб юборгин ва менга шу каломингни ўқишни Ўзинг ўргат. Оллоҳим, Ўзинг бандам мендан сўрасин, сўраганини бераман дегансан, мана мен Сенинг ваъдангга ишониб сендан илтимос қилиб, ёлвориб сўраяпман, меҳрибоним, ваъдангни чинга(ростга) чиқар ва мени дуойимни қабул қилиб, менга шу каломингни ўқишни ўргатгин", деб йиғлаб дуо қилдим.
Дуойимни Оллоҳ албатта қабул қилишига ишондим ва озроқ дам олиш учун ухладим. Ўша куни тушимда бир оппоқ кийимдаги инсон олдимга келди ва хонтахта устидаги ўша мен ўқиёлмаган Қуръонга ишора қилди ва Ёсин сурасини китобни очиб ўқи деди. Мен бу сурани ўқиёлмайман, роса ҳаракат қилиб ҳам ўқиёлмадим, сизга қандай ўқиб бераман десам, ўша оқ кийимли инсон менга яна Оллоҳни номи билан ўқи деди. Мен унинг гапини қайтаролмасдан Ёсин сурасини очиб Бисмиллаҳни айтиб ўқий бошладим. Тушимда сурани тўхтамасдан ўқидим, ўзим ҳам хурсанд бўлиб кетдим.
Бу туш бехикмат эмас деб ўзим яхшиликка бурдим-да, ўрнимдан туриб таҳорат қилиб келиб Қуръонни очиб, Ёсин сурани очдим ва Оллоҳга таваккал қилиб ўқий бошладим. Субҳаналлоҳ! Тушим аниқ чиққан эди, ўнгимда ҳам Ёсин сурасини бир ўтиришда анча вақтда бўлса-да ўқиб тугатдим. Шу-шу Қуръонни қўлимдан қўймасдан секин Бақарадан бошлаб ўқишни ўргандим.
Орадан йиллар ўтиб ўғлим 13, 14 ёшга кирганда шаҳримиз масжидига хўжайинимлар Қуръонни тажвид билан тўри ўқишни ўрганиши учун олиб бориб бердилар. Ўғлим устозидан тажвидни ўрганиб келарди, мен ва қизим уйда ўғлимдан тажвидни ўрганиб, авалги хатоларимизни тўғрилаб олардик. Алҳамдулиллаҳ ҳозир шу хайрли тушни кўрганимга ва Ёсин сурасини тўлиқ ўқишни ўрганганимга ҳам бир пастда 21 йилдан ошибди.
Буни сизларга ёзишимдан мақсадим, ҳамма нарсани имконини қилса бўлади, имконсиз нарсанинг ўзи йўқ иншааллоҳ. Илм олишда ва Қуръонни ўрганишда ҳам баҳона қилмаслик керак, инсон астодил ҳаракатда бўлса, албатта Оллоҳ унинг йўлидаги ҳамма тўсиқларни очиб юборар экан. Алҳамдулиллаҳ ҳозир оиламизда барчамиз Оллоҳнинг каломини Ўзи қодир қилганича ўқиймиз. Оллоҳ барча мусулмон диндошларимизга ҳам Ўзининг каломини ўқиб, унга амал қилишида ёрдам берсин.
Фотима

Комментарии

  • 6 июл 2016 02:45
    .Ниятни халол ва чиройлик к,илиб нишонга олсангиз ~ Аллох, сизни ку'злаган мак,садизга ~ бешикаст етк,изиб к,уяди..